Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Боин талоқ

21:31 / 25.12.2015 | Valiyulloh | 2197

Ассалому алайкум! Қанақа ҳолларда боин талоқ тушади? Шуни тушинтириб берсангизлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Талоқ икки қисмга бўлинади:
Ражъий талоқ ва боин талоқ.
1. Ражъий талоқ.
Ҳақиқий духул – жинсий яқинликдан кейин, очиқ-ойдин лафз билан қилинган, турли сифатларни қўшмасдан, киноя лафзи билан қилинган ва ҳокимнинг ҳукми ила нафақа бермаслик ва ийло сабабидан қилинган бир ёки икки талоқ ражъий талоқ бўлади.
Бундай талоқдан кейин эр талоқ қилинган хотинни ўз никоҳига иддаси ичида, агар хотин рози бўлмаса ҳам, қайтариб олиш ҳаққига эга. Бунинг учун эр «Хотинимни ўзимга қайтариб олдим» ёки «Хотинимни никоҳимда ушлаб қолдим», деса ёхуд қўлини ушлаши, ўпиши ва ҳоказолар кифоя қилади. Янгитдан маҳр бериш, ақди никоҳ қилишнинг ҳожати йўқ.
Энг муҳим шарт шуки, қайтиш хотиннинг иддаси чиқмай туриб бўлиши керак. Шунингдек, эр талоқнинг боин бўлишига сабаб бўладиган «уни қайтиб никоҳимга олмайман»га ўхшаш гапларни гапирмаган бўлиши ҳам керак. Агар идда чиққунча, яъни уч ҳайз ёки ҳомилани қўйиш муддати ичида қайтмаса, талоқ боинга айланиб қолади. Унда янгитдан ақди никоҳ қилиш зарур бўлади.
2. Боин талоқ.
Бу хилдаги талоқ иккига бўлинади:
А) Кичик боин.
Б) Катта боин.
Кичик боин талоқ ақди никоҳдан кейин жинсий яқинлик қилмай туриб, киноя лафзларига «шиддат», «қаттиқ», «катта» каби васфларни (сифатларни) қўшиб қилинган, хотин томонидан берилган мол эвазига қилинган, қози томонидан ийло ва эрдаги нафақа бермасликдан бошқа айб, келишмовчилик каби сабабларга кўра қилинган бир ёки икки талоқдир. Шунингдек, ражъий талоқ ҳам идда чиққанидан кейин боин талоққа айланиб қолади.
Боин талоқдан кейин эр-хотин ажрашган ҳисобланади. Шунинг учун боин талоқ қилган эр ўша хотин билан бирга турмаслиги, бегона каби муомала қилиши керак бўлади. Бу талоқ бир ёки икки дона бўлса, эрнинг уч талоқ ҳаққи худди ражъий талоқ каби бир ёки икки ададга қисқаради. Кичик боин талоқдан кейин эр ёки хотин вафот этса, бир-биридан мерос ола билмайдилар. Чунки ораларидаги никоҳ узилган бўлади.
Катта боин талоқ уч талоқдир. Бу талоқдан кейин никоҳ мулки тугайди, хотин эрга муваққат ҳаром бўлади. Уларнинг орасида иддадан бошқа ҳеч нарса қолмайди.
Хотин яна биринчи эрига ҳалол бўлиши учун иддаси чиққанидан кейин бошқа эрга саҳиҳ никоҳ ила тегиши, улар тўлақонли эр-хотин бўлиб яшашлари, иккинчи эр вафот этиб ёки талоқ қилиб, аёлнинг иддаси чиқиши лозим. Шундан кейингина аввалги эри билан хоҳласа, янгидан никоҳланишлари мумкин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رضي الله عنه ، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم قَالَ: «تَجَاوَزَ اللهُ لِأُمَّتِي مَا حَدَّثَتْ بِهِ أَنْفُسَهَا، مَا لَمْ تَكَلَّمْ بِهِ، أَوْ تَعْمَلْ بِهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ менинг умматимдан ўзига ўзи, ичида гапирганини, модомики талаффуз қилиб айтмаса ёки амалга оширмаса, кечиб юборди», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, биров ичида «Хотинимни талоқ қилдим», деса, талоқ тушмайди. Аммо овоз чиқариб айтса, талоқ бўлади. Бир киши ўз хотинига «Сен талоқсан», деса, талоқ тушади. Ундан «Нима учун, нима ниятда бу гапни айтдинг?» деб сўраб ўтирилмайди.
Шунингдек, гапира олмайдиган одам ишора билан талоқ қилса ҳам, талоғи тушади.
Хат ёзиш йўли билан талоқ қилса ҳам, тушади.
Бировни хабарчи қилиб юбориб, ўша орқали талоқ хабарини етказса ҳам, талоқ тушади.
Шунинг учун бу нарсада жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.
وَعَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم قَالَ: «ثَلَاثٌ جِدُّهُنَّ جِدٌّ، وَهَزْلُهُنَّ جِدٌّ: النِّكَاحُ، وَالطَّلَاقُ، وَالرَّجْعَةُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳнинг, талоқнинг ва ражъатнинг», дедилар».
Абу Довуд,Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Ораларида никоҳ тўғри бўладиган шахслар ҳазиллашиб ақди никоҳ қилсалар, никоҳ собит бўлади. Худди шунингдек, ҳазиллашиб қилинган талоқ ҳам тушади. Хотинини бир ёки икки ражъий талоқ қилиб юрган одам идда ичида «Сени ўзимга қайтариб олдим», деса, ражъат – қайтиш ҳам собит бўлади. Чунки бу ҳолларда ўзи билиб туриб, қасд қилиб айтган бўлади.
Ислом ҳаётга, хусусан, оилавий ҳаётга ўта жиддият билан қарайди. Эр-хотин орасидаги никоҳ алоқасини муқаддас алоқа сифатида кўради. Муқаддас нарсаларни ҳазил-ҳузулга айлантириш эса мутлақо мумкин эмас. Ҳазил қиладиган бўлса, келиб-келиб энг муқаддас алоқалардан бири билан ҳазиллашадими? Бир аёлнинг бегона бир эркакка ҳалол бўлиши осон нарса эканми?
Аллоҳ таоло Бақара сурасида талоқ ҳукмини баён қилувчи оятлардан бирида: «Аллоҳнинг оятларини эрмак қилманг», деган (Бақара сураси, 231-оят).
Бундан никоҳ, талоқ масаласи Аллоҳ таолонинг ояти эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ислом динида Аллоҳ таолонинг оятлари ҳазил, ўйин-кулги ҳолига тушиб қолишига ҳеч йўл қўйилмайди.
Мусулмон киши ҳаётга жиддий қарасин. Ўзининг оиласини ўзи ўйинчоқ қилиб қўймасин. Ўз хотини билан бўлган шаръий муносабатларини, икки бир-бирига ҳаром шахсни ҳалол қилган никоҳ алоқасини ўйинчоқ қилган одам ҳар қандай жазога лойиқ. Унинг ҳазиллашиб айтган сўзи ила талоқ тушиши ҳам жоиздир. Лекин ҳазил қилмай, хато қилиб, бошқа сўзни айтмоқчи бўлиб туриб, тилига бехосдан «талоқ» сўзи келиб қолса, талоқ тушмайди.(“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам.

http://fiqh.uz/index.php/oilam-turmush/nikoh-taloq/667-talo-a-sabab-b-luvchi-s-zlar />
http://fiqh.uz/index.php/oilam-turmush/nikoh-taloq/357-talo-a-ida />
http://fiqh.uz/index.php/oilam-turmush/nikoh-taloq/252-ajol-talo-ini-s-rasa

Топ рейтинг www.uz Openstat