Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бошқа диндагилар

07:38 / 13.10.2016 | Azizxon | 1445

Ассалому алайкум! Мeн бир христиан динидаги одамни кўрдим. Ичмайди, чeкмайди яхши одам. Динига қаттиқ амал қилади. Шундай одамларни у дунёси қандай бўлади?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Улар Аллоҳни “учта нарсадан ташкил топган” дейишади. Бу эса Аллоҳ таолога қилинган тухматдир. Шунингдек Исо алайҳиссаломни ҳам илоҳ дейишади. Бу ҳам  туҳмат. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида марҳамат қилади : لَّقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَآلُواْ إِنَّ اللّهَ هُوَ الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ قُلْ فَمَن يَمْلِكُ مِنَ اللّهِ شَيْئًا إِنْ أَرَادَ أَن يُهْلِكَ الْمَسِيحَ ابْنَ مَرْيَمَ وَأُمَّهُ وَمَن فِي الأَرْضِ جَمِيعًا وَلِلّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا يَخْلُقُ مَا يَشَاء وَاللّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ۝ 17. «Аллоҳ – бу Масиҳ ибн Мар¬ямдир», деганлар, батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Уларга: «Агар Аллоҳ Масиҳ ибн Марямни, унинг онасини ва ер юзидаги барча кишиларни ҳалок этишни ирода қилса, ким У Зотдан бирор нарсага молик бўла олур? Ҳолбуки, осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У нимани хоҳласа, яратадир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир», – деб айт! Насоролар Аллоҳга берган аҳдларида вафо қилмаган энг бош масала – Аллоҳнинг тавҳидини қўйиб, ширкка бурилишлари эди. Уларнинг залолатга кетишларининг асосий масаласи шу бўлган. «Аллоҳ – бу Масиҳ ибн Мар¬ямдир», деганлар, батаҳқиқ, кофир бўлдилар». Аслида Ийсо алайҳиссалом пайғамбар бўлиб, тавҳидни, якка илоҳликни олиб келган эдилар. У кишига иймон келтириб, эргашганлар ҳам худди шу ақийдада эдилар. Аммо вақт ўтиши билан бошқа қавмларнинг, хусусан, бутпарастлик динидагиларнинг насронийлар динига кириши туфайли бу соф ақийдага футур ета бошлади. Аста-секин бошланган ихтилофлар кейинчалик авж олиб кетди. Баъзилари Ийсо – Масиҳ алайҳиссаломни Аллоҳнинг пайғамбари, дейишса, бошқалари: «У Расул бўлса ҳам, Аллоҳга алоҳида яқинлиги бор», – дейишди. Учинчилари эса: «У Аллоҳнинг ўғлидир», – деб даъво қилишди. Яна бошқалари: «У Аллоҳнинг ўғли бўлса ҳам, махлуқ эмас, қадимдан бор», – дейишарди. Бунга ўхшаган ихтилофлар жуда ҳам кўпайган пайтда 325 милодий санада ихтилофларга чек қўйиш мақсадида қирқ саккиз минг нафар диний билимдонлар иштирокида «Никия кенгаши» номли йиғилиш бўлиб ўтди. Бу кенгашда ҳам хилофлар авж олди. Охири бутпарастлик динидан насроний динига ўтган Рум императори Константин, ўзи насроний динидан бехабар бўлса ҳам «Масиҳ ибн Марям худодир» деган гапни маҳкам тутди ва бошқа фикрдагиларни қувғин қилишга тушди. Шундай қилиб, бутпарастлик ақийдаси насронийликка ўтди. Сўнгра яна бошқа ихтилофлар кучайди. Масиҳий динининг бузилишида вақти-вақти билан чақириб туриладиган «Муқаддас кенгашлар» катта вазифани бажарди. Кўнгиллари тусаганда бундай кенгашларни ўтказиб, ўзларига мос қарорларни чиқариб, мана шу дин, деб юраверадиган бўлишди. Шу билан бирга, бу қарорларга, хусусан, Масиҳ ибн Марямни «худо» деб эътиқод қилиш ҳақида чиққан қарорга норозилар ҳам бўлган. Ийсо алайҳиссалом худо эмас, худонинг пайғамбари деувчи насоролар ҳозирги пайтда айниқса, кўпайиб бормоқда. Энг қизиғи – улар Ийсо тўғрисидаги ақийданинг энг тўғриси Қуръонда эканини ҳам англаб етмоқдалар. Қуръони Карим эса бу масалани оддий мантиқни ишга солиб, муолажа қилган. Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб этиб: «Уларга: «Агар Аллоҳ Масиҳ ибн Марямни, унинг онасини ва ер юзидаги барча кишиларни ҳалок этишни ирода қилса, ким У Зотдан бирор нарсага молик бўла олур?..» – деб айт», – демоқда. Жавоб, албатта, аниқ: ҳеч ким! Ҳеч ким, ҳеч қандай зот Аллоҳнинг иродасига қарши чиқа олмайди. Аллоҳ таоло нимани хоҳласа, шуни қилади. «Ҳолбуки, осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг подшоҳлиги Аллоҳникидир». Унинг Ўзи ягона Молик, ягона Холиқ, ягона Шоҳ. Шу жумладан, Масиҳ ибн Марям ва унинг онасига ҳам Молик, Холиқ ва Шоҳдир. Аллоҳ таолонинг иродасига ҳеч ким монеъ бўла олмайди. «У нимани хоҳласа, яратадир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир». لَّقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَالُواْ إِنَّ اللّهَ ثَالِثُ ثَلاَثَةٍ وَمَا مِنْ إِلَهٍ إِلاَّ إِلَهٌ وَاحِدٌ وَإِن لَّمْ يَنتَهُواْ عَمَّا يَقُولُونَ لَيَمَسَّنَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِنْهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ۝ 73. «Албатта, Аллоҳ учтанинг биридир», деганлар батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Ягона Илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Агар айтаётганларидан қайтмасалар, улардан куфр келтирганларини албатта аламли азоб тутадир. Насроний динидагиларнинг мантиқсиз, ўзлари ўйлаб чиқарган, ҳақиқий диний таълимотни бузиб кўрсатадиган ақийдаларидан бири ушбу оятда муҳокама қилинмоқда. Улар: «Аллоҳнинг табиати бир-бирига тенг учта кўринишдан – Ота худо, ўғил худо ва Муқаддас руҳдан иборатдир. Ўғил худо, яъни Ийсо воситаси ила бутун махлуқот Ота худога улашади. Шу билан бирга, ўзларини тавҳид ақийдасида эканларини даъво қиладилар. Худди мана шу мантиқсизлик қадимдан насоролар ўртасида турли келишмовчиликларни келтириб чиқарган. Ҳозирги кунда одамларнинг масиҳий динидан четланишида ҳам худди шу сабаб бор. Бир оз ақлини ишлатган одам бу сафсатани мутлақо қабул қила олмайди. Чунки соғлом ақл далолат қилган нарса: «Ягона Илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ!» Бундан бошқа гапни айтиб, бузуқ эътиқод қилиб юрганлар ботил фикрларидан қайтмоқлари лозим: «Агар айтаётганларидан қайтмасалар, улардан куфр келтирганларини албатта аламли азоб тутадир». Бу муқаррар нарса. Бўлажак аламли азобдан ҳамма тириклик пайтида қутулиб олиши мумкин. Бунинг учун: أَفَلاَ يَتُوبُونَ إِلَى اللّهِ وَيَسْتَغْفِرُونَهُ وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝ 74. Аллоҳга тавба қилиб, Ундан мағфират сўрамайдиларми?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. У Зот тавба қилганларнинг тавбасини қабул этади. У Зот истиғфор айтганларнинг гуноҳини кечиради. Фурсат ўтмасдан аввал, бузуқ ақийдаларидан қайтиб, тавба қилсинлар, тўғри ақийда бўлмиш Ислом ақийдасига ишонсинлар ва ўтган гуноҳларини кечишини сўраб, Аллоҳга истиғфор айтсинлар. Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги тўғри эътиқод қуйидагича бўлади: مَّا الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ وَأُمُّهُ صِدِّيقَةٌ كَانَا يَأْكُلاَنِ الطَّعَامَ انظُرْ كَيْفَ نُبَيِّنُ لَهُمُ الآيَاتِ ثُمَّ انظُرْ أَنَّى يُؤْفَكُونَ۝ 75. Масиҳ ибн Марям бир расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Унинг онаси эса сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ер эдилар. Уларга оятларни қандай баён қилаётганимизга назар сол-у, кейин уларнинг қаёққа ўгирилиб кетаётганларига назар сол. Масиҳ ибн Марям кабилар йўқ эмас. Унга ўхшашлар дунёда кўплаб ўтган. Шунинг учун пайғамбарлик хусусиятлари ила оддий одамлардан бир оз ажралиб туриши унга эргашганларни у ҳақида турли бўлмағур ақийдаларни қилишга, ҳатто уни «худо» деб даъво қилишга олиб бормаслиги керак. «Масиҳ ибн Марям бир расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган». Масиҳ ибн Марямдан олдин ўтган кўплаб пайғамбарларда ҳам пайғамбарлик хислатлари, мўъжизалари ва сифатлари бўлган. Лекин уларни ҳеч ким Худо деб даъво қилмаган. Чунки ҳақиқат ўзи шу. Шунинг учун Масиҳ ибн Марямни ҳам Аллоҳнинг пайғамбари деб билиш зарур. «Унинг онаси эса сиддиқадир». Биби Марям бинти Имрон сиддиқа, яъни Аллоҳнинг айтганларини, амру фармонини тасдиқловчидир. Содиқ, пок бир бандадир. Бу кишини ҳам «она Худо» деб эътиқод қилиб бўлмайди. Демак, Масиҳ ибн Марямни ҳам, унинг онаси Марям Сиддиқани ҳам худо деб эътиқод қилиш хатодир. Биргина далилнинг ўзи уларнинг аслида ким эканликларини кўрсатади. «Икковлари ҳам таом ер эдилар». Бу оддий ҳақиқат. Бу ҳақиқатни энг ашаддий насоролар ҳам инкор эта олмайдилар. Марям кичиклигидан – ота-онасидан туғилганидан бошлаб одамлар ичида ўсди. Еб-ичди. Буни ҳамма кўрди. Бу ҳол у киши бу дунёдан ўтгунига қадар давом этди. Шунингдек, Масиҳ ибн Марям ҳам онасидан туғилгандан бошлаб кўпчиликнинг ичида бўлди. Доимо таом тановул қилди. Уни Аллоҳ таоло Ўзига кўтаргунгача шундай давом этди. Буни ҳам ҳамма кўрди. Энди ўйлаб кўрсинлар. Бошқа нарсаларни бир ёққа қўяйлик-да, ушбу оятда келган энг оддий далилни – таомни олайлик. Таомга ҳожати тушувчи одам Худо бўла оладими?! Овқат емаса, қорни очиб, заифлашадиган киши Аллоҳ бўлиши мумкинми?! Ҳожатмандлик бандага хос сифат. Шунингдек, таомга ҳожат тушиши, овқат емаса, қорин очиши, сув ичмаса, чанқаш бандага хос сифатлардир. Бинобарин, ҳаётлари давомида таом еб ўтган Масиҳ ибн Марям ва у кишининг оналари Марям Сиддиқалар ҳам Аллоҳ эмас, Аллоҳнинг бандаларидирлар. Бу жуда ҳам оддий мантиқ. Ҳеч қандай ўйлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо: «Уларга оятларни қандай баён қилаётганимизга назар сол-у, кейин уларнинг қаёққа ўгирилиб кетаётганларига назар сол». Жуда ҳам ажабланарли ҳол. Кейинги оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, насороларнинг ақийдалари бузуқлигига яна бир ҳужжат келтирилади: قُلْ أَتَعْبُدُونَ مِن دُونِ اللّهِ مَا لاَ يَمْلِكُ لَكُمْ ضَرًّا وَلاَ نَفْعًا وَاللّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ۝ 76. Сен: «Сиз учун на зарар ва на фойдага молик бўла олмайдиган Аллоҳдан ўзга нарсага ибодат қиласизларми?! Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир», – деб айт. وَإِذْ قَالَ اللّهُ يَا عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ أَأَنتَ قُلتَ لِلنَّاسِ اتَّخِذُونِي وَأُمِّيَ إِلَهَيْنِ مِن دُونِ اللّهِ قَالَ سُبْحَانَكَ مَا يَكُونُ لِي أَنْ أَقُولَ مَا لَيْسَ لِي بِحَقٍّ إِن كُنتُ قُلْتُهُ فَقَدْ عَلِمْتَهُ تَعْلَمُ مَا فِي نَفْسِي وَلاَ أَعْلَمُ مَا فِي نَفْسِكَ إِنَّكَ أَنتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ۝ 116. Эсла, Аллоҳ айтди: «Эй Ийсо ибн Мар¬ям! Сен одамларга: «Мени ва онамни Аллоҳдан ўзга икки илоҳ қилиб олинглар», – деганмидинг?» У айтди: «Ўзинг пок¬сан! Мен ҳаққим йўқ нарсани айта олмайман-ку. Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, Сен уни билар эдинг. Сен мендаги нарсаларни биласан, мен Сендаги ҳеч нарсани билмасман. Албатта, Сенинг Ўзинггина ғайбларни ниҳоятда билувчидирсан. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat