Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Зулумкор эрга чидаса ажри борми?

08:50 / 20.12.2017 | Nodira | 5313

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, саволим  агар эр зулумкор бўлса яъни уй жой билан таъминламаса, боқмаса, кийим кeчак қилиб бeрмаса, ўзи хохлаган вақтта уйга кeлса ойлаб хабор олмаса, хиёнаткор бўлса аёли бунга чидаб яшаса охиратда ажри борми? Ёки ўзи ва фарзандларига жабр қилган бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ҳар бир ўтказган вақтига ажр олади. Эр қилган ишига ўзи жавоб беради. Аммо бу суратда шариатимиз аёлга ихтиёр беради. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:

الطَّلاَقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ وَلاَ يَحِلُّ لَكُمْ أَن تَأْخُذُواْ مِمَّا آتَيْتُمُوهُنَّ شَيْئًا إِلاَّ أَن يَخَافَا أَلاَّ يُقِيمَا حُدُودَ اللّهِ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلاَّ يُقِيمَا حُدُودَ اللّهِ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْهِمَا فِيمَا افْتَدَتْ بِهِ تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ فَلاَ تَعْتَدُوهَا وَمَن يَتَعَدَّ حُدُودَ اللّهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ۝

229. Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш. Уларга берган нарсангиздан бирор нарсани олиш сизга ҳалол бўлмас, икковлари Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликдан қўрқсалар, мустасно. Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликларидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларни бузманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, бас, ўшалар, ана ўшалар золимлардир. Яна қайтиб ярашиб, оилавий турмушни қайтадан бошлаб кетиш мумкин бўлган талоқ икки марта бўлади: «Талоқ икки мартадир». Яъни бир марта талоқ қилса, қайта ярашса бўлади, иккинчи марта талоқ қилса, яна ярашса бўлади. Ундан кейин яна талоқ қилса, ярашиб бўлмайди. Бундан олдинги оятда талоқ қилинган аёлни уч қуръу кутишга берилган амрдан кўзланган мақсадларнинг бири ҳам шу. Бу муддат ичида эркак ўз ишига пушаймон бўлиб, ярашишни истаса, марҳамат, аёли кутиб турибди, ярашиб олсин, оила бузилмасин. Мабодо иккинчи марта яна шундай ҳолат юзага келиб қолса, майли, инсончилик, яна ярашсин. Аммо шунча ишлардан кейин яна бир бор талоқ қилса, бу эркак субутсиз одам экани маълум бўлади. Унга хотинни ўйин қилишга йўл қўйилмайди, бечора аёлни азоблашнинг олди олинади ва қайта ярашишга рухсат берилмайди. Бунинг ҳукми келгуси оятда баён қилинади. Бу ерда эса иккинчи талоқдан «Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш» тавсия қилинмоқда. Исломда ҳар бир нарсани яхшилик билан қилиш шиори бор. Талоқ, ажрашиш – хунук иш, кўнгилсиз ҳодиса, лекин Қуръони Карим шуни ҳам яхшилик билан ҳал этишни амр қиляпти. Уруш-жанжалсиз, яхшилик билан ажраб кетиш кераклигини тушунтиряпти. Жуда иложи топилмаса, шундай қилинади. Аслида эса, оятда айтилганидек, «яхшиликча ушлаб қолиш»га, оилани бузмасликка ҳаракат қилиш керак. Талоқ сонининг бундай чеклаб қўйилиши ҳам аслида аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учундир. Исломдан аввал талоқнинг чегараси йўқ эди. Эр киши хотинини хоҳлаганча талоқ қилиб, хоҳлаганича қайтариб олаверарди. Баъзи табиати бузуқ кишилар бу ҳолатдан аёлларни азоблаш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш йўлида фойдаланар эдилар. Бир куни асли мадиналик ансорий кишилардан бири хотинидан аччиғи чиқиб: – Аллоҳга қасамки, сени ўзим билан ҳам олмайман, ажрашмайман ҳам! – дебди. Аёл: – Қандай қилиб? – деб сўрабди. Эркак: – Аввал талоқ қиламан, идданг тугай деганда, қайтариб оламан, сўнг яна талоқ қиламан, яна қайтариб оламан ва ҳоказо, – дебди. Бу гап Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга етганда, Аллоҳ таоло «Талоқ икки мартадир» оятини нозил қилган экан. Шундан аниқ кўриниб турибдики, талоқнинг сонини чегаралаш аёлларнинг ҳаққини ҳимоя қилиш учун бўлган. Маълумки, оиланинг бузилиши турли келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Жумладан, ажралиш пайтида эркакларнинг хаёлига келадиган дастлабки саволлардан бири – «Мен бу аёлга уйланиш чоғимда маҳрига мол-дунё берган эдим, энди ҳам хотиндан, ҳам мол-дунёдан ажраб қоламанми?» деган саволдир. Бу савол воқеъликда ҳам бўлиб туради. Бунга оятда: «Уларга берган нарсангиздан бирор нарсани олиш сизга ҳалол бўлмас» деган ҳукм билан жавоб берилган. Маҳрни эр ўзи рози бўлиб, соф кўнгилдан берган. У аёлнинг ҳаққи. Талоқни ҳам ўзи рози бўлиб қиляпти, уни ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Аёл киши учун оиласининг бузилиши, эридан ажралиш катта мусибат, маҳрини ёки унинг бир қисмини олиб қолиш эса мусибат устига мусибат бўлар эди. Агар аёл эри билан туришни хоҳламай, ўз ихтиёри билан ажрашишни талаб қилса, унда истисно тариқасида, эр никоҳ пайтида хотинига берган маҳрини қайтариб олиши мумкин бўлади: «…икковлари Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликдан қўрқсалар, мустасно». Яъни бундай ҳолда эр берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб олса бўлади. Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликдан қўрқиш ҳолати хотин киши эри билан яшай олмайдиган даражага бориб, ўзи ажрашмоқчи бўлганида вужудга келади. Яъни ажрашишга ҳаракат хотин киши томонидан бўлади. Исломда аёл кишига ушбу ҳуқуқ берилган. «Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликларидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир». Яъни бу шундай ҳолатки, мабодо эр-хотин икковлари бирга яшашда давом этсалар, шариатнинг ҳукми бузилиб, гуноҳкор бўлишлари ҳавфи туғилади: хотин киши ажрашишни қаттиқ талаб қилмоқда. Шунда аёл ўз розилиги билан маҳрнинг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, икковларига гуноҳ бўлмайди. Бу иш шариатда «хулуъ» дейилади. Исломдаги биринчи хулуъ Собит ибн Қайс билан унинг хотини ўртасида бўлган. Имом Молик ибн Анас ўзларининг «Муватто» номли китобларида ривоят қиладиларки, Ҳабиба бинти Саҳл Ансорий Собит ибн Қайс ибн Ғаммосга турмушга чиққан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни тонг чоғида ташқарига чиқсалар, қоронғида Ҳабиба бинти Саҳл турган экан. – Бу аёл ким? – дедилар. У: – Мен Ҳабиба бинти Саҳлман, мен билан Собит ибн Қайс бирга яшай олмайдиганга ўхшаймиз, – деди. Унинг эри Собит ибн Қайс келганида, Набий алайҳиссалом: – Мана бу Ҳабиба бинти Саҳл Аллоҳнинг хоҳлаганича айтадиган гапини айтди, – дедилар. Шунда Ҳабиба: – Эй Аллоҳнинг Расули, ҳамма берган нарсаси менда турибди, – деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Собитга: – Ундан берган нарсаларингни ол, – дедилар. Худди шу ҳодисанинг тафсилотини тўлдирган бошқа ривоятлардан билиб оламизки, жумладан, Ҳабиба бинти Саҳл Расулуллоҳ алайҳиссаломга: – Мен уни динида ёки хулқида айблай олмайман, лекин Исломда куфр келтиришдан қўрқаман, – деган. (Яъни эр ҳақидаги диний амрларни бажара олмай, гуноҳкор бўлишдан қўрқаман). У яна: – Пардани кўтариб қарасам, бир гуруҳ одамлар билан келаётган экан, назар солсам, у ҳаммасидан қора ва пакана экан. Энг хунуги ҳам шунинг ўзи экан, – деган. Шунда эри: – Эй Аллоҳнинг Расули, мен унга энг яхши молим, – боғимни берган эдим, агар менга боғимни қайтариб берса, майли, – деган. Набий алайҳиссалом Ҳабибага: – Нима дейсан? – деганлар. У эса: – Хоҳласа, зиёда ҳам бераман, – деган. Шунда Расулуллоҳ уларнинг орасини ажратиб қўйганлар. Оилавий ишларда талашиб-тортишиш, турли ихтилофли ҳолатлар кўплаб учраб турганлигидан оятнинг охирида Аллоҳдан қўрқиш – тақво қилиш қайта-қайта такрорланади. «Бас, уларни бузманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, бас, ўшалар, ана ўшалар золимлардир». Хулуъ – аёлларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун очиб берилган яхши йўлдир. Баъзи тушунмаган кишиларнинг «Исломда аёлларнинг ажрашишга ҳақлари йўқ», дейишлари ноўрин экани шундан кўриниб турибди. Аёл кишининг эри билан турмуши давом этишига кўзи етмай қолса, қозига арз қилиб, хулуъ билан ажрашиб кетса бўлаверади. Ушбу ҳолатларни Ҳазрати Умар даврларида бўлиб ўтган бир ҳодиса ҳам тасдиқлайди. Ҳазрати Умарнинг олдиларига эрига қарши чиққан бир хотинни олиб келишибди. У зот аёлни ахлат тўпланган уйга қамаб қўйишни буюрибдилар. Вақти келиб, аёлни опкелтирибдилар ва: – Ҳолинг қалай? – деб сўрабдилар. Аёл бўлса: – Эрга текканимдан буён фақат сиз қамаб қўйган куни роҳат қилдим, – дебди. Ҳазрати Умар аёлнинг эрига қараб: – Унинг исирғасини олиб бўлса ҳам, хулуъ қил, – деган эканлар. Энди икки марта талоқдан кейин ярашиб, бирга яшаб юрган эр ўз хотинини учинчи марта талоқ қилса, нима бўлиши ҳақида сўз кетади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat