Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тўй ҳақида

15:03 / 26.04.2018 | Abdurrahmon | 1609
Ассалому алайкум! Бир қўшиқчи акамиз "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ тўйини етти маҳалла эшитсин" деганлар деб қолди. У шу бемаза данғир дунғурларни қилиш кераклигини айтиб, маърўзалар тўйларда эмас азаларда бўлишлигини айтмоқда. Мен у машшоқнинг бемаза сафсатасига заррача ҳам парво қилмаганман аммо нозик бир масала пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги маънода заиф бўлсада ривоят бўлса-чи деган ўй мени жим қилди. Билмаганим учун сизга мурожаат қилмоқдаман.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳни эълон қилишга буюрганлар. Шиққилдоғи йўқ чилдирма чалишни ҳам айтганлар. Бу ишни юртимизда келинни олиб чиқаётган вақтда карнай-сурнайлар билан аъло даражада бажарилади. Куёв уйланаётгани ёки уйланганини изҳор қилиб, валийма қилиб бериши суннат. Валийма деб ўз яқинларига бир зиёфат уюштириб беришга айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳобалардан тобеъинлардан ва табаъ тобеъинлардан валиймада ўша чилдирмани чалиш деган нарсани ҳам зикри келмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан кейингилар валийма қилиб бераётганларида қизлар келиб чилдирма олиб келиб нашида айтганлар ёки саҳобалар чилдирма чалиб нашида айтиб ўйинга тушганлар деган жойи йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёр-ёр каби нашидаларни айтишни келиннинг дугоналарига рухсат берганлар. Бу ишни улар алоҳида келиннинг даврасида қилишган. Ҳозирги кундаги келин куёвларнинг дўст дугоналарини, қариндош чолу-кампирларни бир жойга йиғиб уларнинг олдиларига Аллоҳ рухсат бермаган ичимликларни қўйиб, ҳаммасини аралаш-қуралаш қилиб беҳаё ўйинга тушириш ва етти маҳалани тинчини бузиш, чет элдаги шайтонларгача қолдирмай тўй қилинган маҳаллага йиғиб келтириш, буни фисқ дейилади. Бундай жойдан фаришталар қочиб кетади. Ичимлик, шайтон, беҳаёлик ва фосиқлик келажакда албатта келин куёв ҳаётига ўз таъсирини ўтказади. Гуноҳ билан бошланган ҳаёт узоққа бормайди. Буни исбот қилишга хожат йўқ. Оилаларнинг ажралиши ўзи гувоҳлик бериб турибди. Тилаклар билдирилади. Шояд ўша тилаклар ижобат бўлса. Қандай ҳам ижобат бўлсин. Фаришталар қочган, шайтонлар йиғилган, нопок нарсалар қўйилган, оғизлар булғанган, бир вақтда юзлаб гуноҳлар содир бўлган ҳолатда қандай қилиб тилак ва дуолар ижобат бўлсин. Унда жойга бало ёғилмаганликка шукр қилиш керак. Ҳар тўйда ўнлаб тилаклар билдирилади. Шояд бирортаси ижобат бўлса, асло ажрашган оилалар бўлмасди. Унинг акси бўлган валималарга қаранг. Бошланиши тиловат, таомлар ҳалол покиза, йиғилганлар қадрдонлар, ҳадисга биноан бажарилаётган иш суннат, қилинаётган дуолар дуо шартларига мувофиқ, тиловат қилинган жойга фаришталар ҳозир бўлиши ҳадислардан маълум, бундай жой шайтонларга қулай эмас, тилаклар самимий, ҳар бир ишдан валийма аҳлига савобу савоб ва маҳалла аҳлига раҳматлар ёғилган, ортидан мастлик, талоқ, уруш жанжал деган нарса йўқ, ортидан дуоларга кўмилган оила ва энг асосийси Аллоҳ розилиги бор. Шайтон ва унинг аҳли ҳасратда. Гуноҳ қилувчи ҳам мард бўлиши керак. нафси бузуқлик қилиб гуноҳ қилса ҳам гуноҳига баҳона тўқимай тан олиб надомат қилиши керак. Хусусан Расулуллоҳга боғлашдан сақланиш керак.
"Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ тўйини етти маҳалла эшитсин деганлар" деган гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очиқ-ойдин туҳматдир. Бу туҳматнинг жазосини ўзлари қуйидаги ҳадисда баён қилганлар. 

عَنْ عَبْد ِاللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ  

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим масалани баён қилмоқдалар.
1.«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар».
Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар. Ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар.
2.«Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ».
Бу иш рухсат берилган доирада бўлиши кераклигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Чунки бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳли китобларни тасдиқламанглар ҳам, ёлғончи ҳам қилманглар. Аллоҳга ва У зотдан ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, денглар», деганлар.
Шунинг учун уларнинг шариатимизга мувофиқ нарсаларини тасдиқлаймиз, шариатимизга номувофиқларини ёлғон, деймиз.
3.«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин».
Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан, деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Оз бўлса ҳам, ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.
2. Бани Исроил ҳақида шариатимиз изн берган маънода гапириш жоизлиги.
3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахий бўлиши.
Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Билган нарсаларимизни оз-оздан бўлса ҳам, ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур. Қанчадан-қанча кишилар калимаи шаҳодатни ўрганишга муҳтожлар. Уларга бу нарсани билганлар ўргатмаса, ким ўргатади?
Қанчадан-қанча кишилар ақалли бир оятни ҳам, Қуръондаги кичик сураларни ҳам билмайдилар. Уларга ҳам билганлар ўргатмай, ким ўргатади?! Таҳорат, ғусл, намоз, жаноза ва бошқа кўплаб шаръий аҳкомларни билмайдиганларимиз кўп. Буларнинг ҳаммасини уларга биладиганлар ўргатиши лозим. Баъзи нарсаларни билганлар ундан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни билишга интилишлари, ўзларидан кўпроқ биладиганлардан ўрганишлари лозим бўлади ва ҳоказо.
«Бани Исроил» ва бошқа аҳли китоблар ҳақида ҳам билганлар билмаганларга гапириб, шариатимизнинг уларга бўлган муносабатларини тушунтириб беришлари лозим. Чунки билимсизлик оқибатида улар билан нотўғри муносабат ва алоқалар вужудга келмоқда. Кишиларимиз адашиб, катта хатоларга йўл қўймоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишининг ҳам олдини олиш лозим. Билиб-билмай, турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳақийқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас.  ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat