Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Юқсин-юқсин

07:56 / 28.02.2016 | Abdulloh Husayn | 3278

Ассалому алайкум! Халқимизда бирор киши янги буюм олган бўлса, бошқалар томонидан «Бизларга ҳам юқсин», деган иборани ишлатилади. Бу тўғримикан?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Албатта бу иборани шариат рухсат берган ўринларда ишлатилса, бундай дейишда хато йўқ. Ношаръий иш ёки нарсаларга «Бизларга ҳам юқсин» дейиш жоиз эмас. Бу гап аслида “неъмат берилган одамни кўриб, қалби эриган вақтда дуо ижобат бўлади” деган гапга бориб тақалади. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилади :

فَتَقَبَّلَهَا رَبُّهَا بِقَبُولٍ حَسَنٍ وَأَنبَتَهَا نَبَاتًا حَسَنًا وَكَفَّلَهَا زَكَرِيَّا كُلَّمَا دَخَلَ عَلَيْهَا زَكَرِيَّا الْمِحْرَابَ وَجَدَ عِندَهَا رِزْقاً قَالَ يَا مَرْيَمُ أَنَّى لَكِ هَذَا قَالَتْ هُوَ مِنْ عِندِ اللّهِ إنَّ اللّهَ يَرْزُقُ مَن يَشَاء بِغَيْرِ حِسَابٍ

37. Бас, уни Робби чиройли қабул қилиб, чиройли ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар сафар унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. У: «Эй Марям, сенга бу қаердан?» – деди. «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», – деди.
Меҳрибон онаизорнинг ихлосига яраша, холисона қилган назрига биноан, дуоларини қабул қилган ҳолда:
«Бас, уни Робби чиройли қабул қилиб, чиройли ўстирди...»
Яъни Аллоҳ таоло қиз бола бўлса ҳам, Марямни назр сифатида жуда яхши қабул қилиб олди ва у қизни ажойиб бир ҳолда ўстирди.
«…ва Закариёни унга кафил қилди».
Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётидан эдилар. Яҳудийларнинг «Ҳайкал» деб номланган асосий ибодатхонасининг хизматини қилиш шу авлодга насиб қилган эди. Ўша пайтда Закариё алайҳиссалом «Ҳайкал» ибодатхонаси бошлиғи эдилар. Шундай қилиб, Марям алоҳида эътибор остида муборак бўлиб ўса борди. Аллоҳнинг Ўзи унга иноят кўрсатиб турди.
«Закариё ҳар сафар унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди».
Табиийки, Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туриши лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирса, унинг ҳузурида ризқ турар эди. Бу ризқни ўзи келтирмаганини яхши билган Закариё алайҳиссалом ажабланиб, Марямга:
«Эй Марям, сенга бу қаердан?» – деди».
Пайғамбар Закариё алайҳиссаломники, таажжубга солибдими, демак, албатта, у ризқнинг манбаи эътиборга лойиқдир.
Марям эса бу манбадан хабардор, шунинг учун бамайлихотир:
«Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», – деди».
Бу манзарани кўриб туриб, бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда янгидан фарзандли бўлиш ҳаваси уйғонди:

هُنَالِكَ دَعَا زَكَرِيَّا رَبَّهُ قَالَ رَبِّ هَبْ لِي مِن لَّدُنْكَ ذُرِّيَّةً طَيِّبَةً إِنَّكَ سَمِيعُ الدُّعَاء

38. Шу чоғда Закариё Роббига дуо қилиб: «Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан», – деди.
Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг дуоларни эшитувчи эканига тўла ишонч билан дуо қилди. Шунинг учун ҳам одатда бефарзанд катта ёшдаги кишиларнинг фарзанд кўриши эҳтимолдан йироқ бўлса-да, Аллоҳ бу дуони қабул этди.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat