Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

намоз

00:00 / 05.12.2009 | eski savollar | 4114
ассалому аллайкум шайҳ жаноблари.куп намозҳон биродарлар сафарга чиқишганда фарз намозларини қаср қилиб уқишадику лекин суннатларни уқишмайди.ман уларга суннатлар уқилади десам улар фарз узи қаср қилинади суннат уқилмасайм булади деишад.шунга иложи булса кенгайтириб айтиб берсайз ҳамда қайси манбалардан фойдаланса булади. сиздан оллоҳ рози бусин

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Савол беришдан олдин бу масала борми ёки йўқмилигини текшириб олмаснгиз бўлмайдими?! Неча марталаб жавоб берган нанрсани яна савол қилиб бермасдан!САФАРДА СУННАТ НАМОЗ ЎҚИШ МАСАЛАСИСафарда суннат намоз ўқиш ҳақидаги ихтилоф бизда маҳаллий мақомдаги ихтилоф шаклида намоён бўлди. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, бу ихтилофнинг юзага чиқишида чет элнинг аралашуви бўлмади. Бир йили ҳаждан келган имомларимизнинг бирларини зиёратига борган эдик, одамлар ичида ихтилофга сабаб бўлиб гапи тарқалаб қолган ушбу масала ҳақида сўз очиб қолдилар. У кишининг айтишича, ҳажда иштирок қилаётган имомлардан баъзилари сафарда суннат намозини ўқиб бўлмайди, деган гап чиқаришибди. Бу гапга бошқалар салбий муносабат билдиришибди. Охири, мажлис қилиб ҳаммага суннат намоз ўқилмаслик ҳақида буюруқ қилинибди. Суннат намоз ўқимоқчи бўлганларни этагидан тортиб, ўтқазиб қўйиш бошланибди. Суҳбатдош имом домланинг айтишларича, ҳожиларга суннат намоз ўқиш манъ қилинганидан кейин, водийлик имомлардан бирлари ҳожихонада одамларга имом бўлиб, сўнг суннат намоз ўқиган экан қавм у кишига қарши, нимага суннат ўқийсан, деб жанжал кўтарибди.Мен юқоридаги гапларни айтиб бўлиб, маюсланиб қолган имом домладан:“Ўша, сафарда суннат намоз ўқиб бўлмайди, деб айтаётган домлалар гапларига ҳужжат – далил келтиришяптими, нима далиллари бор экан?”, деб сўрадим.“Далиллари йўқ. Фалончи қори ака ўқимаганини кўрганманга ўхшаш гаплар, холос”, дедилар домла.Шундан кейин “Наврўз” радиоси учун бир мақола тайёрлаб бу масалани баёнини қилиб бердим.Бир муддатдан кейин айни ушбу масала яна қайта кўтарилди. Уни яна ўша дастлаб кўтарганлар қўзғашди. Шунда қуйидаги савол-жавоб мақолани тайёрладик. 331-ЪАВОЛ: Маълумки, деярли барча диний маросимлар, ибодатлар ва рукнларни бажаришда диний адабиётларга таянамиз. Улар: энг биринчи ўринда муқаддас китоб Қуръони Карим, кейин ҳадис, ундан сўнг эса ишончли олимларнинг китоблари. Ва яна шуни эслаш керакки, ҳар бир диний аҳком бўйича мазҳаблар чиқарган хулосалар бир оз фарқланади. Хўш, бизнинг ҳанафий мазҳабида сафарда суннат намозини ўқиш кераклигига ҳужжат борми?331-ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Ҳужжат-далилни Аллоҳ таолонинг ёрдами билан бизга билдирганича айтишга ўтадиган бўлсак, Имом Сарахсийнинг «Ал Мабсут» китоби ҳанафий мазҳабдаги китобларнинг энг машҳурларидан бири бўлади. Китобларни баҳолайдиган уламоларимиз «Ал-Мабсут» Имом Абу Ҳанийфанинг бош шогирдларидан бири Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг «Зоҳири ривоя» китобларининг шарҳи деб ҳисоблашади. Яъни, бу китобдаги гаплар бевосита Имом Абу Ҳанийфага бориб тақалади. Ана шу китобда сафарда суннат намозларини ўқиш тўғрисида қуйидагилар ёзилган:«Сафарнинг сабабидан ъуннат ва нафл намозларига қаср кирмайди. Сафарда фарз намози қаср қилиб ўқилади, лекин суннат ва нафл намозлар қаср қилинмайди. Уларни ўзи аслида неча ракат бўлса, шунча ўқилади. Чунки «сафарда намозни қаср қилиб ўқиш фикр билан эмас, Аллоҳнинг амри билан собит бўлган ва фарз намозига хос қилинган». «Инсонлардан сафарда суннатни тарк қилиш тўғрисида гап айтганлари ҳам бор» ва ўша кишилар: яъни, сафарда суннатни тарк қилиш тўғрисида гапирган инсонлар баъзи саҳобалардан ривоят қилиб айтадиларки, ўша саҳобий «агар мен суннатни ўқийдиган бўлганимда фарзни батамом тамом қилиб ўқир эдим» деган эканлар. Бу гапнинг, яъни суннатни ўқийдиган бўлсам, фарзни тўла ўқир эдим, деган гапнинг таъвили шуки, ҳанафийлар наздида сафарда суннат ўқимаслик хавф вақтида бўлади, душман хавф-хатар солиб турган вақтда суннатни тарк қилса майли. Суннатни бир жойда туриш имкони йўқ шахс ўқимаса бўлади, бошқа вақтларда ўқиш керак. Яна бошқа китобларни варақлаймиз. Ҳанафий мазҳабининг энг катта ва машҳур китобларидан бири Имом Косонийнинг «Бадоиъус Саноеъ фии тартибиш шароеъ» деган китобларини қўлга оламиз. У киши биз баҳс этаётган масалада қуйидагиларни ёзадилар:«Шунингдек «суннат ва нафл намозларида қаср – қисқартириб ўқиш йўқ». Чунки «намозни қаср ўқиш тавқиф билан - Аллоҳнинг амри билан бўлган». Бу ерда, яъни суннат ва нафлларни қаср қилиб ўқишда ундай амр йўқ. «Инсонлардан сафарда суннатни тарк қилиш тўғрисида гапирганлари ҳам бор». Баъзи саҳобалардан ривоят қилинишича, «у киши агар суннатни сафарда ўқийдиган бўлсам, фарзни тамом қилиб ўқир эдим» деганлар. «Бу бизнинг наздимизда хавф ҳолатига ҳамл қилинади, суннатни адо қилиш туриш имкони бўлмаган ҳолга ҳамл қилинади», дейдилар. Демак Имом Сарахсийнинг «Ал-Мабсут» китобларида айтган гаплари, Имом Косонийнинг «Бадоиъус Саноеъ фии тартибиш шароеъ» китобларидаги айтган гаплари бир-бирига жуда яқин ҳисобланади. Масалани яна давом эттирадиган бўл-сак, мазҳабимиздаги машҳур китоблардан бири «Ал Баҳрур роиқ шарҳу канзид дақоиқ» деган китобни қўлимизга оламиз, унда қуйидагилар ёзилган:«Сафарда суннатни тарк қилиш тўғрисида ихтилоф қилдилар», «баъзилар рухсат учун тарк қилиш афзал деган бўлса, баъзилар қурбат учун суннатларни ўқимоқ афзал» дейишган. Ҳиндовий бўлса, тушиб ўрнашиб олганда суннатни ўқиган афзал, юриб кетаётганда тарк қилса бўлади» деган. Яна бир гапга кўра «Бомдод намозининг суннати хоссатан ўқилади» дейилган. «Шом намозининг суннати ҳам ўқилади» деб айтилган. «Тажнийс» ва «Ал-Мухтор» деган китобларда айтилишича «агар эминлик ва барқарорлик ҳолати бўлса, сафарда суннат намозларини ўқийди, чунки суннат намозлари фарзга мукаммил, яъни тўлдирувчи, мукаммал қилувчи этиб шариатга киритилган. Мусофир эса, бу нарсага ниҳоятда муҳтождир. Агар мусофир хавф-хатар ҳолатида бўлса, сафарида суннат намозини ўқимаса майли, чунки, у бу нарсани узр юзасидан тарк қилмоқда», де-йилган. Мана, мўътабар китобларимизда мана шу маълумотлар берилган экан. 332-ЪАВОЛ: Аҳли сунна вал жамоада ҳанафий, яъни, Имом аъзам мазҳабларидан бошқа яна учта мазҳаб бор. Булар: моликия, ҳанбалия ва шофеъия мазҳабларидир. Хўш сафарда суннат намозини ўқиш ёки ўқимаслик ҳақида бу мазҳабларда нималар дейилган ва қандай кўрсатмалар берилган? 332-ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Энди «сафарда суннат намозини ўқиса гуноҳ бўлади, суннатни ўқимаслик ўзи суннат», деяётган кишилар эҳтимол бошқа мазҳабларнинг китобларидан фойдаланиб айтаётган бўлсалар керак, деган тахминга бориб бошқа мазҳабларнинг китобларини ҳам варақлаб кўрамиз. Бунда «Ал мажмуъ шарҳул муҳаззаб» деган бир китобда, «Туҳфатул муҳтажи фишарҳил минҳаж» деган бир китобда, «Ва муғнил муҳтаж» деган китобда, яъни, ҳанафий мазҳабидагина эмас, учта бошқа сунний, фиқҳий мазҳабларнинг китобларида бир хил фикр келган экан, шуни сиз, муҳтарамларнинг эътиборингизга ҳавола қиламиз. Уларда айтиладики, «Ротиба суннат намозлар, яъни, фарзларга қўшилиб ўқиладиган суннат намозларини қилмоқлик сафарда суннатдир». Тарк қилмоқлик эмас, ўқимоқлик, адо қилмоқлик суннатдир, дейишяпти бу китобларнинг муаллифлари. «Намознинг фарзини қаср қилиб ўқияптими ёки тугал ўқияптими барибир», «лекин фарзларга қўшиб ўқиладиган ротиба суннатларини сафарда бўлмай ҳазарда, уйда турганда ўқимоқ яна ҳам таъкидлироқдир» дейишяпти. Шаҳодат бобида айтиладики «ким фарзга қўшиб ўқиладиган ротиба суннат намозларини тарк қилишда бардавом бўлса шаҳодати (гувоҳлиги) қайтарилади, қабул қилинмайди, ишончсиз одамга айланади», дейилган. Демак, ўзимизнинг ҳанафий мазҳабимиз китобларида ҳам сафарда суннат намозларини ўқиш тўғрисида фатволар бор экан. Бошқа мазҳабларнинг китобларида ҳам бор экан. Энди, сафарда суннат намозини ўқиса гуноҳ бўлади, деб айтаётган кишиларимиз бу гапларини қаердан олишди экан, деган саволни яна қайтариб айтамиз. Эҳтимол, янги чиққан китоблардан ёки қандайдир бошқа бир ҳолатлардан олган бўлсалар керак, деб янги чиққан китобларнинг энг машҳурларидан бири Қувайт вақф вазирлиги томонидан чиқарилиб ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган «Фиқҳ» энъиклопедиясини қўлга оламиз ва уни таржима қилиб берамиз.Сафарда ротиба суннат намозлари ҳақида: «Ҳанафийлар ва шофеъийлар сафарда нафл намозларини адо қилмоқ мустаҳаб эканини» айтганлар. (Яъни, бу ерда суннат намозлари тўғрисида гап кетяпти) «Чунки, бу суннат намозлар фарзларни тўлдирувчи ҳисобланади». «Тўлдирувчи» дегани фарзда баъзи-бир нуқсон бўлиб қолса, шу фарзга қўшилиб ўқиладиган суннат намозини ўқиганда ана шу нуқсонни тўлдиришга хизмат қилади. Шунинг учун, уларни сафарда ўқиш керак, дейди. «Сафарда суннат намозларини ўқишнинг иккинчи бир ҳужжати шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу намозларни барча ҳолатларида ва сафарларида ўқиганлар. Аҳёнда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу намозларни уловнинг устида бўлса ҳам ўқиганлар». Ўша далиллардан биттаси: «Маккани фатҳ қилиш куни зуҳо намозини ўқиганлари, кечаси ухлаб қолган кечадаги Бомдод намозининг суннатини қазо қилиб бўлса ҳам ўқиганлари» ва жуда кўп ҳадисларда оммавий равишда бу суннат намозларини ўқишга тарғиб қилингани учун. Энсклопедия соҳиблари айтяптики «Мана, борини айтиб қўйдик, энди иш ана шу намозхоннинг ўзига ҳавола қилинади. Унинг ҳимматига ва парҳезкорлигига боғлиқ. Ким динга ҳимматли бўлса ва парҳезкор бўлса намозни ўқийди. Бу икки сифатдан холи бўлса суннатини ўқимай қўйса, ўзи билади». Валлоҳу аълам.333-ЪАВОЛ: Албатта, диндаги ҳар бир ҳолат бўйича, у ҳатто ихтилофли масала бўса ҳам, кўплаб диний адабиётлар мавжуд. Уларнинг айримлари шу мавзуга ба-ғишлаб махсус ёзилган бўлса, айримлари эса шу мавзу атрофидаги маълумотларни беришда ихтилофли масалага ҳам алоҳи-да эътибор қаратиб ўтади. Маълумотларга қараганда имом Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» китоби ҳам шу хусусда далиллар келтирган экан. Ҳозир шу ҳақда сўзланса яхши бўлар эди?333-ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур «Ҳидоя» китоби жуда кўп кишилар томонидан шарҳ қилинган. Ана шу шарҳларнинг биттаси «Ал иная шарҳул Ҳидая» деб аталади. Яъни, «Ҳидоя»нинг «Иноя» деган бир шарҳи. Шу китобда мусанниф қуйидагиларни айтади: «Энг аввало яхши, марғуб иш шуки, фарзларга қўшилиб ўқиладиган суннат намозларини барча ҳолатларда ҳам тарк қилмаслик керак». Яъни «барибир намозни жамоат билан ўқиса ҳам суннатни ўқи-син, ёлғиз ўқиса ҳам суннатни ўқисин, муқим ҳолида уйида турганда ўқиса ҳам ўқисин, сафарда бўлганида ҳам ўқисин», деган гап. Худди шу ишни хулофои рошидин машҳур тўрт халифа қилишган, катта саҳобалар, тобеъинлар қилишган. «Ёлғиз намоз ўқиган инсон савобини кўпайтириш учун ўша суннат намозларини ўқишга ҳожатмаддир». Энди, ҳозирги кундаги энг машҳур китоблардан бири «Иълаунус сунан» китобини олиб кўрайлик. Бу китобнинг соҳиблари Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳанафий мазҳаби устидан танқидлар кўпайиб, бу мазҳабнинг гаплари далилсиз, ҳадисга суянмаган, фикрга суянган нарса кабидир, деган бўҳтон-туҳматлар кўпайганида катта бир илмий жасорат кўрсатиб фиқҳ бобларининг ҳаммасида ҳанафийлар мазҳаби тўплаб келтирган буюк олим ҳисобланадилар. Ва мана шу китоб тарқалганидан кейин ҳанафий мазҳабига осиладиган кишилар жим бўлиб қолганлари ҳаммага маълум. Ана шу улуғ китобнинг 7-жузи 288-бетида «сафарда татовуъ, яъни фарз бўлмаган намозларни нафл, суннат намозларини ўқиш тўғрисидаги боб» деб келтирганлар. Имом Термизий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятни биринчи бўлиб келтирадилар. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан 18 марта сафар қилдим, ана шу сафарим давомида қуёш қиёмдан оққандан кейин, пешиннинг фарзини ўқишдан олдин икки ракат суннат ўқишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор марта тарк қилганларини кўрмадим», дейдилар. Бу ҳадисни Имом Термизий чиқарган бу ҳадисни, Имом Бухорий жуда яхши, деган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга 18 марта сафар қилган саҳобий бу ривоятни қилиб турса, энди ким яна сафарда суннат намоз ўқиш гуноҳ бўлади, сафарда суннатни тарк қилмаслик гуноҳ бўлади, сафарда суннатни тарк қилиш суннатдир, дейиши мумкин? Аввалда, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу «агар мен сафарда суннатни ўқийдиган бўлсам, фарзни батамом қилар эдим» деганлар деб айтиб ўтган эдик. Энди худди ўша зот – Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Имом Термизий яна ривоят келтирадилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадиларки, «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳазарда, яъни сафарда бўлмаган вақтда ва сафарда намоз ўқидим, бас у Зот билан мен сафарда бўлмаган вақтда пешинни тўрт ракат ўқиб, кетидан икки ракат суннат ўқидик», «сафарда эса, Пешиннинг фарзини икки ракъат ўқиб, орқасидан икки ракат суннат ўқидик, Асрнинг икки ракат фарзини ўқидик, ундан кейин у киши бир нарса ўқимадилар, мағрибни ҳазарда ҳам, сафарда ҳам, уч ракатдан фарзини ўқидик, бу сафарда ҳам қисқармайди, ҳазарда ҳам қисқармайди, мағриб–шом намози кундузининг витри ҳисобланади ва ўша шом намозидан кейин яна икки ракат суннат ўқидик» дейдилар. Эътибор қилинг-а, саҳобий Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сафарда ҳам суннат ўқиганларини номма-ном айтяптилар. Яна бошқа ерда «агар сафарда суннатни ўқий-диган бўлсам, фарзни тугал ўқиган бўлар эдим» деяптилар. Бу гапни уламоларимиз таъвил қилган, манашу таҳвийлни «Иълаунус сунан» китобида ҳам ёзиб қўйилибди. Демак, «сафарда суннатни ўқимаслик тўғрисидаги гап, шошиб турганда, юриб турганга жорий қилинади». «Бу бобда келаётган Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадислари эса ўрнашиб олганда, хотиржам бўлгандаги ҳолга таъвил қилинади», дейдилар. Ўша Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадислари давомида имом Таҳовий: «хуфтоннинг фарзини икки ракат ўқиб, ундан кейин икки ракат суннат ўқидилар», деган гапни ҳам келтирган эканлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абу Довуд Сижистонийлар ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бомдоднинг икки ракат суннатини агар устингизга отлиқлар бостириб келаётган бўлса ҳам қолдирманглар», деяптилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб турсалар, ким энди журъат қилиб, «сафарда суннатни ўқиса гуноҳ бўлади» дейиши мумкин ва ким журъат қилиб «сафарда суннатни тарк қилиш суннатдир» дея олади? Амр ибн Розия розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган эканлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «сафарда минган маркаблари устида суннат намозини ўқиб кетаётганларини» кўрган эканлар.Ҳозирги замонда чиққан китоблардан бирини қўлга оладиган бўлсак, бу бугунги куннинг энг машҳур китобларидан бири, доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг «Алфиқҳул исламию ва адиллатуҳу» деган китоби бўлади. Ана шу китобда алоҳида бир сарлавҳа остида «сафарда суннат намозларини ўқиш тўғрисида» фикр юритилганган. У киши: «Нававий айтадиларки, фақиҳ олимлар сафарда нафл намозларини мутлоқ ўқиш мустаҳабдир» деб иттифоқ қилишган. «Суннат намозларини, яъни фарзларга қўшиб ўқиладиган ротиба суннат намозларини мустаҳаб эканлигида» ихтилоф қилдилар. Ибн Умар ва бошқалар уни тарк қилганлар ва ўша суннат намозларини ўқимоқни Шофеъий, у кишининг асҳоблари ва жумҳур уламолар, ҳамма қолган уламолар мустаҳаб» дейишган. Уларнинг далили аввалда қуйидагилардан иборат экан: «Суннат намозларининг, фарзга қўшилиб ўқиладиган ротиба суннат намозларининг тарғиби жуда кўп ҳадисларда келган». «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилган кунлари зуҳо намозини ўқиганлари тўғрисидаги ҳадис ҳам бир далил, бомдоднинг икки ракат суннатини ўқиганлари ҳам бир далил». Яъни «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга қуёш чи-қиб кетгунича ухлаб қолганларидан ке-йин ўрниларидан туриб бомдод намози суннатини қазо қилиб ўқиганлар» мана шу ҳам далил экан. Иккинчидан, «мутлақ навофилларни ўқишга рухсат бор». Ана шу нофила намозларини ўқишга рухсат бўлганидан кейин, энди нима учун «ротиб», яъни лозим бўлган намозларни ўқишга рухсат бўлмас экан, деган хулоса келади. Мана шу ҳолатларни оладиган бўлсак, ҳанафий мазҳабидаги ҳамма катта уламолар суннат намозларини сафарда ўқиш-ни мойиллик билан таъкид қилганлар, айт-ганлар, баъзи-бирлари ихтилоф қилганларини ҳам келтирганлар.Мана бу нарсалар ҳужжат-далиллар китобларда келган матнларнинг эскиси ҳам, янгиси ҳам, ҳанафийси ҳам, ҳанафиймаси ҳам, ҳамма-ҳаммасининг гапи мана шундан иборат. Мана шу гапларнинг хулосасини билиб олишимиз керак. Халқнинг бошини айлантирмаслигимиз керак, ҳар хил жанжал-ихтилофларни чиқармаслигимиз керак. Бу маълумотлар китобларимизда бўла-туриб, бошқа бир гапни чиқариш нима учун керак бўлганини тушуна олмай ҳайрон бўламиз. Эҳтимол ўша гапларни айтаётган зотлар баъзи-бир хужжатларга, далилларга, китобларга суяниб ҳанафий мазҳаби адашган ёки қадимги фуқаҳолар адашган, ҳозиргилари ҳам нотўғри эканини исбот қилган бўлишлари мумкин. Ундай бўлса халққа очиқ-ойдин ана шу тушунчаларини, баҳслари натижасини, илмий изланиши хулосасини айтишлари керак. Мана, «Иноя шарҳи Ҳидоя»да бу гап бўлибди, бу нотўғри, чунки фалон нарсага тўғри келмайди, десинлар. Мана Ислом фиқҳи энъиклопедиясидаги гаплар нотўғри эканини мана бундай қилиб исботлаб берамиз, десинлар. Бошқа мазҳабларнинг китоблари бўл-миш «Мажмуъ шарҳул муҳаззаб», «Туҳфатул муҳтаж, фии шарҳил минҳож», «Муънил муҳтаж» каби китоблар сафарда суннат ўқиса бўлади дебди, буларнинг хатоси бундай, десинлар. Имом Сарахсий «Мабсут»да «сафарда суннатни ўқиш яхши, афзал» дебдилар, у кишининг хатоси бу ерда, деб уни кўрсатиб берсинлар. Ёки Имом Косоний «Бадойиъис саноеъ фии тартибиш шароеъ»да «суннатни сафарда ўқиса бўлади» дебдилар, у кишини хатолари фалон ерда, деб уни ҳам кўрсатиб берсинлар. Ёки «Баҳрур ройиқ канзид дақойиқ» китобида мана шу нарсаларни айтиб, баён қилиб берибди, «суннатни ўқиса бўлади» дебди, бу ҳам хато, бу ҳам гуноҳ, бунинг далили бу, деб уни айтиб берсинлар. Ёки ҳозирги кунда яшаб турган уламоларимиздан Ваҳба Зуҳайлий жанобларининг ҳузурларига бориб нимага «Ал фиқ-ҳул исламию ваадиллатуҳу» деган китобингизда «сафарда суннат намозларини ўқиш мустаҳабдир» деб келтирдингиз, бу хато-ку, деб тушунтирсинлар ёки «Иълаус сунан» китобида келган далиллар, ҳадислар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари нотўғри эканини тушунтириб берсинлар. Шунда ҳаммамиз уларнинг гапи хақ бўлса, гапларига кўнамиз. Бу китобларнинг хатосини тушунтириб беришса хақ бўлсалар қабул қиламиз, орада ихтилоф кўтарилади, бўлган-бўлмаган гапни гапириб юришни йиғиштирган бўламиз, уларга чек қўйган бўламиз. Аллоҳ субханаҳу ва таоло барчаларимизни Ўзи ҳидоятга бошласин, ихтилофдан, тортишувдан, асоссиз, далилсиз, ҳужжатсиз гаплардан сақласин, ҳаммаларимизни аҳил-иноқ бўлиб, ибодатларимизни тўғри адо этиб боришимизни насиб қилган бўлсин. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat