Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Закот.

08:10 / 25.01.2017 | Муҳаммад | 1607
Ассалому алайкум! Нисобни ҳисобини тушунтириб берсангиз, илтимос. Олдиндан раҳмат.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Пуллардан закот чиқариш фарз экани Қуръон, суннат ва ижмоъ ила собит бўлган: 1. Қуръони Каримнинг Тавба сурасида:  وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلاَ يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللّهِ فَبَشِّرْهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٍ۝ «Олтин ва кумушни жамғариб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг «хушхабар»ини беравер...» (34-оят) деб марҳамат қилинган. Ушбу оят тилла ва кумуш пулларнинг закотини бериш фарз эканига ёрқин далилдир. 2. Тилла ва кумуш пуллардан закот бериш фарзлиги, нисоби ва закот миқдорига тегишли ҳадисларни юқорида яхшилаб ўргандик. 3. Тилла ва кумуш пуллардан закот бериш фарз эканлигига ҳамма асрларда ҳам барча мусулмонлар бир овоздан иттифоқ қилиб келганлар. Ўша вақтдаги бир динор бир мисқолга тенг бўлган, демак, йигирма динор йигирма мисқолга тенг. Йигирма мисқол эса 85 грамм бўлади. Икки юз дирҳам эса 595 грамм кумушга тенг бўлар экан. Демак, 85 грамм тилла ёки 595 грамм кумушга эга бўлган одам нисобга етган молга эга ҳисобланади ва закот бериши фарз бўлади. Ҳозирги пайтда тилла ҳам, кумуш ҳам пул бирлиги сифатида ишлатилмай қўйди. Ҳамма жойда қоғоз пул ишлатилмоқда. Қоғоз пуллар янги чиққан пайтда «Бу пуллардан закот чиқариладими, йўқми?» деган савол пайдо бўлди. Ҳанафийлар дарҳол: «Закот чиқариш керак», дейишди. Вақт ўтиши билан ҳамма ҳанафий мазҳабига юришга мажбур бўлди, чунки дунё бўйича фақат қоғоз пул билан муомала қилинадиган бўлди. Бунинг устига, ҳар бир давлат ўзи чиқарган пулни тилла билан қоплайдиган бўлиши халқаро таомилга киритилди. ПУЛДАН ЗАКОТ ҚАНДАЙ ЧИҚАРИЛАДИ? Нақд пулдан қандай қилиб закот чиқарилади? Унинг шартлари қандай? Нақд пулдан закот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим: 1. Пул нисобга етган бўлиши керак. Тилла пул бўлса, йигирма динор, кумуш пул бўлса, икки юз дирҳам нисоб эканини яхши билиб олдик. Аммо ҳозир тилла ҳам, кумуш ҳам пул сифатида ишлатилмайди. Қоғоз пулдан қандай қилиб закот чиқарилади? Унинг нисоби қанча? Кумуш халқаро миқёсда пул ўрнида умуман қабул қилинмай қўйди. Тилла эса пул ўлчови сифатида дунё бўйича мақбул бўлиб турибди. Шунинг учун уламолар қоғоз пулни тилланинг қиймати билан ўлчаш керак, деган фикрга келганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида йигирма динор пулнинг оғирлиги йигирма мисқол бўларди. Йигирма мисқол эса саксон беш граммга тенг. Демак, 85 грамм тилланинг баҳоси қоғоз пулнинг нисоби бўлади. Кимда 85 грамм тилланинг қийматига тенг ёки ундан кўп қоғоз пул бўлса, закот бериши фарз бўлади. У одам пулини ҳисоблаб туриб, икки ярим фоизини, яъни қирқдан бир бўлагини закотга бериши керак. Баъзи ҳолларда тилланинг нархи жуда кўтарилиб кетиб, пули нисобга етадиганлар нодир бўлиб қолиши ҳоллари ҳам бўлиб туради. Шунда уламоларимиз: «Камбағалга фойдали томонни олиш» қоидасига биноан, кумушнинг нархини нисоб қилиш керак», дейдилар. Ана ўшанда беш юз тўқсон беш грамм кумушнинг баҳоси нисоб деб қабул қилинади. Ҳамаср уламоларимиздан баъзилари: «Агар тилла ҳам кумушга ўхшаб нархи тушиб, номақбул бўлиб қолса, ўртача нархдаги йигирмата қўйнинг нархини нисоб қилиб олиб, қоғоз пулдан закот чиқариш керак», дейдилар. Чунки Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида икки юз дирҳамга йигирмата қўй келар экан. Табиийки, бунда ўртача катталикдаги қўй эътиборга олинган. Умуман, закотга тегишли ҳайвонлар ҳақида гап кетганда доимо ўртачаси кўзда тутилади. Демак, мабодо пулнинг нисобини қўй қиймати билан ўлчашга тўғри келиб қолса, қўйнинг нархи ўртача бўлган пайтдаги ўртача қўйлардан йигирматасининг нархи пулнинг нисоби бўлади. Лекин ҳозирча амалда саксон беш грамм тилланинг нархи нисобдир. Ҳанафий мазҳаби уламолари: «Тиллага бир оз бошқа маъдан аралаштирилган бўлса ҳам бўлаверади», деганлар. Шу жойда бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Закот нисоби турли нав молларда турлича чиқмоқда. Яъни қийматлари ҳар хил чиқяпти. Тилла ва кумушдан нисоб деб эътибор қилинган маблағга йигирмата қўй келмоқда. Агар қўйнинг нисоби қирқталигини эътиборга олсак, қўйнинг нисоб нархи пулникидан икки баробар кўп бўлиб кетмоқда. Нима учун бундай бўлган? Бу ерда жуда ҳам нозик масала бор. Ислом шариати қанчалик мукаммал шариат эканини шундан билиб олсак ҳам бўлади. Қўй доим ўсиб турадиган мол. Шунингдек, бошқа ҳайвонлар ҳам. Туғади, семиради, жун, сут каби маҳсулотлар бериб туради. Замонавий тил билан айтганда, ишлаб чиқариш маҳсулотлари чиқариб туради, ундан фойда келиб туради. Шунинг учун унинг эгасига кенглик берилган. Закот бериши кечга сурилган ва оз қилинган. Пул эса уйда ишлатилмай туради, яъни ўз-ўзидан кўпаймайди. Натижада жамиятга фойдаси ҳам тегмайди. Шунинг учун у ҳайвоннинг қийматидан икки баробар кам бўлса ҳам, ундан закот бериш керак. Токи бир қисми камбағалларнинг қўлига бориб тегсин, ишлаб чиқаришга ишлатилсин. Қолган қисмини ҳам эгаси ишлатишга уринсин, бўлмаса закотга берилиб, камайиб қолади. Бир неча киши шерик бўлиб ширкат тузса, жамланган мол нисобга етса-ю, аммо ҳар бир аъзонинг улуш моли нисобга етмаса, ҳанафий мазҳаби бўйича, закот фарз бўлмайди. Шофеъий мазҳаби эса: «Бу ҳолатда закот фарз бўлади», дейди. 2. Бир йил тўлиши керак. Нақд пуллардан ёки уларнинг ўрнига ўтадиган нарсалардан закот фарз бўлиши учун лозим бўлган шартлардан бири – ўша пул нисобга етган ҳолида тўлиқ бир йил туриши керак. Ҳанафий мазҳаби бўйича, йилнинг ўртасида пул нисобдан кам бўлса ҳам, икки бошида тўлиқ бўлса, закот фарз бўлаверади. Фойдага келган моллардан: ойлик маош, иш ҳақи, мукофотлар, ҳунар қилиб топилган пуллар, ижарага қўйилган иморатлар, меҳмонхона, завод ёки фабрика ва машиналардан тушган фойдаларни ҳам асл сармояга қўшиб туриб закот чиқарилади. 3. Қарздан холи бўлиши керак. Пулдан закот фарз бўлиши учун у қарзга қайтариб берилиши зарур бўлмаган пул бўлиши керак. Айтайлик, бировнинг қўлида нисобга етган пули бор. Шу билан бирга, қарзи ҳам бор. У аввал қарзини бериши керак. Уни берганидан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, унга закот фарз бўлмайди. 4. Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши керак. Дейлик, бир кишининг қўлида нисобга етган пули бор. Аммо у ўзига ва қарамоғидаги кишиларга қишлик ёки ёзлик кийим олиши керак. Ёки бир йиллик озиқ-овқатининг сарф-харажати ҳам бор. Уй сотиб олиши, уйига керакли анжомлар, касб-ҳунари учун асбоблар, мингани, зарурат учун улов ёки ўқигани китоб олиши керак. Ушбу нарсаларни ёки улардан баъзиларини сотиб олганидан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, унга закот фарз бўлмайди. Сотиб олишидан олдин эса пули нисобга етган бўлса, фарз бўлади. Чунки закот ўзига тўқ, ўз эҳтиёжларидан ортиқча пули бор бой одамларга фарздир. Ҳозирги кунимизда закот чиқариладиган молларнинг асосийларидан бири пул бўлиб қолган. Айниқса, шаҳар жойларда асосий мол-мулк пулга айланиб қолган. Шунинг учун унинг нисобини аниқлаш, ҳар йили ўз вақтида закотини бериб, Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтириш, молиявий ибодатни вақтида бажариш лозим бўлади. Айтиб ўтилган нарсалардан бошқада закот фарз бўлмайди. Агар тижорат ниятида бўлса, фарз бўлади. Мерос йўлидан бошқа йўл билан уларга молик бўлган вақтда унинг (тижорат молининг) қиймати икки пул бирлиги(тилла ва кумуш)дан фақирларга манфаатлироқ бўлган нисобга етса, фарз бўлади. Ҳозиргача закот фарз бўлиши айтиб ўтилган нарсалар ҳайвонот ва тиллаю кумуш эди. Улардан бошқа нарсалар тижорат учун тайёрланган моллар бўлади. Фақат меросга олинган мол бўлмаслиги керак. Ана ўша тижорат молларининг қиймати бошқа молларига қўшилган ҳолда тилла ва кумуш ҳисобидан нисобга етса, улардан ҳам закот чиқариш фарз бўлади. «Тилланинг нархида ўлчанадими ёки кумушникидами?» деган саволга «Қай бири камбағалларга фойдали бўлса, ўшанда», деган жавоб берилади. ТИЖОРАТ МОЛЛАРИ ЗАКОТИ Аллоҳ таоло Бақара сурасида: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَنفِقُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ «Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан инфоқ қилинглар», деган (267-оят). قَالَ مُجَاهِدٌ نَزَلَتْ فِي التِّجَارَةِ «Мужоҳид: «Ушбу оят тижорат ҳақида нозил бўлган», деган». Бу ояти каримани зикр қилиш билан тижорат молларидан закот бериш вожиб эканига далил келтирилмоқда. عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ أَمَّا بَعْدُ، فَإِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم  كَانَ يَأْمُرُنَا أَنْ نُخْرِجَ الصَّدَقَةَ مِنِ الَّذِي نُعِدُّ لِلْبَيْعِ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аммо баъду, шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни савдо учун тайёрлаб қўйган нарсаларимиздан садақа чиқаришимизга амр қилар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр қилишлари ҳам савдо молларидан закот бериш фарз эканига далилдир. عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ  فِي الْإِبِلِ صَدَقَتُهَا، وَفِي الْغَنَمِ صَدَقَتُهَا، وَفِي الْبَقَرِ صَدَقَتُهَا، وَفِي الْبَزِّ صَدَقَتُهُ  رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туянинг ўз садақаси бор, қўйнинг ўз садақаси бор, қорамолнинг ўз садақаси бор, кийим(мато)нинг ўз садақаси бор», дедилар». Дорақутний ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ деган. «Кийим(мато)»дан мурод кийим (мато) тижоратидир, у эса ҳамма тижорат молларига далолат қилади. Саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва салафи солиҳнинг барчалари тижорат молларидан закот чиқариш фарз эканига ижмоъ қилишган. Мусулмон умматининг адо этиши ҳам фарз амал ҳисобланади. عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَبْدِ الْقَارِيِّ قَالَ كُنْتُ عَلَى بَيْتِ الْمَالِ زَمَانَ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ، فَكَانَ إذَا خَرَجَ الْعَطَاءُ جَمَعَ أَمْوَالَ التُّجَّارِ، ثُمَّ حَسَبَهَا غَائِبَهَا وَشَاهِدَهَا، ثُمَّ أَخَذَ الزَّكَاةَ مِنْ شَاهِدِ الْمَالِ عَنِ الْغَائِبِ وَالشَّاهِدِ Абдурраҳмон ибн Абдул Қорийдан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттобнинг даврида Байтулмолга масъул бўлган эдим. У қачон ато чиқса, тожирларнинг молини, ҳозиринию ғойибини ҳисоб қилар, сўнгра ҳозиридан ҳозирининг ҳам, ғойибининг ҳам закотини олар эди».  أَخْرَجَ الشَّافِعِيُّ وَأَحْمَدُ وَعَبْدُ الرَّزَّاقِ وَالدَّارَقُطْنِيُّ عَنْ أَبِي عَمْرِو بْنِ حَمَاسٍ، عَنْ أَبِيهِ أَنَّهُ قَالَ كُنْتُ أَبِيعُ الْأُدْمَ وَالْجِعَابَ، فَمَرَّ بِي عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ، فَقَالَ لِي أَدِّ صَدَقَةَ مَالِكَ، فَقُلْتُ يَا أَمِير الْمُؤْمِنِينَ، إِنَّمَا هُوَ فِي الْأُدْمِ، فَقَالَ قَوِّمْهُ ثُمَّ أَخْرِجْ صَدَقَتَهُ Шофеъий, Аҳмад, Абдурраззоқ ва Дорақутний Абу Амр ибн Ҳамас ва унинг отасидан ривоят қилишича, у қуйидагиларни айтган: «Тери ва ўқдон сотаётган эдим. Умар олдимдан ўтаётиб, менга: «Молингнинг закотини адо қил», деди. «Эй мўминларнинг амири, тери, холос», дедим. «Қийматини ўлчаб, сўнгра закотини адо қил», деди».  رَوَى عَبْدُ الرَّزَّاقِ فِي  مُصَنَّفِهِ  عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّهُ كَانَ يَقُولُ فِي كُلِّ مَالٍ يُدَارُ فِي عَبِيدٍ، أَوْ دَوَابٍّ، أَو بَزٍّ لِلتِّجَارَةِ، تُدَارُ الزَّكَاةُ فِيهِ كُلَّ عَامٍ Абдурраззоқ «Мусаннаф»ида Абдуллоҳ ибн Умардан қилган ривоятда у киши: «Қуллар, ҳайвонлар ёки кийимлар тижоратида айлантириб туриладиган молда ҳар йили закот бор», деганлар. Бунга ўхшаш ривоятлар жуда ҳам кўп. Хулоса қилиб айтилганда, мусулмонлар жумҳури тижорат молларида закот борлигига иттифоқ қилганлар. Тижорат энг кўп ва кенг тарқалган касблардан бўлиб, мол топиш ва пулни ишлатишнинг машҳур йўлларидан биридир. Ислом дини ҳалол-пок йўл билан тижорат қилишга тарғиб қилган. Тижорат мол топишнинг энг қулай манбаларидан биридир. Тожирлар миллион ва миллиардлаб сўмларини тижорат моллари билан банд қиладилар. Уларнинг ичида мискинларнинг ҳаққи бўлмиш закот бўлмаса, тожирлар пулларига тижорат моли олиб қўйиб, закот бермай юраверадилар. Уламоларимиз тижорат молларини «фойда кўриш мақсадида олди-сотди учун тайёрлаб қўйилган нарса» деб таъриф қилганлар. Демак, пул бирлигидан бошқа, тижорат учун тайёрлаб қўйилган асбоб-ускуна, турли матоҳлар, кийим-кечак, озиқ-овқат, тақинчоқлар, ҳайвонлар ва бошқа нарсалар тижорат моллари ҳисобланади. Ким ўша нарсалардан тижорат учун тайёрлаб қўйса, уларга бир йил тўлса, уларни пулга чаққанда қиймати нисобга етса, закот бериши фарз бўлади. Закотга қийматнинг икки ярим фоизи чиқарилади. ("Кифоя" китобидан). Янада кўпроқ маълумотлар олиш учун "Кифоя" китобини олиб ўқинг. Бу масалалар у китобда батафсил ёзилган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat