Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Асранди болани ўз исми билан аташ ҳақидаги оят

17:19 / 16.11.2018 | Fazliddin | 427
Ассалому алайкум! Устозлар, Қуръонда қайси сурада асранди болани исмини ёки фамилясини ўзгартирмаслик маъносида оят далил келган?

"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! “Аҳзоб” сурасида: 

 ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِندَ اللَّهِ فَإِن لَّمْ تَعْلَمُوا آبَاءهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ وَمَوَالِيكُمْ وَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ فِيمَا أَخْطَأْتُم بِهِ وَلَكِن مَّا تَعَمَّدَتْ قُلُوبُكُمْ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا۝ 

5. Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ, бироқ қалбларингиз қасд қилган нарсада (бор). Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Бу оятлар нозил бўлгунича, одамлар бировнинг боласини ўғил қилиб олиб юрганлар. Инсонлар жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар ила иш тутишган. Энди эса оят нозил бўлиб, бу одатни ботил қилди. Ўз-ўзидан, одамларда «Нима қилиш керак, аввал асраб олинган фарзанд хусусида нима қиламиз?», «Олдинги ишларимиз учун ҳам жавоб берамизми?» каби саволлар пайдо бўлади. Ушбу ояти карима ана шу саволларга жавоб бермоқда.
«Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир».
Яъни «Асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўзининг ҳақиқий отаси номи билан чақиринглар».
Имом Бухорий ва имом Муслимлар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳнинг мавлолари – дўстлари Зайд ибн Ҳорисани фақат «Зайд ибн Муҳаммад», деб чақирар эдик. Қуръони Каримнинг «Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга: «Сен Зайд ибн Ҳориса ибн Шурҳабийлсан», – дедилар».
«Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир».
Мабодо, асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким экани маълум бўлмаса, улар сизга Ислом дини бўйича қардош бўладилар. «Дин қардошим», деб мурожаат қилинглар. Ёки мавлоингиз, яъни дўстларингиз бўладилар. «Эй дўстим», деб мурожаат қилинглар. Аммо, зинҳор «Ўғлим», «Фарзандим», деб мурожаат қилманглар.
Ушбу оятлар нозил бўлгунга қадар бировнинг боласини, фарзандим, деб, унга ўз сулбидан бўлган фарзандига қилган муомалани қилиб юрганлар бу ҳақдаги илоҳий ҳукмни билмаган эдилар.
«Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ...»
Шунинг учун бу оятлар нозил бўлгунча қилган ишларингизни ўйлаб, хижолат бўлманг, энди ҳукмни билдингиз, унга амал қилишга ўтинг.
«...бироқ қалбларингиз қасд қилган нарсада (бор)».
Аммо ўша ишни билмасдан эмас, билиб туриб қилган бўлсангиз, гуноҳга қоласиз. Бировнинг боласини «ўз болам», деб даъво қилиш гуноҳ эканини билиб туриб, шу ишни қилсангиз, гуноҳ бўлади.
«Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Ҳа, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир.
Хатоларни кечиради ва тўғри йўлни Ўзи лутф билан кўрсатади.
Дилингиздан қасд қилган бўлсангиз ҳам, тавба қилсангиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир, кечиради, яъни билмасдан қилинган хато учун Аллоҳ сизни гуноҳкор қилмайди. Аммо қасддан қилган гуноҳингиздан ҳам қайтишга йўл бор».
Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, биров бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни «ўз болам», дейиши ҳаромдир. Шунингдек, бировни «отам» деб танлаши ҳам катта гуноҳдир.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўзи билиб туриб, отасидан бошқанинг боласиман, деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир», – деганлар.
Чунки Ислом кўзда тутган олти катта масаладан бири инсон наслини муҳозафа қилишдир. Шунинг учун ҳам никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўпгина ҳукмлар жорий қилинган. Ҳамма нарса инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол аралашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади. Инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-хариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади. Бир куни келиб, ота ўз қизига ёки ака синглисига уйланиб қолиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ҳам ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши муқаррар. Шунинг учун Исломда бу иш ҳаром қилинган.
Аммо бу дегани, етим болани, қийинчиликда қолган оиланинг боласини боқиб олиш, тарбия қилиш мумкинмас, дегани эмас. Аксинча, бундай қилинса, жуда ҳам савоб бўлади. Бу ишларни қилиш керак. Лекин бегона болани ўзининг номига ўтказиб олиш эмас, балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса, ўшанинг номида қолдириш керак. Ҳамда шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш лозим.
Ислом оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берган. Оила доимо пок, мустаҳкам бўлиши, шариат ҳукмига биноан яшаши учун барча чораларни кўрган. Чунки оилалар пок бўлмагунича, жамият покланмайди. Оилалар мустаҳкам бўлмагунича, жамият мустаҳкам бўлмайди. Оилалар диндор бўлмагунича, жамият диндор бўлмайди. Ҳа, кўп нарса оиладан бошланади.
Қуръони Карим инсонларни аста-секин тарбиялаб, етук шахсларни ва мусулмон жамиятини етиштиришни буюрган. Одамларни жоҳилият ботқоғидан чиқариб, Ислом нурига рўбарў қилган. Жамиятни шакллантириб, илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни ўргатиб келган. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat