Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Фаришта деб исм қўйиш

06:32 / 13.02.2016 | Nuriddin Boboqulov | 5837

Ассалому алайкум! Ҳурматли узтозлар сизлардан Аллоҳ рози бўлсин. "Излаш хизмати"дан жавоб тополмадим. Бир яқин қариндошимиз қизига "Фаришта" деб исм қўйган. Шу исмда қолдирса бўладими ёки ўзгартиргани яхшими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Уч фирқа, Аллоҳ таоло ўзига фарзанд тутган деган нарсани даво қилишган. Яҳудийлар Узайр алайҳиссаломни, насоролар Ийсо алайҳиссаломни “Аллоҳнинг ўғиллари” дейишган. Наъузубиллаҳ. Араб мушриклари эса “Фаришталар Аллоҳнинг қизлари” деб даво қилишган. Аллоҳ таоло яҳуд ва насороларнинг даволарига раддия билдириб :

وَقَالُواْ اتَّخَذَ اللّهُ وَلَدًا سُبْحَانَهُ بَل لَّهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ كُلٌّ لَّهُ قَانِتُونَ ۝  بَدِيعُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَإِذَا قَضَى أَمْراً فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُن فَيَكُونُ

116. Ва: «Аллоҳ фарзанд тутди», – дедилар. У Зот покдир. Балки осмонлару ердаги барча нарсалар Уникидир. Ҳамма Унга бўйсунувчидир.
117. У осмонлару ернинг беназир қилиб яратувчисидир. Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» – дейди, холос, бас, у бўладир.
Кофирларнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан қилган энг катта беодобликлари, туҳматлари шуки,
«Аллоҳ фарзанд тутди», – дедилар».
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу туҳматни ҳадиси қудсийларидан бирида «сўкиш» деб баҳолаган.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:
«Аллоҳ таоло «Одам боласи мени ёлғончи қилди, шуни қилмаса бўларди. Одам боласи мени сўкди, шуни қилмаса бўларди. Мени ёлғончи қилгани – уни қандай бўлса, шундай қилиб қайта тирилтира олмайди, деб ўйлайди. Мени сўккани – «Боласи бор», дейиши. Мен хотин ёки бола олишдан покдирман», – деб айтди», – деганлар.
Кофирлар ушбу ояти каримада келганидек, «Аллоҳ Ўзига фарзанд тутди», – дейдилар.
Бу оятлар нозил бўлаётган пайтда мусулмонлар билан юзма-юз тўқнашиб турган уч тоифа кофирларнинг барчаси ҳам улкан жиноятга бориб, Аллоҳга туҳмат қилишарди:
Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», – дейишарди;
Насоролар: «Ийсо Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», – дейишарди;
Кофирларнинг учинчи гуруҳи бўлмиш мушриклар: «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», – дейишарди.
Ҳозирги замон мусулмон уламоларидан шайх Абул Ҳасан Надавий ҳазратлари бу ояти кариманинг улкан мўъжизаси ҳақида қуйидаги маънони ёзганлар. Оятда «Улар: «Аллоҳ Ўзига фарзанд тутди», – дерлар», – дейиляпти. Бу жумладан «Аллоҳнинг насли бор», яъни «Ундан фарзанд туғилди», деган маъно келиб чиқмайди. «Ўзидан туғилмаган шахсни асранди фарзанд қилиб олди», деган маъно чиқади.
Тарихни яхшироқ ўрганиб кўрилса, диний маҳзабларга чуқурроқ назар солинса, насоро мазҳабларидан баъзилари «Ийсо Аллоҳнинг тутинган – асранди ўғли», деб эътиқод қилишар экан. Қуръони Карим илоҳий китоб бўлмаганида, бу нозик тарафларни ким билар эди?!
Кофирларнинг бу бўхтонларига қарши оятнинг давомида ва кейинги оятда Аллоҳ таоло бешта раддия билан жавоб қилмоқда:
«У Зот покдир. Балки осмонлару ердаги барча нарсалар Уникидир. Ҳамма Унга бўйсунувчидир. У осмонлару ернинг беназир қилиб яратувчисидир. Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» – дейди, холос, бас, у бўладир».
1.«Субҳанаҳу» сўзининг ўзи «Аллоҳ пок бўлди, юқори бўлди,
уларнинг айтганлари бекор» деган маъноларни англатади. Шунинг
учун ҳам биз уни «У пок бўлди», деб тушунсак ҳам бўлади.
2.«Балки осмонлару ердаги барча нарсалар Уникидир».
Яъни ҳамма нарсага эга бўлиб турган Зотнинг фарзандга ҳожати бўлармиди?
3.«Ҳамма Унга бўйсунувчидир».
Яъни ҳамма Аллоҳнинг бандасидир, фарзанди эмас. Ҳамма Унга бўйсуниб турганда, Унинг фарзандга ҳожати қолармиди?!
4.«У осмонлару ернинг беназир қилиб яратувчисидир».
Яъни Аллоҳ таоло уларни йўқдан пайдо қилувчи Зотдир. Осмонлару ернинг нималигини инсон ҳалигача тўла англаб етгани йўқ. Аллоҳ эса уларни йўқдан бор қилган. Шундай улуғ Зот, албатта, фарзандга ҳожатмандликдан пок ва юқоридир.
5.«Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» – дейди, холос, бас, у бўладир».
Яъни Аллоҳ фаришталарни яратишними, Узайр ёки Ийсо алайҳиссаломларнинг дунёга келишлариними, нимани ирода қилса, «Бўл!» – дейди. Ва айтганидай бўлади. Тамом. Бошқа гапга, ҳар хил тахмину бўҳтонларга ҳожат йўқ.
Исломий тасаввурдан бошқа тасаввурлар ва фалсафаларнинг катта хатоси Холиқ (яратувчи) билан махлуқ (яратилмиш) орасидаги фарқни тушунмасликдадир. Ислом назарияси бўйича, махлуқлар тамом бошқа, Холиқ тамом бошқадир. Холиқнинг асло ўхшаши йўқ, Уни тасаввурга сиғдириб ҳам бўлмайди, махлуққа қиёсан таърифланмайди ҳам. Яъни Аллоҳнинг хотини ҳам, фарзанди ҳам бўлиши мумкин эмас.
Ҳозирги кунда «Аллоҳнинг фарзанди бор» деган эътиқодга асосланган динга ишонувчилардан кўплари динларини тарк этмоқда. Баъзи мазҳабларнинг бошлиқлари бу эътиқоддан воз кечишни таклиф этмоқдалар.("Тафсири Ҳилол" китобидан “Бақара” сураси)

Араб мушрикларига раддия билдириб :

وَيَجْعَلُونَ لِلّهِ الْبَنَاتِ سُبْحَانَهُ وَلَهُم مَّا يَشْتَهُونَ

57. Улар Аллоҳга қизларни мансуб қилишур – У покдир – ўзларига эса кўнгиллари тусагани (эмиш).
Мушрикларнинг яна бир улкан нобакорликлари бор:
«Улар Аллоҳга қизларни мансуб қилишур...»
Мушрикларда «Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир» деган бузуқ эътиқод бор эди. Ушбу оятда уларнинг ўша эътиқодлари танқид қилинмоқда.
«У покдир».
Аллоҳ «қизи бор» деган айбдан покдир. Чунки фарзандга муҳтож бўлиш нуқсондир. Аллоҳнинг ҳеч қандай нуқсони йўқдир.
«…ўзларига эса кўнгиллари тусагани (эмиш)».
Яъни «Мушрикларга кўнгиллари тусаган ўғил фарзандлар эмиш».
Жоҳилият даврида қиз фарзанд ор-номус ҳисобланар эди. Шунинг учун мушриклардан ҳеч ким қиз фарзанд кўришни хоҳламас эди.("Тафсири Ҳилол" “Наҳл” сураси)

أَفَأَصْفَاكُمْ رَبُّكُم بِالْبَنِينَ وَاتَّخَذَ مِنَ الْمَلآئِكَةِ إِنَاثًا إِنَّكُمْ لَتَقُولُونَ قَوْلاً عَظِيمًا

40. Роббингиз сизларга ўғилларни хос қилиб бериб, фаришталарни Ўзига қиз қилиб олдими? Албатта, сизлар улкан гапни айтмоқдасиз.
Араб мушриклари қиз фарзандни ҳеч ёқтирмас эдилар. Бошқа оятларда зикр қилинганидек, улардан қиз кўргани қаттиқ хафа бўлиб, юзи қорайиб кетар эди. Қиз фарзанди бўлишини ўзига ор деб биларди. Шунинг учун кўпинча қиз фарзандларни тириклайин кўмиб юборар эдилар.
Ақийданинг бузуқлиги нималарга олиб боришини қарангки, қиз фарзанд тўғрисида шунчалар салбий эътиқодда бўла туриб, араб мушриклари, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, деб эътиқод қилишар эди. Ояти каримада уларнинг мазкур нотўғри ақийдалари инкор этилмоқа. Уларга инкор хитоби ила:
«Роббингиз сизларга ўғилларни хос қилиб бериб, фаришталарни Ўзига қиз қилиб олдими?» – дейилмоқда.
Ўғилни ҳам, қизни ҳам Аллоҳнинг ўзи беради. Лекин мушриклар қўлларидан ҳеч нарса келмаса ҳам, ўзларича ўғилларни ўзларига, қизларни Аллоҳга, деб ҳукм чиқарадилар.
«Албатта, сизлар улкан гапни айтмоқдасиз».
Сизларнинг бу гапларингизнинг ёмонлиги улкан гапдир, одобсизлиги улкан гапдир, журъати улкан гапдир, уйдирмалиги улкан гапдир, гуноҳи улкан гапдир.("Тафсири Ҳилол" китоби “Исро” сураси)

Аллоҳ таоло фаришталарнинг ким эканлиги борасида баён қилиб : 

وَقَالُوا اتَّخَذَ الرَّحْمَنُ وَلَدًا سُبْحَانَهُ بَلْ عِبَادٌ مُّكْرَمُونَ

26. У(мушрик)лар: «Роҳман фарзанд тутди», – дедилар. У покдир. Йўқ! Икром этилган бандалардирлар.
Турли замон мушриклари «Аллоҳнинг фарзанди бор», – деб, ҳар хил нотўғри эътиқодда бўлганлар. Яҳудий мушриклар «Узайр Аллоҳнинг боласи», – деганлар. Насоро мушриклар «Масиҳ Аллоҳнинг боласи», – деганлар. Араб мушриклари эса «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», – деганлар. Ҳа, мушриклар Аллоҳга боласи борлик нисбатини бердилар.
«У(мушрик)лар: «Роҳман фарзанд тутди», – дедилар».
Бу оятда гап араб мушриклари ҳақида кетмоқда. Улар: «Аллоҳ фаришталарни ўзига қиз қилиб олди», – дедилар.
«У покдир».
Аллоҳ бу нуқсондан покдир. Ўзига фарзанд тутиш эҳтиёжи инсонда бор. Аллоҳда йўқ. Бу иш Аллоҳ учун нуқсон ҳисобланади. У эса бундан покдир.
«Йўқ! Икром этилган бандалардирлар».
Йўқ, мушрикларнинг гапи нотўғри. Фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмас, балки икром этилган бандаларидир.

لَا يَسْبِقُونَهُ بِالْقَوْلِ وَهُم بِأَمْرِهِ يَعْمَلُونَ

27. Ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар.
Фаришталар шунчалик одобли, шунчалик итоатли, шунчалик Аллоҳни улуғлайдиларки, ҳатто Унинг олдида бирор оғиз сўз айтишга ботинмайдилар. Аллоҳ нимани амр қилса, фаришталар сўзсиз амалга оширадилар.

يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يَشْفَعُونَ إِلَّا لِمَنِ ارْتَضَى وَهُم مِّنْ خَشْيَتِهِ مُشْفِقُونَ

28. У Зот уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Улар фақат У Зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У Зотдан қўрқиб, хавфда турурлар.
Аллоҳ таоло фаришталарнинг келажакдаги ишларини ҳам, ўтган замонда қилган ишларини ҳам яхши билади. Яъни Аллоҳ таоло уларни Ўз илми ила иҳота қилгандир.
«Улар фақат У Зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар».
Яъни фаришталар қиёматда шафоат қилсалар, фақат Аллоҳ рози бўлган шахсларгагина шафоат қила оладилар.
«Улар У Зотдан қўрқиб, хавфда турурлар».
Фаришталар шунчалик иззатли, доимо ибодатдаги бандалар бўлсалар ҳам, Аллоҳдан қўрқиб, ҳамиша титраб турадилар.
Ана шундай фаришталарни «Аллоҳнинг қизи», «шериги» деб бўладими?("Тафсири Ҳилол" китобидан “Анбиё” сураси).

Баъзи одамлар хаёлида фаришталар аёл жинсидан ёки насороларнинг фикрлашлари каби курагида қаноти бор ёш гўдак каби тушунишади. Бу икки фикр ҳам нотўғридир. Аёлларни фаришталарга ўхшатиш ҳам нотўғридир. Исмни ўзгартириш керак. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat