Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Рибо ҳақида

07:45 / 08.11.2015 | zaripov muslim | 2831

Ассалому алайкум! Устозлар аввало сизлардан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин. Фоизга пул олиш ва беришни ҳаромлиги ҳақида бир неча акаларимизга тушинтирсам, улар “берганники ҳаром бўлиши мумкин, лекин олганники нима учун” дейишди. Мен уларга тушунтирдим, лекин улар “агар мени онам оғир касал бўлса, ҳеч вақойим бўлмаса, шунда ҳам олишлигим ҳаромми” деди. Шунга нима деб жавоб бериш мумкин?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Сизга устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратларининг “Кифоя” китобларидан иқтбос келтирсак кифоя қилади деган умиддамиз.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:
الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُواْ إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا وَأَحَلَّ اللّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا فَمَن جَاءهُ مَوْعِظَةٌ مِّن رَّبِّهِ فَانتَهَىَ فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللّهِ وَمَنْ عَادَ فَأُوْلَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ۝
«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган. Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар» (275-оят).
Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги бошқа бир оятда:
 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَذَرُواْ مَا بَقِيَ مِنَ الرِّبَا إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ۝
«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг», деган (278-оят).
عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ رضي الله عنه ، قَالَ: نَهَى النَّبِيُّ  صلي الله عليه وسلم عَنْ ثَمَنِ الْكَلْبِ، وَثَمَنِ الدَّمِ، وَنَهَى عَنِ الْوَاشِمَةِ وَالْمَوْشُومَةِ، وَآكِلِ الرِّبَا وَمُوكِلِهِ، وَلَعَنَ الْمُصَوِّرَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг баҳосидан, қоннинг баҳосидан, хол қўювчиликнинг баҳосидан ва хол қўйдиришдан, рибо ейишдан ва беришдан қайтардилар ва суратчини лаънатладилар».
Бухорий ривоят қилган.
عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه ، قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم آكِلَ الرِّبَا وَمُؤْكِلَهُ وَكَاتِبَهُ وَشَاهِدَيْهِ، وَقَالَ: «هُمْ سَوَاءٌ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ва икки шоҳидини лаънатладилар ва: «Улар баробардирлар», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисдан рибо қанчалар ёмон нарса эканини яна ҳам аниқроқ англаймиз. Унга аралашган ҳар бир киши Аллоҳнинг лаънатига қолишини билиб оламиз:
1. «Рибохўр...»
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани еган одам албатта У Зоти таолонинг лаънатига қолиши табиий бир ҳол.
2. «Унинг едирувчиси...»
Рибо берувчи ҳам Аллоҳнинг лаънатига қолади, чунки у ҳаром қилинган йўл билан молиявий муомала қилди. Ҳолбуки, ҳалол йўл билан тасарруф қилиши керак эди.
3. «Котибини...»
Яъни рибо муомаласини ёзиб, ҳужжатлаштирган шахс. Чунки у Аллоҳ ҳаром қилган ишга хизмат қилди. Шундан касб қилди. Ҳаром ишнинг юришига ҳисса қўшди.
4. «Икки шоҳидни...»
Рибо муомаласига шоҳид бўлиб турган одам ҳам гуноҳкордир. Чунки у ҳам ҳаром иш учун хизмат қилди, унинг ривожига ҳисса қўшди. Бу ишга гувоҳ бўлишга рози бўлгани ўша ҳаром ишни тан олганининг аломатидир.
Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat