Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Шеърдаги мисралар ҳам ҳисобга тортиладими?

06:38 / 06.11.2017 | vazira | 4284

Ассалому алайкум! Шоирлар Қиёматда ёзган ҳар бир сатри учун савол-жавоб қилинадими? Чунки ёзган шеърида у кимнидир мақтаса кимнидир ерга уриб ёзади ёки ўта муболағадан, ёлғон далиллардан фойдаланади. Аксар ёшлар шеъриятга хобби сифатида енгил қарашмоқда. Ваҳолнки унинг ҳам ўзига хос вазифаси ёки мажбуриятлари бор. Дунёвий шеърларда кимнидир ҳажв қилиш ёки камситиш, ўзи гувоҳи бўлмаган нарсада бирор кишини айблаб қоралаб ёзиш орқали ҳам инсон гуноҳга қолиши, бунинг учун қиёматда ҳисоб-китоб қилиниши мумкинми? Шариатда шеъриятга қандай муносабат билдирилган ёки чеклов қўйилган? Олдиндан раҳмат. (саволнинг жавоби мен учун ўта муҳимдир)


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Қоф” сурасида марҳамат қилади:

إِذْ يَتَلَقَّى الْمُتَلَقِّيَانِ عَنِ الْيَمِينِ وَعَنِ الشِّمَالِ قَعِيدٌ۝  مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ۝

17. Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олганда... 18. бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозир борлар. Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади. Оятда уларни «икки кутиб олувчи» деб айтилмоқда. «Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олганда...» Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинганлар. «…бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозир борлар». Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг назарларидан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирдирлар, дарров ёзиб қўядилар. Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради, ҳаттоки аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг хаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталарнинг ёзиб боришининг бошқа ҳикмати бор: қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган номаи аъмол ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишига, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига сабаб бўлади. Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган, шулардан баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз мукаммалроқ бўлади. Али ибн Абу Толҳа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладики, у зот «Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида: «Ҳар бир яхши-ёмон гапи ёзиб борилади. Ҳаттоки «едим», «ичдим», «бордим», «келдим», «кўрдим» кабилар ҳам. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади», – деган эканлар. Имом Ҳасан Басрий «...ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида» оятини ўқиб туриб: «Эй одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, биттаси – ўнг тарафингдагиси яхшиликларингни ёзади, иккинчиси – чап тарафингдагиси ёмонликларингни ёзади. Нимани хоҳласанг, қилавер – озми, кўпми... Вафот этганингда, саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан...» – деган эканлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида, Товус розияллоҳу анҳудан «Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади», деган ривоятни эшитибдилар-у, дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунларича, инграмаган эканлар. Мазкур саҳифалар ҳаётдаги ишларнинг саҳифасидир, аммо ўлим олдидан жон таслим қилиш саҳифаси ҳам бор.

وَجَاءتْ سَكْرَةُ الْمَوْتِ بِالْحَقِّ ذَلِكَ مَا كُنتَ مِنْهُ تَحِيدُ۝

19. Ўлим талвасаси ҳақиқат бўлиб келди. Мана шу сен қочиб юрган нарсадир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat