Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ясин

19:38 / 12.01.2016 | Solijon ibn Abduqodir | 3267

Ассаламу алайкум! Аллоҳнинг ризолиги ҳаммамизга насиб этсин. Дадам менга кўп бора : “Мен вафот этсам қабрга қўйишгандан кейин сен қолиб “Ясин”ни бир неча марта ўқи” дейди. Бу гапда бирон ҳикмат борми? Бирор нарсадан умид қилинса бўладими? Ўзи қабрни олдида қолиб “Ясин” ўқиб ўтириш жоизми? 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Дафндан сўнг дафн қилинган шахсга мағфират тилаб дуо қилинади.
Имом Жалолиддин Суютий «Шарҳис-Судури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобларининг «Дафн пайтида айтиладиган нарсалар» бобида, жумладан, қуйидагиларни келтирадилар:

رَوَى الطَّبَرَانِيُّ عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الْعَلَاءِ بْنِ اللَّجْلَاجِ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: قَالَ لِي أَبِي اللَّجْلَاجُ أَبُو خَالِدٍ: يَا بُنَيَّ، إِذَا مِتُّ فَأَلْحِدْنِي، فَإِذَا وَضَعْتَنِي فِي لَحْدِي فَقُلْ: بِسْمِ اللهِ، وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللهِ، ثُمَّ شُنَّ عَلَيَّ التُّرَابَ شَنًّا، ثُمَّ اقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِي - بِفَاتِحَةِ الْبَقَرَةِ، وَخَاتِمَتِهَا - فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم يَقُولُ ذَلِكَ.

Табароний Абдурраҳмон ибн Алаа ибн Лажлаждан, у отасидан ривоят қилади:
«Отам Лажлаж Абу Холид менга: «Болажоним! Вафот этганимда мени лаҳадга қўй. Мени лаҳадимга кўйганингда «Бисмиллаҳи ва алаа миллати Расулиллаҳи», дегин. Сўнгра устимга тупроқ тортгин. Кейин бош тарафимда Бақаранинг аввали ва охирини қироат қилгин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шуни айтаётганларини эшитганман», деди».
Яна ўша китобнинг «Маййитга ёки қабрга Қуръон қироат қилиш» бобида имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:
«Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Бас, бу нарса ижмоъ бўлади. Буларнинг ҳаммасини Ҳофиз Шамсуддин Абдул Воҳид Мақдисий Ҳанбалий шу масала бўйича таълиф этган китобида зикр қилган.
Қабрга қироат қилишга келсак, унинг шариатда борлигига бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар жазм қилганлар.
Заъфароний: «Шофеъий раҳимаҳуллоҳдан қабр олдида қироат қилиш ҳақида сўрадим. «Ҳечқиси йўқ», деди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал буни аввал инкор қилар эди, чунки унга бирор ривоят етмаган эди. Унга ривоят етганда, ўз фикридан қайтган».
Имом Жалолиддин Суютийнинг «Шарҳис-Судури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобида зикр қилинган, имом Аҳмад ибн Ҳанбалга қабр устида қироат қилишга ҳужжат бўлган ривоятнинг қандай етганини шайх Абдулфаттоҳ Абу Fудда раҳматуллоҳи алайҳи «Саласу расоила фий истиҳбоби дуои ва рафъул ядайни фийҳи баъдас-салавотил мактуба» номли китобга ёзган муқаддимада ўқиймиз:
«Ибн Қайюм «Китобур руҳ»нинг аввалида (51-бетда) зикр қилади: «Халлол айтди:
«Ҳасан ибн Аҳмад Варроқдан, у Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилади:
«Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома Жавҳарий билан бирга жанозада эдим. Маййит дафн қилинганида, бир кўр киши қабр ёнида ўтириб, қироат қила бошлади. Шунда Аҳмад унга:
«Эй, сен! Қабрнинг ёнида қироат қилиш бидъатдир!» деди.
Мақбарадан чиққанимизда Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий ҳақида нима дейсан?» деди.
«Ишончли одам», деди.
«Ундан бирор нарса ёзганмисан?» деди.
«Ҳа», деди.
«Мубашшир менга Абдурраҳмон ибн Алаа Лажлаждан, у отасидан хабар берди. Ўша одам дафн қилинганидан сўнг бош тарафида Бақаранинг аввали ва охирини ўқишни васият қилган ва «Ибн Умарнинг шундай васият қилганини эшитганман», деган экан», деди.
Шунда Аҳмад унга:
«Қайтиб бориб, ҳалиги одамга айт, қироат қилаверсин», деди».
Имом Аҳмадни Аллоҳ раҳм қилсин. У билан ҳақнинг орасида адоват йўқ эди» (7-8-бетлар).
 Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки, сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тикиб олади. Кейин қабр ичидаги инсон Таборак сурасини охиригача қироат қилганини эшитиб, буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинганда, у зот:
«У (Таборак сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», деганлар.
Ўликнинг қабр ичида туриб, Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман қилиш керак?!
Шунинг учун бизда дафндан кейин Таборак сурасини қироат қилиш одат бўлган.
Бошқаларда, масалан, Либияда Ёсин сурасини қироат қилиш одат бўлган.
7. Қабрларни зиёрат қилиш.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, руҳ, яъни баёнга, нутқ қилишга ва хитобни фаҳмлашга қодир бўлган жон жасаднинг йўқ бўлиши билан йўқ бўлиб кетмайди. У мавжуд ҳолда бўлади. Ўлганларнинг руҳлари тўпланади. Азоб ва савоб ҳам руҳга, ҳам баданга бўлади. Руҳ бадандан ажраганидан кейин неъматланиши ёки азобланиши давом этади.
Маййитлар ўзларининг тирик яқинларининг ҳолини билиб турадилар. Уларнинг яхши ишларидан хурсанд, ёмон ишларидан хафа бўладилар.
Маййитлар ўзини зиёрат қилганларни билади ва у маъруф иш қилса, фойда, мункар иш қилса, озор олади.
 Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Бошқа мазҳаблар «Аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз эмас», деганлар.
Қабр зиёрати жума, шанба, душанба ва пайшанба кунлари бўлгани яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлади.
Зиёратчи Ёсин сурасини қироат қилиши мандубдир. Буни «Ал-Баҳру ар-Роиқ» китобининг соҳиби ва Зайлаъий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

قَدْ رُوِيَ عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم أَنَّهُ قَالَ: «مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ فَقَرَأَ سُورَةَ ﭬ خُفِّفَ عَنْهُمْ يَوْمَئِذٍ، وَكَانَ لَهُ بِعَدَدِ مَنْ فِيهَا حَسَنَاتٌ».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Ким мақбараларга кирганда Ёсин сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлари ривоят қилинган.

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ  رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  صلي الله عليه وسلم: «اقْرَءُوهَا عَلَى مَوْتَاكُمْ» يَعْنِي ﭬ . رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ.

Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўликларингизга Йаасинни қироат қилинг», дедилар».
Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шунингдек, "Фотиҳа" сураси, "Бақара" сурасининг аввалидан «муфлиҳун»гача, «Курсий» оятини, «Аманаррасулу»ни, "Таборак" сурасини, "Такаасур" сурасини, «Қул аъуузу бироббил фалақи» ҳамда «Қул аъуузу бироббиннаси»ни уч мартадан ва Ихлос сурасини уч, етти ёки ўн бир марта ўқиса ҳам, яхши бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади.
Қироатнинг савобини Расулуллоҳ алайҳиссаломга бағишлаш мустаҳабдир.(“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat