Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Яна Умар Хайём ва рубоийлар ҳақида

13:35 / 30.10.2014 | "Зикр Аҳлидан Сўранг" | 3131

Хурматли Шайх жаноблари!

Сизнинг «Зикр аҳлидан суранг» деб номланган китобчангизни ўкиб, Умар Ҳаём рубоийлари мавзуси юзасидан менда савол туғилди. Чунки унда билдирилган баъзи фикрларга мен асло кўшила олмас эдим. Шунинг учун ўз фикримни билдириб, ушбу мавзу юзасидан савол билан мурожаат қилмоқдаман. Энди мавзуга қайтсак. Менинг саволим аввалам бор ушбу рубоийлар Умар Ҳаёмга тегишли ёки тегишли эмаслиги ҳақида эмас, балки Умар Ҳаёмники эмас, деб айтилаётган рубоийлар мавзуси ва бошқа мутафаккирларнинг шу каби рубоийлари ҳақидадир. Биз шарқшунослик олигоҳида ўқиб юрган пайтимизда Умар Ҳаём, А. Навоий, Жомий, Хофиз Широзийларнинг баъзи рубоийларини қўлдан келганича таҳлил қилар ва шу билан бир қаторда уларнинг ҳаёт ва ижодларини ўрганар эдик. Шунинг учун Умар Ҳаём аввалида математик ва астроном эканлигини ва у яратган календар ҳозирги замон техникаси билан ҳисоблаб тайёрланган календардан кичиқ бир фарқ қилишини яхши билар ва афсуски, кўпчиликка фақат у рубоийлари билан машхур эканлигини ҳам яхши тушунар эдик. Уларнинг асарларини таҳлил қилишдан мақсад А.Навоий «маъно аҳли маънога, суврат аҳли сувратга боқар», деб айтганидек суврат аҳли бўлиб колмаслик эди. Энди Сиз жавобингизда бу рубоийлар, бошқа шахслар, яъни унинг душманлари -ботинийлар томонидан Умар Ҳаём обрўсига путур етказиш учун ёзилган, деб таъкидлаб ўтгансиз ва шунингдек, бу рубоийлар ислом душманлари орасида исломга путур етказиш учун тарғиб этилган, ва эски совет империясида ҳам кенг тарғиб қилинди. Чунки «бу жамият дунёдаги энг ароқхўр жамият эди…..» деб ёзиб ўтгансиз ва бу рубоийлар унга тегишли эмаслигини шу масала юзасидан ишлар олиб борган олимларнинг манбаларидан далиллар келтириб, таъкидлаб ўтгансиз. Энди саволга келсак. Бизда ва Эронда Умар Ҳаёмники, деб талқин қилиб келинган қуйидаги рубоийлар Умар Ҳаёмники эмас деб талқин қилинаётган рубоийлар тўпламида борми ёки йўқми? Йўқ бўлса, унда аниқ бу рубоийлар уники бўлиб чиқади ва агар бор бўлса, унда рубоийларга нисбатан берилаётган таснифни ўзгартиришга тўғри келади - сабаб: бу рубоийлар асло муаллифнинг обрўсини тўкмайди. Чунки бирор бир инсонни бадном қилиш ва обрўсини тўкиш учун унинг номидан ёмон асарлар, ғазаллар, рубоийлар ва шеърлар ёзиш лозимдир. Энди мисолларга келайлик

Май ичсам эгилиб колади тиззам, Ўйласам гуноҳ эмаску, саждаку бу ҳам. Азалдан биларди буни ўзи ҳақ, Шаккоклик эмасми агар ичмасам? Умар Ҳаём (Ш.Шомуҳамедов таржимаси)

Маъноси: Илму маърифат йўли огирлигидан тиззам эгилиб колади. Уйласам бу ҳам ибодатни бир куринишику, илм олмок фарз эканлигини азалдан хак таоло билар эди ва агар илмга маърифатга интилмасам шакоклик эмасми. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, май сўзини, рубоий мазмунига қараб, таҳлил қилиш лозим. Чунки май деганда «ҳақикат майи» «ишқ майи» «васл майи» «маърифат майи» тушуниш мумкин. Абдураҳмон Жомий ўзининг «Лавомиъ» деган асарида май билан муҳаббат орасидаги ўхшашликлардан унтасини баён қилган. Биринчиси, май ўзининг аслий ўрни бўлмиш хум ичидан ўзганинг таъсирисиз ўзидан-ўзи қайнаб, ўзининг кўрсатишга ҳаракат қилганидек, ошиқлар кўнглидаги ишқ ҳам ташқи бир сабабсиз ғалаён қилиб, зуҳур этишга интилади. Иккинчиси, май ҳз зоти ҳаддида муайян бир шаклга эга эмас, қайси идишга қуйилса, шу идишнинг ички шаклини олади. Худди шунингдек, ишқ Аслан мутлақ бўлиб, унинг зуҳури муҳаббат аҳлининг қобилияти ва истеъдодига яраша содир бўлади. Ошиқлар орасидаги тафовут ишқнинг зотий хусусиятига эмас, уларнинг кўнгил идишига боғлиқдир. Учинчи ўхшашлик шундан иборатки, майнинг ҳам, ишқнинг ҳам сирояти ялпи жараёндан иборатдир. Май ошиқнинг ҳамма аъзосига таъсир қилганидек, ишқ ҳам ошиқнинг қону жонига кириб, унинг бутун вужудини эгаллаб олади. Тўртинчиси, май узининг ичкувчисини, ишқ севгучини марду саҳий қилиб куяди. Аммо май мати пулни аямаса, ишқ масти жону жаҳонини, бору йуғини бахшида қилади. Бешинчи ўхшашлик, май ҳам, ишқ ҳам кишини қўрқмас ва ботир қилиб қўяди. Лекин май ботирлиги оқибатни кўрувчи ақлнинг мағлуб бўлишидан бўлса, ишқ шижоати ҳақикат нурининг ғолиблигидандир. Биринчиси, шахсни фалокату ҳалокатга олиб боради, иккинчиси абадий хаёту саодатга бошқаради. Олтинчиси, май ҳам, ишқ ҳам киши бошидан кибру ҳавони ўчиради ва ниёзу тавозуга туширади. Бироқ ичқиликнинг оқибати хорлигу разолатдир, пок ишқ натижаси иззату шарофатдир. Еттинчиси, май ҳам, ишқ ҳам сирни фош қилади. Асрлар давомида аён бўлган ҳақикату маърифат сирларини ишқ юзага чиқарган. Саккизинчиси, май ҳам, ишқ ҳам кишини беҳуд қилади. Аммо май бехушлиги нодонлик ва ғафлатнинг энг тубан даражасидир, ишқ бехудлиги эса сезгирлик ва огоҳликнинг энг олий мартабасидир. Туққизинчиси, майпараст майни ичгани сари, яна кўпрок ичкиси келади, ишқпараст ҳам ишқ дардига мубтало бўлган сари, яна ортиқроқ берила боради. Лекин ичкувчи борган сари, одамийлик қиёфасини йўқота боради, севгувчининг эса инсоний фазилатлари орта боради. Унинчиси, май ҳам, ишқ ҳам номусу хаё пардасини кўтаради. Бироқ ичган ўзидан ўзгани ҳақорат қилиб, халққа озор беришдан уялмайди, севган эса узгалар учун ўзини хору зор қилишдан ор қилмайди. Демак, ишқнинг май билан ўхшаш жиҳатлари кўп, лекин оқибат жиҳатидан улар бир-бирига тамоман зид экан.

Ўзни доно билган у уч-тўрт нодон Эшак табиатин қилур намоён. Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл, Бўлмаса «кофир» деб қилишар эълон Умар Ҳаём (Ш.Шомуҳамедов таржимаси)

Маъноси: «Зикр аҳлидан сўранг» китобчангизда Сиз ҳам баъзилар уни дахрий, кофир деб ҳам эълон қилдилар, деб айтиб ўтган эдингиз ва бу рубоий ана шунга ухшаш аҳмоқларга қаратилган бўлиб, агар улар билан ҳамсуҳбат бўлганингда, ўз фикрингни очиқ баён этма, бўлмаса улар сени кофирга чиқаришади, деб огоҳлантирмокда.

Дилим илмлардан маҳрум бўлмабди, Бир сир қолмадики, мафҳум бўлмабди. Туну кун ўйладим етмиш икки йил: Онгладим-ҳеч нарса маълум бўлмабди. Умар Ҳаём (Ш.Шомуҳамедов таржимаси)

Маъноси: Биламизки, Умар Ҳаём милодий тахминан 1048 йилда туғилиб 1122 йилда оламдан ўтган. Яъни тахминий ҳисобларга кўра 74 йил умр кўрган. Бу буюк аллома яъни ориф инсон, ҳам диний ва ҳам дунёвий билимлар эгаси, инсоннинг билиш доираси чегараланганлигини ва инсон қанчалар чуқур билим эгаси бўлгани сари шунчалар ожизлигини хис этишини такидлаб ўтмокда.

Май нодонга харому, донога ҳалол, Ким-ла, қачон ичмак мумкин, билиб ол. Шул уч масалани ҳал эта олсанг, Демак билимдонсан, сипқор бемалол. Умар Ҳаём (Ш.Шомуҳамедов таржимаси)

Маъноси: Илм нодонга харом, донога еса халол, чунки биламиз - илм ёмон ниятли кимсаларнинг қўлига тушса, у илмни албатта ўз манфаати йўлида ишлатиб кўп инсонларни бошга бало олиб келади. (Динамитни кашф этган Нобель динамитни нафақат ўзининг моддий аҳволини яхшилаш, балки инсон меҳнатини ҳам енгиллаштириш йўлида ўйлаб топган бўлиб, унинг бу кашфиёти ёмон ниятли кимсаларнинг қўлига тушганида кўпларнинг ёстиғини ҳам қуритди, шунинг учун бўлса керак, ким инсоният манфаати йўлида бирор бир нарса ихтиро этса, унга бу ихтироси учун мукофот шаклида моддий рағбатлантириш учун ўз мол мулкини бир фонд шаклида қолдириб кетди ва шунингдек, героинни ўйлаб топган ноодам ҳам илмли инсон, лекин унинг илми фақат ёмонлик ва офат келтиради. Илмни айтиб ўтилган фикрларни назарда тутган ҳолда, кимдан қаерда олиш мумкинлигини билиб ол ва шуларни ҳал қила олсанг, демак сен тўғри йўлдасан ва хеч иккиланмай илм йўлида бўлгин дейилган.

Муфтий, сендан кура пуркорроқдирмиз Ўта маст бўлсак ҳам, хушёрроқдирмиз Биз ток қонинг ичамиз, сен одам қонин Инсоф қил, кайсимиз хунхурроқдирмиз. Умар Ҳаём(Ш.Шомуҳамедов таржимаси)

Маъноси: Эй, муфти сендан кўра инсонларга фойдаси тегадиган иш билан бандроқмиз Илму маърифат йўлида бўлсак ҳам, сендан кўра хушёрроқдирмиз (яъни охиратни унутмаган ҳолда) Биз илм- маърифат майини ичамиз, сен одам конин Ва инсофан айт қайси биримиз қонхурроқдирмиз. Бу мисолни ҳам бериб ўтишимдан сабаб, тарихда нафақат ислом оламида, балки христиан оламида ҳам, минг афсуслар бўлсин, кўпгина дин арбоблари салбий роль ўйнаб, илм-маърифат, дунёвий илмлар йўлини тусганлар ва бундан мақсад хур фикрликка йўл очмаслик ва шу оркали халқни оми қолдириш тарафдори эдилар. Сабаб, халқ қанча оми бўлса, уни назорат қилиш ва асл исломдан йироқ бўлган мақсадларига эришиш шунча осон кечар эди. Жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. «Илмни керак бўлса, Хитойга бориб ўрганинглар, деб умматларига мурожаат қилганлар». Бу билан Хитойга бориб ислом илми ва менинг суннатларимни ўрганинглар, деганлари эмаску, ва бу дунёвий илмларни ўрганишга чақириқ эди. Бу чақириқларга амал қилмаганлигимиз натижаси нималарга олиб келганлиги мендан кўра Сизга кўпроқ аёндир. Албатта, бундай ходисалар христиан оламида ҳам руй бериб, Рим черкови томонидан ташқил этилган «инквизиция» черков таъломотига ўхшамаган ёки хур фикрлаганларини гулханда ёқган. Масалан астроном Джордано Бруно ва ҳозирда унинг хайкали Рим шаҳрига ўрнатилган. Шунингдек, поляк олими Коперник инквизиция суроғидан чиқиб келиб, «Барибир у айланади!» деган эди. Ва сиз яхши билсангиз керак, Рим Папаси Иоанн Павел II чи узининг христиан оламига қилган мурожаатномасидан «инквизиция» хатолари учун Рим номидан кечирим сўраган эди. Энди рубоий мавзусига қайтсак, бу рубоий ана шундай дин арбобларга нисбатан айтилгандир. Чунки тарихдан маълум, Аббосийлар халифалиги даврида илм-маърифат чироғи ярқираб ёнди ва шу давр инерцияси билан яна бир-икки аср шуъла таратди ва сунди. Чунки, Форобий, Ибн Сино, Беруний, Ал Хоразимий, Умар Ҳаём, Замаҳшари ва шу каби кўпгина дунёвий илмларнинг тождорлари милодий ХII асрларгача яшаб ўтишган. XIV асрда яшаган юрдошимиз Мирзо Улуғбек қисмати ҳаммага маълум ва она заминимизда хурофот шу даражагача етган эдики, хатто у қурдирган обсерватория харобага айлантирилди ва V аср инсонлар хотирасидан кўтарилди ва XX аср бошида рус совет олими Вяткин ушбу обсерваторияни очиб, дунёга танитди. Энди мавзуга қайтсак, агар бу рубоийларни Умар Ҳаём номини бадном қилиш учун айтилган десак, хато қиламиз, чунки бу рубоийларнинг мазмуни ожизона таҳлилимизга кўра, обрўсини тўкиш урнига балки оширади ва унга нисбатан маъно аҳли томонидан тасаннолар айтилади. Агар тушунмаганлар суврат аҳли бўлса, бу рубоийларнинг муалифида Умар Ҳаёмми еки бошқами айб йўқ, чунки у бошқалар каби тор доирада ўйлай олмас ва ички хис туйғуларини истиора (метафора) шаклида билдирар экан. Тўғри, унинг баъзи рубоийлари ва савол юзага келишига сабаб бўлган тўртликни ҳам талқин қилиб бериш жуда кийин масала ва агар уни тўғри тушунаётган бўлсак ҳам, ахир тафаккур юритадиган ҳар бир билим эгасида унинг илм даражаси ва кузатишлари натижасида ички ғалаёнлар, бир бирига зид ва турли ноанъанавий фикрлар (Ал Хоразимий ва Замаҳшарилар танқид қилинган ва қувгинга учраган муътазилийлар йўлида эдиларку!) юзага келиб туришини ва шунингдек, ожиз билимимизни шу рубоийлар муаллифи билими билан бир тарозга қўйиб улчамаслик кераклигини унутмаслик лозим. Энди шу мавзуга ўхшаш бошқа матафаккирларнинг шеъри услубда ёзилган фикрлари билан танишиб чиқсак.

Зоҳид сенга хуру менга жонона керак Жаннат сенга бўлсин, менга майхона керак. Майхона аро соқию паймона керак Паймона неча бўлса тўла яна керак.

А. Навоий Маъноси: Зоҳид сен жаннат хурлари илинжида хотин ва бола чақадан кечасан ва хурлар сенга бўлсин, аммо менга эса ҳақ жалла жалолоҳунинг жамоли керак. (Жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ибодат уч турли бўлади. Биринчиси яратгувчидан бирор бир нарсани таъма қилиб, иккинчиси ундан қўркиб, учинчиси эса уни севиб ва ибодатнинг аълоси уни севиб ибодат қилишдир. Афсуски, биз деярли ҳамиша биринчи ва иккинчи турида ибодат қиламиз ва жаннатни сўраб, хурларни ўйлаймиз, унинг жамолини кўриш эса энг катта мукофот эканлигини эса ҳаёлимизга ҳам келтира олмаймиз: сабаб - биз нафсимизнинг қулимиз). Жаннат сенга бўлсин, менга маърифат маркази керак Маърифат марказида илму маърифат тарқатгувчи ва маърифат косаси керак Маърифат косаси қанча бўлса яна шунчаси керак.

Бу ердаги тушуниш мушкулрок бўлган «жонона» сўзининг таснифини олайлик. Фалсафий шеърда «жонона» ёки «жонон» деганда борликнинг коинот ва ундаги мавжудотнинг узлуксиз ҳаракатини таъминлаб, бор қилиб туриш сифати тушунилади ва биз имон келтирганлар бу сифат фақат Оллоҳгагина мансублигини эътироф этамиз.

Гул даврида ич боданиким, оқил эмастур Хар кимки, бу кун дунёда хушёр топилса Абдурахмон Жомий

Маъноси: Гул давридан мурод яна уша умр баҳори, яъни кишининг илм урганиб, хунар эгаллайдиган ёшлик даври ва бода, яъни майдан максад маърифатдир. Бинобарин, бу байтни баҳорни ичқиликбозлик қилиб кунгилни айнитиб, бошингни оғритиб ўтказ, деб эмас, балки умрдан яхши хосил олиш учун унинг гул давридагидек гуллайдиган ҳосилга замин тайёрловчи ёшлик даврида ичкилик эмас, маърифат бодасини ич, кимки бу дунёда ичкилик туфайли эс-хушини йўқотмаган бўлса-ю, хунар ўрганиб илм олиб ҳақикат сирларини билишга интилиб, камолот хосил этишга ҳаракат қилмаса, уни аклли киши деб бўлмайди.

Алоё аййуҳа-с-соқий, адир каъсан ва новилхо Ки ишқ аввал намуд осон, вале уфтод мушкулҳо

яъни: Қани, эй соқий, бир косани айлантириб, уни менга ҳам етказ, чунки ишқ аввал осон кўриниб, кейин кийинчиликлар юз берди. Бу байтдаги соқийдан мурод маърифат тарқатувчи кишидир. Косадан мақсад маърифатдир, ишқ эса маърифат ишқидир. Бинобарин, бу байтнинг ҳақикий мазмуни шундай бўлади: Эй, маърифат ошиқларининг устози, маърифат идроки менга аввал осондек куринган эди, аммо бунинг кўпгина кийинчиликлари чиқиб, менинг унга бўлган ишқимни сусайтирмокда. Шунинг учун сен даврангга йиғилган шогирдларингни, жумладан, мени, маърифат сирларидан бир озгина огох қилиб, совиётган кўнглимизни қиздиргин. Шунингдек, Абдураҳмон Жомий «Эй бодапарастан дар-и майхона кужо аст», яъни «Эй майпарастлар, майхонанинг эшиги каерда», бу дегани эй маърифат истагувчилар маърифат уйининг эшиги каерда деган маънони билдиради ва Навоийнинг «Кофермен агар қилмасам ошом кадах» каби мурожаати эса кофирман, агар хар кеча маърифат косасидан сипқирмасам, деган маънони билдиради. Юқорида бериб ўтилган баъзи рубоийлар, байтлар ва майнинг истиора маънолари академик олим Алибек Рустамовнинг «Сўз хусусида сўз» номли одобнома китобчасида чиройли қилиб тушунтириб берилган ва бу китобча 1987 йили «Ёш гвардия» нашриёти томонидан чоп этилган. Демак, совет даврида ҳам, маъно аҳли юкорида бериб ўтилган рубоийлар ва байтлар мазмунини аниқ талқин қилиб, китобхонларга тақдим этишга харакат қилишган. Бу билан совет даврида фақат кадах кўтариш учун бу рубоийлар босиб чиқарилган ва фойдаланилган десак хато қиламиз, чунки маъно аҳли совет даврида ҳам бу ижодларнинг асл маъноларини тушунар ва тушунтиришга ҳаракат қилар эдилар. Суврат аҳли бўлиб бу ижодлардан ўринсиз фойдаланганлар эса ўзларига зарар қилганлар. Мен аминман, Сизнинг мухлисларингиз жуда ҳам кўп бўлиб, мен ҳам улардан бириман. Балки мен шошиб, бу ҳақида ёзган тўлиқ маълумотингизни ўқимай туриб, саволлар билан мурожаат қилаётгандирман, аммо совет даврида илм йўлида бўлган олимларнинг шархларини унутсак, уларга нисбатан ҳам адолатсизлик бўлар эди. Шунингдек, Умар Хаймники эмас, деб талқин қилинаётган рубоийларни тушуниш учун тайергарлик кераклиги, чунки адабиётда баъзи фалсафий фикрлар истиора (метафора), яъни бошқа нарсалар билан кўчма маънода берилишини айтиб ўтиш лозим. Сабаб, кўп инсонлар «Зикр аҳлдан сўранг» китобчангизни ўқиб, адабиётдан узоқ бўлганликлари учун умуман бошқача кабул қилиб, ушбу тупламдаги ҳамма рубоийлар бемаъни эканлигини, чунки Шайх жаноблари шундай демокдалар дейишаётганини куриб, ташвиш тортдим ва ушбу хатимни ёздим. Эътиборингиз ва жавобингиз учун рахмат.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Ассалому алайкум Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Аввало сизни асл номингизни билмаганим учун шарқшунос деб атаганим учун кечирим сўрайман. Ўзингизнинг танитишни истамаётганингизнинг сабаби мен учун номаълум. Аввал ҳам бир неча саҳифада ушбу мактубни уйимга юборган эдингиз. Унда ҳам номнингиз йўқ эди. Мен ёзувингизни ўқиб номи шарифингиз йўқлигидан ажабландим. Жавобни кимга йўллашни билмай қийналдим. Оила аъзоларимдан сўраб ҳам мактубнинг эгаси ёки келтирувчисини топа олмай хуноб бўлдим. Бу саҳифага эътирозингизни йўллаб яхши қилибсиз. Афтидан масала сизнинг ҳаёт мамот ишингизга айланиб қолганга ўхшайди. Лекин ўзингизнинг кимлигингизнинг яшириш ундан ҳам муҳим шеқилли. Сизнинг бу масаладаги тушунчангиз бизга номаълум. Аммо бизнинг тушунчада тортишаётган одамдан кимлигини яшириш яхши эмас. Аслида сизга ўхшаш номи йўқ жанобларга жавоб берилмайди. Аммо шундай бўлса ҳам бир неча эътиборлар борлиги учун қисқача жавоб беришга, Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолда, ҳаракат қиламан. Менимча, сиз «Зикр аҳлидан сўранг»даги ўзингиз эътироз билдираётган мавзуни нима сабабдан ва қандай асосда ёзилганини тушуниб етмаган кўринасиз. Сиз мени ўзингиз мисол тариқасида келтириб шарҳлаган шеърларни истиора ва бошқа бунга оид нарсаларни билмаганим учун Умар Хайёмники эмас дейишликда айбламоқдасиз. Буни ҳам бир ёққа қўйиб енгил тарафини оладиган бўлсак, ўша нарсаларни билмайдиган одамларда нотўғри тасаввур ҳосил қилишда айбамоқдасиз. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Сиз ўзингиз шарқлик бўла туриб ғарбликлардан уларнинг қоидаси, услуби ва дунёқараши асосида ўрганган нарсангизни биз аслимизни тутган ҳолда асл қоида, услуб ва эътиқод асосида ўрганганмиз. Бунга сиз мен билан тортишаётган масалага оид бўлган масалага боғлиқ нарасалар, араб тили ҳам, Ислом дини ҳам, тасаввуф ҳам, ақоид илми ҳам, тарих ҳам ва ўтганларнинг асарларини ўрганиш ҳам киради. Шунинг учун Аллоҳ бизга мазкур байтлар ҳақида сиз билмаган нарсаларни ҳам билдирган. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Мен ёзган нарсаларингизни бирма бир таҳлил ва танқид қилмоқчи эмасман. Бунга имконим бўлса ҳам, вақтим йўқ. Лекин фақат бош масалага тўхталиб ўтмоқчиман. Мен мазкур байтлар Умар Хайём раҳматуллоҳи алайҳига тегишли эмаслигига илмий асосдаги манбаларга суянган ҳолда очиқ – ойдин далиллар келтирган эдим. Сиз бўлса, шеърнинг байтларидан унинг кимники экани ҳақида ҳукм чиқармоқдасиз. Бу илмий қоидага тўғри келадими? Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Сиз мазкур рубоийлар Умар Хайёмники деган даъвони қиладиган бўлсангиз, аниқ далил ва ҳужжат билан уларни у кишининг оғзидан эшитган ёки ёзган қўлёзмасини авлоддан авлодга ўтказиб келган адолатли кишиларнинг гувоҳлигини келтиришингиз ва бошқа бир қанча талабларга жавоб беришингиз керак бўлади. Буни сиз ҳам, бошқалар ҳам қила олмайсизлар. Аксинча, мазкур рубоийлар Умар Хайёмники эмаслигини Муббашир Тарозий раҳматуллоҳи алайҳи илмий асосда исбот қилиб ва ўзини билганларни тан олдириб қўйганлар. У кишига қилган бу савобли ишлари ўша пайтда кўзга кўринган мусулмон арбоблар, жумладан, доктор Абдулваҳҳоб Аззом, Миср муфтийси ва катта уламолар жамоаси аъзоси Ҳасанайни Муҳаммад Махлуф ҳазратлари ва бошқалар ташаккур мактублари ёзганлар. Мазкур матнлар Муббашир Тарозий раҳматуллоҳи алайҳининг китоблари охирида келтирилган. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Муббашир Тарозий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг мазкур китобларида Умар Хайём тирик пайтида шеър айтмагани, вафотидан кейин ҳам рубоийлар ҳақида гап бўлмагани, булар ботинийлар авж олганда пайдо бўлгани, мазкур рубоийларни сони ҳақида ҳам ихтилоф борлиги каби кўплаб маълумотларни эринмай таҳлил қилганлар. Сиз ҳам ўзингиздаги нусхани олиб ким, қачон, қаерда, кимдан таржима қилганини. Асл нусха қаерда эканини ва бошқа шунга ўхшаш илмий маълумотларни ўрганиб чиқинг. Эҳтимол ўз фикрингизга далил топиб ўша рубоийларни Умар Хайём раҳматуллоҳи алайҳи қаламига мансублигини исбот қиларсиз. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Сиз мақтаётган замонда рубоийлар нима ниятда нашр ва тарғиб қилиган эди? Кишиларни Аллоҳнинг динига ва муҳаббатига чақириш учунми? Тақвога, ибодатга, зикрга, ҳалолликка, ароқхўрликдан юз ўгиришгами? Ёки аксинчами? Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Ботинийларнинг иши шундай бўлади. Икки тарафлама маънони ифода қилувчи гапларни ёки тақвога оид гапларини келтириб туриб уларнинг ичига куфр, ширк ва нифоқни киритиб қўядилар. Бошқача қилиб айтганда, заҳарни асалга ўраб тақдим қиладилар. Сиз келтираётган байтлар икки тарафлама маъноли эканини ўзингиз эътироф қилмоқдасиз ва уни ботиний маъносини шарҳини ҳам келтиришга мажбур бўлмоқдасиз. Биз ҳам сизга қўшилиб одамларга истиора ва бошқа қоида ҳамда сир асрорларни тушунтириб байтларни англатишга ҳаракат қилишга тайёрмиз. Аммо бу борада сиз билан биз катта муаммога дуч келамиз. Рубоийлар ичида сиз билан биз қанчалар уринмасак ҳам маъносини бошқа тарафга буриб бўлмайдиганлари чиқиб қолади. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Бу фикрнинг далили учун сизнинг ташвишга солган маълумотни эълон қилишга мажбур қилган саволдаги байтнигина келтириш билан кифояланишга ижозат бергайсиз. Азалдан лойимни қорганда худо Биларди феълимдан не бўлур пайдо. Ҳукмидан ташқари эмас гуноҳим Хўш, нечун маҳшарда беради жазо? Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Бунисига нима дейсиз? Қазои қадарга бўлган комил иймон дейсизми? Ёки Аллоҳнинг илми чексизлиги ва унинг бандани мажбурлашга даҳли йўқлигига ишонч деб айтасизми? Ёхуд Аллоҳнинг иродасига таслим бўлиш деб баҳолайсизми? Аммо аҳли Исломларнинг барчаси; аввалгисию кейингиси, ақоид илми бобокалонлари, фақиҳлар, муҳаддислар, муфассирлар, оқию қораси барча барчаси буни бир овоздан бу бутун оламга татийдиган куфр, ширк, нобакорлик, қазои қадарни инкор қилишлик, Аллоҳнинг илми чексизлигини тан олмаслик, Одил Аллоҳнинг адолатсиз деб айблаш ва куфрнинг бошларидан бири бўлган жабрия мазҳаби деб айтадилар. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Мўмин – мусулмонларнинг барча уламолар жумҳури милионта ақийдага мос байтнинг ичида битта шу каби шаккок байтни топса унинг эгасининг иймонида шубҳага тушадилар. Сиз нима қиласиз? Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Мўмин – мусулмонлар Умар Хайём раҳматуллоҳи алайҳини соф ақийдали, тақводор зот бўлган, у киши бу каби гапларни айтиши мумкин эмас дейдилар. Сиз нима дейсиз? Жавоб беришдан олдин яхшилаб ўйланг, аввал айтганларингизга тескари гапириб қўйманг. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Менинг сизни ташвишга солган маълумотларни тақдим қилишга чорлаган нарса ушбу ва бунга ўхшаш бошқа байтлар туфайли Умар Хайём раҳматуллоҳи алайҳига қўйилган ва қўйилаётган айбларни рад этиш эди. Истиора ва бошқа гапларнинг ўз ўрни бор эди. Саволга яраша жавоб берган эдим. Сиз гапни бошқа ёққа бурибсиз. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Сизнинг ёзганларингизни бирма бир жавобини берганимда, номи шарифингизни яшириб чора тадбир кўрган бўлсангиз ҳам, ўзингиздан ўзингиз уялиб қолар эдингиз, иншааллоҳ. Лекин бир гапни айтмай ўтсам бўлмайдиганга ўхшайди. Сиз «…тарихда нафақат ислом оламида, балки христиан оламида ҳам, минг афсуслар бўлсин, кўпгина дин арбоблари салбий роль ўйнаб, илм-маърифат, дунёвий илмлар йўлини тўсганлар ва бундан мақсад хур фикрликка йўл очмаслик ва шу орқали халқни оми қолидириш тарафдори эдилар» дебсиз. Қаранг, олдин ислом оламини айтиб кейин христиан оламини ҳам иккинчи даражали қилиб қўшибсиз. Кўпгина мусулмон дин арбобларининг илм – маърифатга қарши жиноятларига Мирзо Улуғбек раҳматуллоҳи алайҳининг фожеасини мисол келтирибсиз. Аммо аввалги шўро давридаги каби Улуғбекни Хўжа Аҳрор номли диний реаксион жоҳил шахс ўлдирган демабсиз. Чунки энди бу гапни айта олмайсиз. Сир фош бўлган. Улуғбек ва унинг расадхонаси исломдан узоқлашган сиёсатчиларнинг қурбони бўлган. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Сиз тарозининг палласини тенглаштириш ниятида иккинчи ўринган сураётган христиан оламидаги каби Ислом оламида дин томонидан «тафтиш маҳкамалари» тузилиб дунёвий илм соҳибларини жодудан ўтказиш, ўтга ёқиш, анвойи азобларга солиб қатл қилиш ҳолатлари бўлмаган. Агар бу каби ишларни бўлгани ҳақида умумий гаплардан ҳужжат ва дилилингиз бўлса таҳлил қилишимиз мумкин. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Сиз айблашда Ислом оламидан кейинги ўринга қўйганингиз христиан оламидаги «тафтиш маҳкамалари» ва улар орқали амалга оширилган ишлар ҳам айнан сиз қоралаётган мусулмон дин арбоблари раҳбарлигида Овропада саккиз юз йил илм – маърифат, фан ва маданият нурини таратган Андалус Ислом давлатига бориб таълим кўриб келган христиан маърифатпарварларига қарши иш сифатида бошланганини ҳам ёдингизга солиб қўйишга ижозат бергайсиз. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Ислом ва мусулмон дин арбобларни коммунистик мафкуранинг иши давом эттириб дунёвий илмга қаршиликда, ҳур фикрликка йўл очмасликда ва шу орқали халқни оми қолдириш каби айбларда айблаш бугунга келиб сийқаси чиққан сафсатага айланиб қолганини ҳам сизга эслатиб қўймоққа ижозат бергайсиз. Муҳтарам номи номаълум шарқшунос жаноблари! Сизга ташаккурлар изҳор қилишга ижозат бергайсиз. Шу билан бирга ёқмаган гаплар айтилган бўлса маъзур тутгайсиз. Сизнинг шарқшуносликдан бошқа сифатингизни билмаганим учун шундай мурожат ва муомала қилганимни айбга буюрмайсиз. Келажакда номи шарифингизни яширмассиз деган умидда бўлишга рухсат сўраймиз. http://islom.uz/content/view/370/138/

Топ рейтинг www.uz Openstat