Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Кўз зиноси

08:48 / 31.08.2016 | Olimbek | 7328

Ассалому алайкум! Аввало, шунчали вақт ажратиб саволларимизга жавоблар ёзиб тўғри йўлдан юришимизга сабабчи бўлаётганингиз учун каттакон раҳмат. Сизни шундай сабабчи қилиб қўйган Аллоҳ Ўзи сизга ажру савоблар ато этсин. Ҳозирда кўз зиноси жуда катта муаммолардан бири дeсам адашмаган бўламан мeнимча. Ҳаттоки зeҳнимиз ҳам шу сабабдан ўтмаслашиб бормоқда. Албатта бунга сабаб бўлиб очиқ-сочиқ кийиниб юрган қизларга Аллоҳ ўзи инсоф бeрмаса биз бандалар ҳeч нарсага қодир эмасмиз. Лeкин айбни фақат қизларга ағдариб биз бeайбмиз дeмоқчи ҳам эмасман. Аксинча ўзимни ислоҳ қилиш учун шу гуноҳдан тийилишим учун Қуръонда буюрилган бирон бир дуо ёки оят бўлса айтсангиз дeб илтимос қилаётгандим. Мактубимда хатоликлар бўлган бўлса минг бор узр Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ҳар даврнинг ўз ҳукамо ва фуқаҳолари яшаб турган даврида гуноҳнинг энг асосий нуқтаси қайси эканлигини айтиб, унинг муолажасига қаттиқ киришадилар. Ҳозирги кунда машойихлар “валийлик кўзини номаҳрамдан тийишлик бўлиб қолган” дейишади. Бу қанчалик қийин бўлса, эвазига Аллоҳнинг ҳузурида бериладиган мукофот ҳам улкан эканлиги айтилади. Аллоҳ таоло “Нур” сураси 30-31-оятларида марҳамат қилади :

 قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ۝ 

Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир.

 Ушбу ояти каримада зинога сабаб бўлувчи энг бош омил – эркакларнинг номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийилишга ва фаржларини зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда. Бу дегани, эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомли қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғатади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради». Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим. Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», – деганлар. Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғатади. Шунингдек, бехосдан назар тушиши ҳам гуноҳ эмас. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ Бажарий розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», – деганлар. Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади. Имом Тобарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у(назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», – дейилган. Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон бирорта аёлнинг зийнатларига назари тушса-ю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», – деганлар. Эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтарувчи ушбу оятни нотўғри талқин қилиб, Аллоҳ эркакларни аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарган, аёллар ўзларини авайлаб, шаръий кийимда юришга амр қилинмаганлар, дейиш мутлақо нотўғридир. Чунки аёлларнинг ҳижобда юришлари лозимлиги ҳақида бошқа оятларда ҳукм бор. Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: – Уни кўрдингми? – деб сўрадилар. Мен: – Йўқ, – дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Сен уни кўргин, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади, – дедилар». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишига: «Сен уни кўргин, ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», – деганлар. Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солмоғида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланмоқ ниятида назар солади», – деганлар. Шунингдек, жиноятчини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказаётган шахслар ҳам мажбурият юзасидан аёл кишининг юзига қараса бўлади. Қози хусумат билан ёки гувоҳлик учун келган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида вазифа юзасидан қараши мумкин. Табиб ҳам тиббий мақсадларда қараши жоиз. Албатта, бу ҳолатларда синчиклаб қараш ҳақида сўз кетмоқда. Ояти каримадаги «ва фаржларини сақласинлар» ибораси фақат фаржни зинодан сақлашни эмас, бошқа ҳаром нарсалардан ҳам, жумладан, бошқаларнинг назари тушишидан сақлашни ҳам ўз ичига олади. Аввало, бировнинг авратига қарашдан кўзни тийиш керак. Оятда фақат эркакларнинг хотинларнинг аврат жойларига қараши тақиқланаётгани йўқ, балки эркак эркак кишининг авратига, аёл аёл кишининг авратига қараши ҳам ман этилмоқда. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак киши эркак кишининг авратига назар солмайди, аёл киши аёл кишининг авратига назар солмайди», – деганлар. Имом Абу Довуд ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига назар солма», – деганлар. Шу ўринда ўз-ўзидан «Эркак кишининг қайси жойлари аврат ҳисобланади?» деган савол келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг аврати киндигидан тиззасигача эканини айтганлар. Мусулмон эркак киши авратини бошқаларга кўрсатмаслиги лозимдир. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда саҳобалардан Журҳад Асламий: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ўтирган эдилар, сонимнинг очиқ турганини кўриб: «Сон аврат эканини билмайсанми?!» – дедилар», – деб айтганлар. Шунингдек, киши ўзи ёлғиз қолганида ҳам яланғоч бўлиб юриши яхши эмас. Имом Термизий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки фақат қазои ҳожат ва аҳлига яқинлашиш пайтидагина ажраладиган зотлар сизлар билан доимо биргадирлар». Яъни «Фаришталар доим сизлар билан бирга, улардан уялинг», – деганлар. Имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр этилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Ўз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит, – дедилар. Бир сўровчи: – Эй Аллоҳнинг Расули, агар бир киши ўзи холи бўлса-чи? – деб сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Аллоҳ таборака ва таоло Ундан ҳаё қилмоққа ҳақлироқдир, – дедилар». Бу эркакларга тегишли масалалар. Аёлларга тегишли масалалар эса қуйидаги оятда келади. «Эй Муҳаммад!

 وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوْ آبَائِهِنَّ أَوْ آبَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ أَبْنَائِهِنَّ أَوْ أَبْنَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي أَخَوَاتِهِنَّ أَوْ نِسَائِهِنَّ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُنَّ أَوِ التَّابِعِينَ غَيْرِ أُوْلِي الْإِرْبَةِ مِنَ الرِّجَالِ أَوِ الطِّفْلِ الَّذِينَ لَمْ يَظْهَرُوا عَلَى عَوْرَاتِ النِّسَاء وَلَا يَضْرِبْنَ بِأَرْجُلِهِنَّ لِيُعْلَمَ مَا يُخْفِينَ مِن زِينَتِهِنَّ وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ۝ 

Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар. Эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака-укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёлларидан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар. Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар». (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat