Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Поклик ҳақида

14:24 / 03.02.2016 | damashq | 978

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, бизнинг ишимиз сабзавот маҳсулотларини юклаб тушириш. Иш жараёнида кийимлармизга картошка, пиёз, сабзи ва карамларнинг ачиган жойлари ёпишиб, қорайиб доғ бўлиб, бироз ҳиди ҳам бўлади. Шу кийимда номоз ўқисак бўладими? Жавобларингиз учун олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Нарса кўринадиган нажасдан сув ва ҳар қандай кетказувчи суюқлик билан нажаснинг ўзини кетказиш ила пок бўлади.
Бадангами, кийимгами, маконгами ёки бошқа бирор нарсагами, кўзга кўринадиган нажас тегса, ўша нарса уни кетказиш ила покланади. Шу билан мазкур нарса пок бўлади. Кўнгилни равшан қилиш учун кетидан яна бир-икки марта ювиб ташлашни маслаҳат берган фақиҳлар ҳам бор.
Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдан олинган:

عَنْ أَسْمَاءَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتِ امْرَأَةٌ إِلَى النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم فَقَالَتْ: إِحْدَانَا يُصِيبُ ثَوْبَهَا مِنْ دَمِ الْحَيْضَةِ كَيْفَ تَصْنَعُ بِهِ؟ قَالَ: «تَحُتُّهُ ثُمَّ تَقْرُصُهُ بِالْمَاءِ ثُمَّ تَنْضِحُهُ ثُمَّ تُصَلِّي فِيهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Биздан биримизнинг кийимига ҳайзнинг қонидан тегиб қолади. Уни қандай қилиш керак?» деди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни ишқалайди, сўнгра сув билан ишқалайди, кейин эса сув билан ювади, ана шундан кейин унда намоз ўқийверади», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Гарчи кетиши қийин бўлган асари қолса-да.
Яъни нажосатни кетказиб, уни ювгандан кейин бирор изи қолса ҳам зарари йўқ. Аммо совун ёки унга ўхшаш воситалар ёрдамида асарини ҳам кетказиб юборилса, яна ҳам яхши бўлади.(“Кифоя” китобидан).
Юқоридаги ҳукмга биноан зарурат юзасидан ўша кийимда намоз ўқиш жоиз. Лекин бундай кийимда доимий намоз ўқишни одат қилиб олммаслик керак. Аллоҳ таоло “Аъроф” сураси 31-оятида марҳамат қилади :

يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

31. Эй Одам болалари! Ҳар бир ибодатда зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас.
Ўтган ояти карима тафсирида келганидек, ибодат-тавофни кийимсиз ҳолда қилиш ёхуд жанда, йиртиқ-ямоқ кийим билан бажариш ибодатнинг фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса кийинишда ҳаддан ошиб, фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, хароб ва табиатсиз ҳолда кийинишни ҳам қоралайди.
«Эй Одам болалари! Ҳар бир ибодатда зийнатингизни олинг».
Аввало, авратингиз тўсиқ ортида бўлсин, қолаверса, ибодат чоғи – Роббингиз ила бўладиган мулоқот чоғи гўзал алфозда бўлганингиз афзал. Ўтган баъзи азизлар ушбу амрга итоат маъносида намоз учун алоҳида гўзал кийим тайёрлаб қўйганлар.
«Еб-ичинг ва исроф қилманг».
Юқорида зикр қилинган бузуқ диндорликнинг бир кўриниши озиқ-овқатга муносабатда ҳам зоҳир бўлади. Баъзи бузуқ табиатли одамлар яхши таом истеъмол қилмасликни тақводорликнинг чўққиси сифатида кўрсатишга уринадилар. Аллоҳ таоло фақат емиш ғамида, доимо унинг лаззатлисини ахтарувчи қорин бандаси бўлишни қоралаганидек, лазиз таомлардан ўзини тийиб, сифатсизинигина ихтиёр қилишни ҳам қаттиқ қоралайди. Араб мушрикларида ҳаж мавсумида яхши таомларни емай қўйиш одати бор экан. Ояти карима ўша одатни ҳам танқид қилади.
«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас».
Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир.
Имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», – деганлар.
Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб билсалар, бошқа кишилар хусусан, бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда, емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу аслида тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб, қорин бандаси бўлиш ҳам Исломга, мусулмонга муносиб эмас.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Термизийлар Миқдом ибн Маъдийкараб Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», – деганлар.
Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражада зиёд истеъмол қилишнинг соғлиққа асорати яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига ушбу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Бу ҳақиқатни Қуръони Мажийддан узоқ бўлган ғайридинлар ҳам тушуниб етдилар. Қадимда яҳудийлардан бири хулафодан бирига: «Сизларнинг Қуръоннингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган», деб ушбу ояти каримани ўқиган экан. Минг афсуски, Қуръон аҳлиман, деб юрганлардан аксариятимиз бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat