Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Биз хам умид қиламизми?

12:14 / 21.06.2018 | Ibrohim | 2653
Ассалому алайкум! Халифа Муовия ибн Абу Суфён Оиша (р.а.) онамизга 100.000 дирхам юбордилар. Оиша онамиз бу пулни хаммасини тарқатиб юбораётганларида чўрилари - "Эй она бу пулдан озгинасига гўшт олиб қорнимизни тўйғизсак ва кийимингиз йиртилибти, шуни янгиласангиз" - дебти. Оиша онамиз унга - "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга "Эй Оиша, агар дунёда мен билан бирга бўлгандек охиратда хам бирга бўлишни истасангиз дунёда мусофир одам ўзига жамғарма тўплагандек нарсани тўпланг ва бойларни мажлисидан узоқроқ бўлинг ва бир кўйлагиззи эскитиб юзатмасдан туриб янгисини сотиб олманг " деб васият қилганлар. Мен улар билан охиратда хам бирга бўлишни истайман" - деб тарқатиб ташладилар. Хақиқатан шундай бўлганми? Агар бўлган бўлса биз хам юқоридаги уч ишни қилсак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишдан умид қиламизми?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Ҳақиқатан шундай бўлган. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлиш учун у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига айтган ишларини қилишимиз керак. 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَالرَّسُولَ فَأُوْلَئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَئِكَ رَفِيقًا۝ 

Аллоҳ таоло:
«Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, ‎‎сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва улар қандай ҳам яхши ‎‎рафиқлардир!», деган («Нисо» сураси, 69-оят).
Ушбу оятни ўқиган ҳар бир кишининг қалбида Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш истаги туғилиши ва кучайиши турган гап. Чунки ўзини билган, эси бор ҳар бир одам учун набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва мусулмонлар оммаси ичидан етишиб чиққан солиҳлар (яхши ишлари ила машҳур бўлган кишилар) билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ!
Бу бирлик, албатта, жаннатда бўлади. Жаннатдаги мақомларда эса мазкур бахтиёр тоифаларнинг мақоми энг юксак мақомлардир. Бу дунёда баъзи бир солиҳлар билан бир марта кўришиб қўйган, бирорта мажлисда бирга бўлган кишилар умр бўйи ёдлаб, фахрланиб юрадилар.
Бу оятда зикр қилинаётган биргалик эса у дунёда битта эмас, балки барча набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва аҳли солиҳлар билан, абадий бўлади. Бундай тенгсиз бахтни яхшироқ тасаввур қилиш учун инсоният тарихидаги энг бахтли авлод – саҳобалар авлоди Пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга бўлишга қандай аҳамият берганини ўрганиб чиқайлик.
Ибн Жарийр Саъийд ибн Жубайрдан ривоят қиладилар:
«Ансорийлардан бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига хафа ҳолида келди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Эй Фалончи, сенга нима бўлди? Хафа кўринасан?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бир нарсани ўйлаб, хафа бўлдим», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У нима эди?» деб сўрадилар.
«Биз эртаю кеч юзингизга назар соламиз, сиз билан бирга ўтирамиз. Эртага Пайғамбарлар ҳузурига равона бўлсангиз, сизга етиша олмай қоламиз», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса демай, жим қолдилар. Бир оздан сўнг Жаброил:
«Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар ‎Аллоҳ неъмат берган набийлар, ‎‎сиддиқлар, шаҳидлар ‎ва солиҳлар билан биргадирлар» оятини олиб келди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг ортидан одам юбориб, башорат бердилар».
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Рабиъ ибн Каъб ал-Асламий қуйидагиларни айтдилар:
«Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида тунаб қолган эдим. У кишига керакли нарсаларни, таҳоратларига сувни тутдим. У зот менга:
«Сўра», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатда сизнинг рафиқингиз бўлишни сўрайман», дедим.
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар.
«Фақат шуни», дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга бу ишда сен ўзинг кўп сажда қилиш ила ёрдам бер», дедилар».
Бу дунёда Пайғамбар алайҳиссаломнинг суҳбатларининг ҳаловатини тотган саҳобаларда у зот билан охиратда ҳам ҳамсуҳбат бўлишга зўр ва мислсиз иштиёқ бор эди. Ҳар бир мўмин-мусулмон бундай мақомга эришишни хоҳласа, ҳозир биз ўрганаётган оятга амал қилиб, Аллоҳга ва Унинг Расулига сўзсиз итоат этмоғи лозим. Ана ўшанда улар яхши рафиқларга соҳиб бўладилар. Бу нарса Аллоҳнинг уларга берган фазли-марҳамати бўлур. 

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، كَيْفَ تَقُولُ فِي رَجُلٍ أَحَبَّ قَوْمًا وَلَمْ يَلْحَقْ بِهِمْ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمَرْءُ مَعَ مَنْ أَحَبَّ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ  

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бир қавмни яхши кўрган ва уларга етиша олмаган одам ҳақида нима дейсиз?» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши суйганлари билан биргадир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «уларга етиша олмаган» жумласини икки хил тушуниш мумкин. Бири «уларга бориб қўшила олмаган», иккинчиси «улар қилган яхши амалларча амал қила олмаган» бўлиши мумкин. Аммо ҳар иккисида ҳам ўша қавмга бўлган муҳаббат ўз эгасининг ўзи муҳаббат қилган қавмларга бориб қўшилишига сабаб бўлар экан.
Ким яхшиларни яхши кўрса, уларга қўшиб қайта тирилтирилар экан. Ким ёмонларни яхши кўрса, улар билан бўлар экан. Шунинг учун доимо мўмин-мусулмон ва тақводорларга муҳаббат қўймоқ зарур. 

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَتَى السَّاعَةُ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: مَا أَعْدَدْتَ لَهَا؟ قَالَ: مَا أَعْدَدْتُ لَهَا مِنْ كَثِيرِ صَلَاةٍ وَلَا صِيَامٍ وَلَا صَدَقَةٍ وَلَكِنِّي أُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ، قَالَ: أَنْتَ مَعَ مَنْ أَحْبَبْتَ. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: فَقُلْنَا: وَنَحْنُ كَذَلِكَ، قَالَ: نَعَمْ، فَفَرِحْنَا يَوْمَئِذٍ فَرَحًا شَدِيدًا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَاللهُ أَعْلَمُ  

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қиёмат қачон, эй Аллоҳнинг Расули!» деб сўради.
«Сен унга нима тайёрладинг?» дедилар.
«Мен унга кўп намоз, рўза ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўраман», деди.
«Сен ўзинг яхши кўрганлар билан биргасан», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Биз ҳам шундайми?» дедик.
«Ҳа», дедилар.
Ўша куни қаттиқ хурсанд бўлдик»
ни зиёда қилган.
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Аллоҳ билгувчироқдир.
Шарҳ: Демак, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат улуғ нарса. Бу муҳаббат ўз эгасини бу дунёда Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга ва у дунёда жаннатга етаклайди. Жаннатда бўлганда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat