Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳадис мазмуни

20:28 / 05.01.2018 | Yunusobod | 4764

Ассалому алайкум! Устозлар Ҳазрат раҳимаҳуллоҳнинг “Очиқ хат” китобларида шундай мазмундаги ҳадисни кўрдим. «Али розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай одамлар келадики улар Қуръон ўқийди томоғидан ўтмайди» дейилган.(узур тўлиқ келтираолмадим). Шу ҳадисни шарҳи қандай бўлади?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَخْرُجُ فِيكُمْ قَوْمٌ تَحْقِرُونَ صَلَاتَكُمْ مَعَ صَلَاتِهِمْ، وَصِيَامَكُمْ مَعَ صِيَامِهِمْ، وَعَمَلَكُمْ مَعَ عَمَلِهِمْ، وَيَقْرَأُونَ الْقُرْآنَ لَا يُجَاوِزُ حَنَاجِرَهُمْ، يَمْرُقُونَ مِنَ الدِّينِ كَمَا يَمْرُقُ السَّهْمُ مِنَ الرَّمِيَّةِ، يَنْظُرُ فِي النَّصْلِ فَلَا يَرَى شَيْئًا، وَيَنْظُرُ فِي الْقِدْحِ فَلَا يَرَى شَيْئًا، وَيَنْظُرُ فِي الرِّيشِ فَلَا يَرَى شَيْئًا، وَيَتَمَارَى فِي الْفُوقِ

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ичингиздан бир қавм чиқади. Уларнинг намози олдида ўз намозингизни, рўзаси олдида ўз рўзангизни, амали олдида ўз амалингизни ҳақир санайсиз. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар диндан камон ўқи овдан чиққанига ўхшаб, тез чиқадилар. У ўқнинг учига қараса, ҳеч нарса кўрмайди. У ўқнинг чўпига қараса, ҳеч нарса кўрмайди. У ўқнинг патига қараса, ҳеч нарса кўрмайди. Ва у ўқнинг ипга ўрнашадиган жойидан гумон қилади», дедилар».

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида келажакда бўладиган ишлардан бири ҳақида хабар берганлар. 

«Ичингиздан бир қавм чиқади». 

Яъни «Келажакда сиз, мусулмонларнинг ичингиздан бир тоифа одамлар чиқади». «Уларнинг намози олдида ўз намозингизни, рўзаси олдида ўз рўзангизни, амали олдида ўз амалингизни ҳақир санайсиз». 

Яъни «Улар намозни шундай жойига қўйиб ўқишадики, сизнинг намозингиз уларнинг намози олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Улар рўзани шундай тутадиларки, сизнинг рўзангиз уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Улар бошқа амалларни шундай қиладиларки, сизнинг амалингиз уларнинг амали олдида ҳеч нарса бўлмай қолади». 

«Улар Қуръонни қироат қиладилар». 

Яъни ўша келажакда чиқадиган тоифа одамлари Қуръони Каримни ҳам қойиллатиб қироат қиладилар. 

«Аммо бўғизларидан нари чиқмайди». 

Уларнинг қироатлари бўғизларидан чиқмаслиги Қуръони Каримнинг маънолари уларнинг қалб¬ларига етиб бормаганидан бўлади. Улар ҳамма нарсаларни, жумладан, Қуръони Карим қироатини ҳам риёкорлик ва хўжакўрсинга қилаётган бўладилар. 

«Улар диндан камон ўқи овдан чиққанига ўхшаб, тез чиқадилар». 

Яъни ўша васфга эга бўлган одамлар диндан тез чиқадилар. Бу иш худди бир овчи ўз камонидан овга ўқ узганда ов қочиб кетганига ўхшайди. 

«У ўқнинг учига қараса, ҳеч нарса кўрмайди». 

Овчи бориб, ўқни олиб, унинг учига қараса, овнинг асари ҳам йўқ. 

«У ўқнинг чўпига қараса, ҳеч нарса кўрмайди». 

Овчи «Ўқнинг учи тегмаган бўлса, чўпи теккандир», деб ўқнинг чўпига қараса, унда ҳам ҳеч қандай асар йўқ. 

«У ўқнинг патига қараса, ҳеч нарса кўрмайди». 

Овчи яна ҳайрон бўлиб, ўқнинг кетига ўрнатилган патига қараса, унда ҳам овнинг асарини кўрмайди. 

«Ва у ўқнинг ипга ўрнашадиган жойидан гумон қилади». Шунда у ҳеч бўлмаса, ўқнинг ипга ўрнашадиган жойига қон-пон теккандир, деб гумон қилади. Худди шунингдек, ҳалиги тоифа ҳам бирпасда Исломдан чиқади ва улардан бу диннинг асарини ҳам топиб бўлмай қолади. Чунки улар ҳамма нарсани чин ихлос билан эмас, риёкорлик билан қилаётган эдилар. Уламоларимиз бу ҳадиси шарифда васфи келган тоифа хаворижлар эканига иттифоқ қилганлар. Чунки шу маънодаги бошқа ҳадиси шарифларда уларнинг бошқа сифатлари ҳам баён қилинган бўлган. Ҳаммаси солиштирилганда хаворижларга тўғри келган. Демак, Қуръони Каримни юзакилик билан, риёкорлик учун эмас, чин ихлос билан, қалбдан чиқариб тиловат қилиш, ўрганиш ва унга амал қилиш керак экан.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: يَأْتِي فِي آخِرِ الزَّمَانِ قَوْمٌ حُدَثَاءُ الْأَسْنَانِ سُفَهَاءُ الْأَحْلَامِ، يَقْرَأُونَ الْقُرْآنَ لَا يُجَاوِزُ تَرَاقِيَهُمْ، يَقُولُونَ مِنْ خَيْرِ قَوْلِ الْبَرِيَّةِ، يَمْرُقُونَ مِنَ الْإِسْلَامِ كَمَا يَمْرُقُ السَّهْمُ مِنَ الرَّمِيَّةِ، لَا يُجَاوِزُ إِيمَانُهُمْ حَنَاجِرَهُمْ، فَأَيْنَمَا لَقِيتُمُوهُمْ فَاقْتُلُوهُمْ، فَإِنَّ قَتْلَهُمْ أَجْرٌ لِمَنْ قَتَلَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُمَا الْأَرْبَعَةُ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Охири замонда ёшлари кичик, ақллари паст қавм келади. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо кекирдакларидан ўтмайди. Улар одамларнинг энг яхши гапларини айтадилар. Улар диндан ўқ овдан чиққанидек чиқадилар. Уларнинг иймонлари бўғизларидан нарига ўтмайди. Бас, уларни қаерда кўрсангиз, қатл қилинг. Албатта, уларни қатл қилганларга қиёмат куни ажр бордир», деганларини эшитдим».

Иккисини тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги ҳадиси шарифдаги маъно бошқа иборалар ва баъзи изофалар ила таъкидланмоқда. Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси «Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида мана шу тоифа чиқди», деб айтдилар. Уларга аввал ҳам айтиб ўтилганидек, хавориж номи берилди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввал уларга хатоларини англатиб, кўзларини очишга кўп уриндилар. Аммо бўлмади. Улар ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳам, бошқаларни ҳам кофир деб фатво чиқардилар ва уруш бошладилар. Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам уларга қарши қаттиқ жанглар қилдилар. Шу билан бирга, Али розияллоҳу анҳу улар ҳақида инсоф билан ҳақиқатни айтдилар. Одамлар у кишидан: «Улар кофирларми?» деб сўрадилар. «Улар куфрдан қочдилар», дедилар. «Улар мунофиқларми?» деб сўрадилар. «Мунофиқлар Аллоҳни жуда оз зикр қиладилар. Анавилар бўлса Аллоҳни эртаю кеч зикр қиладилар», дедилар. «Улар ким?» деб сўрадилар. «Улар фитнага учраб, кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлган қавм», дедилар. Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Демак, Қуръони Каримни ўқиганидан ғурурга кетмай, риёкорлик қилмай, қайтага аввалгидан ҳам синиқ бўлиб, эътиқодни мустаҳкам қилишга ҳаракат қилмоқ лозим экан. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat