Сиз айтаётган гап одамларимизнинг илмсизлиги оқибатида тарқаган. Улар билиб билмай ҳар нарсани гапираверишни ўзларига эп кўрадилар. Аслида эса, гап бошқача. Уламолар бу масалада қуйидагиларни айтадилар.- Заиф ҳадисга амал қилишнинг ҳукми. Уламолар заиф ҳадисга амал қилиш борасида ихтилоф қилдилар. Уларнинг бу борадаги ихтилофлари асосида уч хил йўналиш пайдо бўлди.1. Заиф ҳадисга мутлақо амал қилиб бўлмайди дейдиган уламоларнинг йўналиши. Бу гапни Яҳъё ибн Маъийн ва бошқа кўпгина уламолар айтганлар. Уларнинг фикрича, заиф ҳадисга шаръий ҳукмларда ҳам, бир нарсага тарғибот қилишда ҳам, ёмонликдан қайтаришда ҳам, фазийлатли ишларда ҳам амал қилиб бўлмайди.«Қавоидут таҳдийс» китобининг муаллифи Муҳаммад Жамолиддийн Қосимийнинг фикрича, Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ҳам шу йўлни тутганлар.Ўз асрларида мазҳабларининг кўзга кўринган имомларидан бўлган моликийлардан Абу Бакр ибн Арабий, шофеъийлардан Абу Шома Мақдисий, зоҳирийлардан Ибн Ҳазмлар ҳам ушбу йўналишда бўлишган. Уларнинг фикрига биноан, ҳадис Қуръондан кейинги иккинчи шаръий манбаъ бўлгани учун ундан фақат собит бўлгани ва собитлиги ғолиб бўлганини қабул қилиш керак бўлади. Заифини эмас.2. Агар бошқа далил бўлмаса, заифга амал қилса бўлаверади.Бу йўналиш тарафдорлари Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Абу Довудлар ушбу гапнинг тарафдорлари эканини таъкидлайдилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал р-ҳ.идан «Агар бошқаси топилмаса, заифга амал қилинади», деган қовлни ривоят қиладилар. Шунингдек, у кишидан яна, «Бизнингча, заиф ҳадис одамларнинг раъйидан маҳбубдир» деган гапни ривоят қиладилар.Аммо уламолар Имом Аҳмад «заиф» деб атаган ҳадис кўпчилик учун маълум бўлган, мардуд деб баҳоланадиган ва тарк қилиниши лозим бўлган «заиф» эмаслигини таъкидлайдилар.Бу ҳақда Ибнул Қаююм айтади: «Унинг (Аҳмад ибн Ҳанбал»нинг) ҳузурида заифдан мурод ботил ва мункар, ривоятида тўҳматга учраган ровий бор, ривоят қилиш ҳам, амал қилиш ҳам мумкин бўлмаган ҳадис эмас. Унинг назаридаги «заиф» саҳиънинг қаршисидаги ҳадис бўлиб ҳасан ҳадиснинг қисмларидан бир қисмдир. У ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан ва заифга тақсимламас эди. Балки, саҳиҳ ва заифга тақсимлар эди».3. Заиф ҳадисга фазийлатли ишларда, мавиъзада, қиссаларда, тарғиботда, ёмонликдан қайтаришда ва шунга ўхшаш нарсаларда амал қилса бўлади.Жумҳур уламолар, агар заиф ҳадис фазийлатли амалларга хос бўлса, унга амал қилиш мустаҳабдир, дейдилар. Лекин унга амал қилишнинг учта шарти бор. Ҳофиз ибн Ҳажар мазкур учта шартни қуйидагича ифода қилади. А). Заифлиги жуда ҳам шиддатли бўлмаслиги керак.Б). Ўша ҳадиснинг маъноси шариатда амал қилиниб турган бир аслнинг остига кирадиган бўлиши керак.В). Амал қилиниши билан бирга, унинг собитлигига эътиқод қилмаслик керак, балки эҳтиёт шарт, деган тушунчада бўлиши керак.