Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

40 кун жамоат билан намоз ўқиш

10:17 / 27.12.2016 | sherzodbek | 11646

Ассалому алайкум! Имом Али Самарқанди ҳазратларини “Танбеҳул ғофилин” китобида “40 кун беш вақт намозни фарзларини жамоат билан қолдирмай ўқиган одам икки нарса дўзах ўти ва мунофиқликдан омонда бўлади” дейлган. Бу саҳиҳ ҳадисми? Мана 9 кундир Аллоҳга шукур беш вақт намозни масжидда ўқимоқдаман. Жавоб учун Аллоҳ ажрини берсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Атодан, у Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Ким қирқ кун жамоат билан узлуксиз намоз ўқиса, унга (номаи аъмолига. - Тарж.) мунофиқликдан ва ширкдан халослик ёзилади». عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيِّبِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَضَرَ رَجُلًا مِنَ الْأَنْصَارِ الْمَوْتُ فَقَالَ: إِنِّي مُحَدِّثُكُمْ حَدِيثًا مَا أُحَدِّثُكُمُوهُ إِلَّا احْتِسَابًا، سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: إِذَا تَوَضَّأَ أَحَدُكُمْ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ ثُمَّ خَرَجَ إِلَى الصَّلَاةِ لَمْ يَرْفَعْ قَدَمَهُ الْيُمْنَى إِلَّا كَتَبَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ لَهُ حَسَنَةً، وَلَمْ يَضَعْ قَدَمَهُ الْيُسْرَى إِلَّا حَطَّ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عَنْهُ سَيِّئَةً، فَلْيُقَرِّبْ أَحَدُكُمْ أَوْ لِيُبَعِّدْ فَإِنْ أَتَى الْمَسْجِدَ فَصَلَّى فِي جَمَاعَةٍ غُفِرَ لَهُ، فَإِنْ أَتَى الْمَسْجِدَ وَقَدْ صَلَّوْا بَعْضًا وَبَقِيَ بَعْضٌ صَلَّى مَا أَدْرَكَ وَأَتَمَّ مَا بَقِيَ كَانَ كَذَلِكَ، فَإِنْ أَتَى الْمَسْجِدَ وَقَدْ صَلَّوْا فَأَتَمَّ الصَّلَاةَ كَانَ كَذَلِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ Саъийд ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорийлардан бир киши ўлими олдидан: «Мен сизга бир ҳадис айтаман. Бу ҳадисни сизга фақат савоб умидидагина айтаман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бирортангиз яхшилаб таҳорат қилса, сўнгра намозга чиқиб, ўнг қадамини кўтариши билан Аллоҳ азза ва жалла албатта, унга бир яхшилик ёзади, чап қадамини қўйиши билан Аллоҳ азза ва жалла албатта, унинг бир ёмонлигини ўчиради. Бас, бирортангиз хоҳласа, яқин бўлсин ёки узоқ бўлсин. Агар масжидга келиб, жамоат билан намозини ўқиса, у мағфират қилинур. Агар масжидга келганида намознинг баъзисини ўқиб бўлишган, баъзиси қолган бўлса, етган жойидан ўқиш ҳам ўшандоқ бўлади. Агар масжидга келганида намозни ўқиб бўлишган бўлса ҳам ўшандоқ бўлади», деганларини эшитганман», деди». Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Саъийд ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик. Саъийд ибн Мусаййиб (милодий 634—713 йилларда яшаб ўтган) ибн Ҳазн ибн Абу Ваҳб Махзумий ал-Қурайший, кунялари Абу Муҳаммад. Бу зот тобеъинларнинг саййиди, Мадинадаги етти фақиҳ имомлардан бири эдилар. Саъийд ибн Мусаййиб Умар ибн Хаттобнинг халифалик даврларининг 2-йилида таваллуд топдилар. Ҳадисларни Абу Бакр, Умар, Усмон, Абу Ҳурайра, Зайд ибн Собит, Оиша онамиз розияллоҳу анҳумдан ва яна бошқалардан ривоят қилдилар. У кишидан Салим ибн Абдуллоҳ, Зуҳрий, Қатода, Шурайҳ, Абу Занод ва бошқалар ривоят қилдилар. Улуғ зотлардан Макҳул: «Илм талаб қилиб, кўпгина ерларни айланиб чиқдим-у, лекин Саъийд ибн Мусаййибдан кўра олимроқ кишига йўлиқмадим», деб айтадилар. Саъийд ибн Мусаййибда фиқҳ, тақво, зоҳидлик мужассам бўлган эди. Ҳаётлари давомида ёғ савдоси билан шуғулланиб, инсонлардан ҳеч бир нарса сўрамасдан, касблари орқасидан рўзғор тебратдилар. Ҳижратнинг 93-йили Мадинада вафот этдилар. Ушбу ҳадиси шарифда олдинги ҳадислардаги маъно кенгроқ баён қилинмоқда. Жамоат намози ўқиш учун масжидларга бориш кенгроқ тарғиб этилмоқда. Жамоатга қўшилиб, масжидда намоз ўқиш учун чиққан одам бир қадамини қўйса, албатта, бир яхшилик ёзилар, иккинчи қадамини қўйса, албатта, бир гуноҳи ўчирилар экан. Намоз ўқиганида эса гуноҳлари тамоман мағфират қилинар экан. Бунда жамоат намозининг баъзисига етиб, қолганини ўзи ўқиб олган одам ҳам уни тўлиқ ўқиганларга бериладиган мартабага сазовор бўлар экан. Ҳатто намозни жамоат билан ўқишдан кеч қолиб, ўзи ёлғиз ўқиб олган одамга ҳам нияти учун жамоат билан тўлиқ ўқиганчалик мартаба берилар экан. Шунинг учун ҳам доимо жамоат намозини масжидда ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Намозни аввалидан жамоат билан ўқиганимиз яхши. Аммо кеч қолиб ўқиган чоғимизда ҳам савобини тўлиқ олишимиз, мағфирати илоҳийга сазовор бўлишимизни унутмаслигимиз лозим. عن أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: صَلَاةُ الرَّجُلِ فِي الْجَمَاعَةِ تُضَعَّفُ عَلَى صَلَاتِهِ فِي بَيْتِهِ وَفِي سُوقِهِ خَمْسًا وَعِشْرِينَ ضِعْفًا، وَذَلِكَ أَنَّهُ إِذَا تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ، ثُمَّ خَرَجَ إِلَى الْمَسْجِدِ لَا يُخْرِجُهُ إِلَّا الصَّلَاةُ لَمْ يَخْطُ خَطْوَةً إِلَّا رُفِعَتْ لَهُ بِها دَرَجَةٌ، وَحُطَّ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةٌ، فَإِذَا صَلَّى لَمْ تَزَلِ الْمَلَائِكَةُ تُصَلِّي عَلَيْهِ مَا دَامَ فِي مُصَلَّاهُ مَا لَمْ يُحْدِثْ، اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَيْهِ اللَّهُمَّ ارْحَمْهُ، وَلَا يَزَالُ أَحَدُكُمْ فِي صَلَاةٍ مَا انْتَظَرَ الصَّلَاةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг жамоат ила ўқиган намози унинг уйидаги ва бозоридаги намозидан йигирма беш баробар кўп бўлади. Бундай бўлишининг сабаби, қачон у яхшилаб таҳорат қилса, сўнгра масжидга чиқса, уни масжидга намоздан бошқа нарса чиқармаган бўлса, босган ҳар бир қадамида, албатта, бир даража кўтарилиб, бир гуноҳ ўчирилади. Бас, қачон намоз ўқиса, модомики, намозгоҳида турар экан, агар таҳорати кетмаган бўлса, фаришталар унга саловот айтиб туради. «Аллоҳим, унга саловот юборгин. Аллоҳим, унга раҳм қилгин», дейдилар. Бирортангиз, модомики намозга интизор бўлар экан, намоздадир», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда жамоат намозининг фазилати очиқ-ойдин зикр қилинмоқда. Жамоат намози нима учун фазилат бўлиши ҳам баён қилинмоқда. Жамоат билан намоз ўқиган одам ёлғиз ўзи намоз ўқиган одамга қараганда йигирма беш марта кўп савобга эга бўлар экан. Бундай бўлишининг сабаби: 1. Жамоат намози ўқиган одам яхшилаб таҳорат қилиб, масжидга чиқади. Унинг нияти соф бўлади. Масжидга борар экан, жамоат билан намоз ўқишдан бошқа мақсадни кўзламайди. Шунинг учун босган ҳар қадамида мартабаси бир даража кўтарилиб, бир гуноҳи ўчирилади. 2. Жамоат билан намозни ўқиб бўлиб, таҳоратини кетказмай, намозгоҳида турса, фаришталар унга саловот айтадилар. Бу намозни ёлғиз ўзи уйида ўқиса, бундай бўлмас эди. 3. Жамоат намозини ўқиб бўлиб, кейинги намозга интизор бўлса, худди намоз ўқиётган одамнинг савобини олади. Ёлғиз намоз ўқиган одам бундай мақомга эриша олмас эди. Демак, намозни жамоат билан ўқишнинг ўзиёқ киши оладиган савобларнинг ўз-ўзидан кўпайиб кетишига сабаб бўлар экан. Шунинг учун жамоат намозидан қолмаслик керак, у ҳаётимиздан муносиб ўрин олмоғи лозим. عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: صَلَاةُ الْجَمَاعَةِ تَفْضُلُ صَلَاةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Шарҳ: Демак, жамоат намозининг фазли гоҳида йигирма беш, гоҳида йигирма етти даража устун бўлар экан. Бундай фарқ масжиднинг узоқлиги, намозхоннинг ихлоси ёки имомнинг тақвосига боғлиқ бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, жамоат билан намоз ўқишниг фазли беқиёс каттадир. عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: أَعْظَمُ النَّاسِ أَجْرًا فِي الصَّلَاةِ أَبْعَدُهُمْ فَأَبْعَدُهُمْ مَمْشًى، وَالَّذِي يَنْتَظِرُ الصَّلَاةَ حَتَّى يُصَلِّيَهَا مَعَ الْإِمَامِ أَعْظَمُ أَجْرًا مِنَ الَّذِي يُصَلِّي ثُمَّ يَنَامُ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг намоздан энг катта ажр оладигани (масжидга) юриб келадиган масофа узоқ бўлганидир. Имом билан намоз ўқишга интизор бўлганнинг ажри намозни ўқиб бўлиб, ухлаганнинг ажридан улуғдир», дедилар». Учовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳам жамоат намозининг фазлини кўрсатади. Киши жамоат намозига қанчалик узоқдан келса, шунчалик кўп ажр олади. Имом билан жамоат намозини ўқишни кутиб ўтирган одам ҳам савобга эришади. Шунинг учун ҳам доимо жамоат билан намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз лозим. عُنْ عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ صَلَّى الْعِشَاءَ فِي جَمَاعَةٍ فَكَأَنَّمَا قَامَ نِصْفَ اللَّيْلِ، وَمَنْ صَلَّى الصُّبْحَ فِي جَمَاعَةٍ فَكَأَنَّمَا صَلَّى اللَّيْلَ كُلَّهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ، وَلَفْظُهُمَا: مَنْ شَهِدَ الْعِشَاءَ فِي جَمَاعَةٍ كَانَ لَهُ قِيَامُ نِصْفِ لَيْلَةٍ، وَمَنْ صَلَّى الْعِشَاءَ وَالْفَجْرَ فِي جَمَاعَةٍ كَانَ لَهُ كَقِيَامِ لَيْلَةٍ Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандек бўлади. Ким Бомдод намозини жамоат билан ўқиса, худди туннинг ҳаммасини намоз ўқиб ўтказгандек бўлади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Охирги иккисининг лафзи қуйидагича: «Ким Хуфтон намозига жамоат билан ҳозир бўлса, кечанинг ярмини бедор ўтказгандек бўлур. Ким Хуфтон ва Бомдодни жамоат билан ўқиса, кечани бедор ўтказгандек бўлур». Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқишга алоҳида тарғиб қилинмоқда. Чунки бу икки намоз кишилар дам олишни, ухлашни хоҳлайдиган вақтларда бўлади. Ана ўша хоҳишларни енгиб, Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиш кечани бутунлай намоз ўқиб ўтказишнинг савобига тенглаштирилмоқда. Бу маъно Абу Довуд ва Термизий келтирган лафзда яна ҳам аниқроқ қилиб айтилмоқда: «Ким Хуфтон намозига жамоат билан ҳозир бўлса, кечанинг ярмини бедор ўтказгандек бўлур. Ким Хуфтон ва Бомдодни жамоат билан ўқиса, кечани бедор ўтказгандек бўлур». Шунинг учун ҳам ҳаммамиз бу икки намозни жамоат билан ўқишга ҳаракат қилаверишимиз керак. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat