Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Рамазон киришини айтиш

18:09 / 16.01.2018 | Dilnoza | 1392

Ассалому алайкум! Ҳурматли илм аҳли, мeн бир гапни eшитдимкии агар рамазон ойи қачон кириб кeлиши ҳақида бошқа бир инсонга eтказган одам дўзах ўтидан сақланар экан. Шу гап тўғрими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бу ҳадис тўқима бўлиб, Рамазон ойининг қайси кунда бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу каби тўқима гапларни ҳадис деб тарқатишдан эҳтиёт бўлиш керак. Бунинг оқибати жуда ёмон.

وَهُوَ الأثَرُ الْمَشْهُورُ عَنْ رَسُولِ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ حَدَّثَ عَنِّي بِحَدِيثٍ يُرَى أَنَّهُ كَذِبٌ فَهُوَ أَحَدُ الْكَاذِبِينَ حَدَّثَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ أَبِي شَيْبَةَ حَدَّثَنَا وَكِيعٌ عَنْ شُعْبَةَ عَنِ الْحَكَمِ عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي لَيْلَى عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدَبٍ ح وحَدَّثَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ أَبِي شَيْبَةَ أَيْضًا حَدَّثَنَا وَكِيعٌ عَنْ شُعْبَةَ وَسُفْيَانَ عَنْ حَبِيبٍ عَنْ مَيْمُونِ بْنِ أَبِي شَبِيبٍ عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ قَالا قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَلِكَ 

Муғийра ибн Шўъба розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менинг номимдан ёлғон деб гумон қилинган ҳадисни айтса, бас, у ёлғончиларнинг биридир», дедилар.  

عَنْ عَبْد ِاللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар». 
Бухорий ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишмиз. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим масалани баён қилмоқдалар.
1.«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар».  Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар. Ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар.
2.«Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ».  Бу иш рухсат берилган доирада бўлиши кераклигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Чунки бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳли китобларни тасдиқламанглар ҳам, ёлғончи ҳам қилманглар. Аллоҳга ва У зотдан ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, денглар», деганлар. Шунинг учун уларнинг шариатимизга мувофиқ нарсаларини тасдиқлаймиз, шариатимизга номувофиқларини ёлғон, деймиз.
3.«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин». Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан, деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Оз бўлса ҳам, ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.
2. Бани Исроил ҳақида шариатимиз изн берган маънода гапириш жоизлиги.
3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахий бўлиши. Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Билган нарсаларимизни оз-оздан бўлса ҳам, ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур. Қанчадан-қанча кишилар калимаи шаҳодатни ўрганишга муҳтожлар. Уларга бу нарсани билганлар ўргатмаса, ким ўргатади? Қанчадан-қанча кишилар ақалли бир оятни ҳам, Қуръондаги кичик сураларни ҳам билмайдилар. Уларга ҳам билганлар ўргатмай, ким ўргатади?! Таҳорат, ғусл, намоз, жаноза ва бошқа кўплаб шаръий аҳкомларни билмайдиганларимиз кўп. Буларнинг ҳаммасини уларга биладиганлар ўргатиши лозим. Баъзи нарсаларни билганлар ундан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни билишга интилишлари, ўзларидан кўпроқ биладиганлардан ўрганишлари лозим бўлади ва ҳоказо. «Бани Исроил» ва бошқа аҳли китоблар ҳақида ҳам билганлар билмаганларга гапириб, шариатимизнинг уларга бўлган муносабатларини тушунтириб беришлари лозим. Чунки билимсизлик оқибатида улар билан нотўғри муносабат ва алоқалар вужудга келмоқда. Кишиларимиз адашиб, катта хатоларга йўл қўймоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишининг ҳам олдини олиш лозим. Билиб-билмай, турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳақийқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat