Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

АСР НАМОЗИНИ ЎЗ ВАҚТИДА ЎҚИМАСЛИК ГУНОҲИ.

00:00 / 05.02.2011 | eski savollar | 3975
Ассалому алайкум шайх ҳазратлари. Аср намозини ўз вақтида ўқимаслик, оғир гуноҳ ҳисобланиши ҳақида бир ҳадис эшитдим. Шу ҳадис қанчалик саҳиҳлигини билмоқчи эдим. "Бир аёл Пайғамбаримизнинг с.а.w олдиларига келиб, оғир гуноҳ қилиб қўйганлигини, бунинг каффоратини айтишини сўраб:"-Мен зино қилиб қўйдим ва зинодан бола туғдим, буни беркитиш учун болани ўлдирдим ҳамда ўликни сиркада эритиб йўқ қилдим. Бунинг устига нафсга эргашиб, сиркани сотиб юбордим!",-дебди. Буни эшитган Пайғамбаримиз с.а.w: -"Шуми?! Мен эса сенинг ваҳимангдан аср намозини ўқимабсан деб ўйлабман." Муҳтарам Шайх хазратлари, наҳот аср намозининг қазоси шу даражада гуноҳи кабира бўлса!? Илтимос, шунга жавоб берсангиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Бундай ҳадис йўқ.Ҳадисларда бомдод ва аср намозларига алоҳида эътибор берилишининг боиси бор. Аввало, бу икки намоз ер юзига муҳофаза учун тушиб чиқиб турадиган фаришталар алмашинадиган вақтда ўқилади. Ўша алмашинишдан кейин чиққан фаришталардан Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло: бандаларимни қай ҳолда тарк этиб келдингиз? деб сўрайди. Шунинг учун ўша вақтларнинг намозини ўқиб турган бандалар катта фазлга эга бўладилар. Шунингдек, бомдод намози ширин уйқу ва дам олиш пайтида, аср намози одамлар маишат учун роса уриниб турган пайтда ўқилади. Ким бу икки намозни ширин уйқуси ва маишатидан кечиб ўз вақтида адо этса, жаннатга киради.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аср намозини ўтказиб юборса, гўёки аҳлини ва молини йўқотибди», дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган.Бу ҳадисда аср намози инсон учун аҳли аёли ва молу дунёси каби қимматли экани ҳақида сўз бормоқда. Бир вақт асрни ўқимаган одам аҳли аёлини ва молу дунёсини йўқотган одамдек қайғуриши лозимлиги таъкидланмоқда.Абул Малийҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бурайда розияллоҳу анҳу билан ғазотда бирга бўлдик. Кун булутли эди. У киши: «Аср намозини тезроқ ўқинглар, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар», деди».Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.Ҳадисда номлари келган Бурайда розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан бўлиб, тўлиқ исмлари Бурайда ибн ал-ҳусойн ал-Асламийдир. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 164 та ҳадис ривоят қилганлар. Марвда ғозий ҳолларида вафот этганлар. Бу ҳодиса 62 ҳижрий санада бўлиб, Бурайда розияллоҳу анҳу Хуросонда энг охири вафот этган саҳобий ҳисобланадилар. У кишининг қабрлари ҳозирги Туркманистон ҳудудидадир.Бурайда розияллоҳу анҳу булутли кунда билмай қолиб Аср намозининг вақти чиқиб кетишидан қўрқиб, ғазотдаги шерикларига уни тезроқ ўқиб олишни тавсия қилибдилар ва ўзларининг бу ишларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини далил қилиб келтирибдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар» экан.Бу ҳам аср намозининг аҳамияти улкан эканидан дарак беради.Уламоларимиз аср намозини тарк қилиш ила амал беҳуда (ҳабата) бўлиши ҳақида турли мулоҳаза қилганлар. «ҳабата» сўзи аслида ёқмайдиган ўт-ўлан еб қўйиб, қорни шишган ҳайвонга ишлатилади. Унинг еган нарсаси беҳуда кетади, фойда беришнинг ўрнига зарар беради. Қуръони каримда: «Ким иймонидан кейин куфр келтирса, амали беҳуда бўлади», дейилган. Шундан келиб чиққан умумий қоидага биноан, куфр амални ҳабата қилади. Бошқа нарса ҳабата қилмайди. Мазкур уламоларнинг аср намозини тарк қилиш амални ҳабата этиши ҳақидаги мулоҳазалари ҳам намозни тарк қилиш куфрми йўқми эканлиги тўғрисидаги фикрларга боғлиқ. Намозни қасддан тарк қилса, кофир бўлади, деганлар бу ҳадисда ҳам аср намозини қасддан тарк қилса, амали ҳабата бўлади, дейишган. Намозни қасдданми, ноқасдданми, умуман тарк қилган одам кофир бўлади, деганлар ўз фатволарига мана шу ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар. Намозни қасддан эмас, умуман тарк қилган одам кофир эмас, осий бўлади, деганлар ҳам бир намозни тарк қилиш ёмон. Лекин аср намозини тарк қилиш ҳаммасидан ҳам ёмонлигини билдириш учун шу ҳадисда ўта шиддатли ибора келтирилган. Аслида кофирликкина амални ҳабата қилади, дейдилар. Нима бўлганда ҳам, аср намозини тарк қилиш жуда ҳам катта гуноҳлиги билиниб турибди. Бу асрни ўқиса бўлди, бошқа намозлар унчалик аҳамиятли эмас, дегани эмас. ҳар бир намозни ўқимаслик, улкан гуноҳ. Лекин асрни ўқимаслик – яна ҳам улканроқ гуноҳ. Шаръий масдарларда, хусусан, Қуръон ва Суннатда «ас-солатул вусто»нинг фазли ҳақида жуда кўп гаплар келган. Жумладан, ушбу фаслнинг аввалида келтирилган ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло барча намозларни муҳофаза этишни амр қила туриб, кетидан «ас-солатул вусто»ни муҳофаза қилишни алоҳида таъкидлаган.Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб куни: «Бизни ўрта намоз – аср намозидан машғул қилдилар! Аллоҳ уларнинг уйларинию, қабрларини оловга тўлдирсин!» дедилар. Сўнгра уни Шом билан хуфтоннинг ўртасида ўқиб олдилар». Бешовлари ривоят қилишган.«Аҳзоб куни» дейилгани Аҳзоб уруши кунидир. Аҳзоб – ҳизбнинг жами бўлиб, Уҳуд урушидан кейин кофирларнинг турли ҳизб – тоифалари бирлашиб, мусулмонларни Ер юзидан супуриб ташлаш мақсадида уларга қарши очган урушлари тарихда «Аҳзоб куни» номи билан машҳур бўлиб қолган. Ўшанда Қурайш, ўатафон, яҳудийлар ва уларнинг иттифоқдошларидан иборат Аҳзоблар мусулмонларга қарши уруш очганлар. Аҳзоблар уч минг кишидан иборат эди. Улар жам бўлиб, йўлга чиққани ҳақида хабар келганидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳат кенгаши очдилар ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан Мадинаи Мунавварани мудофаа қилиш учун шаҳар атрофига хандақ қазилди. Шунинг учун бу урущ деб ҳам аталади. Аҳзоблар келиб, Мадинаи Мунавварани бир ой давомида қамал қилдилар. Икки томон орасида баъзи бир кичик тўқнашувлар бўлиб ўтди. Кейин Аллоҳ таоло Аҳзоблар устига совуқ шамол юборди. У кофирларга шиддатли қўрқинч олиб келди. Улар ноумид бўлиб, қайтиб кетдилар. Ана ўша уруш кунларининг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар уруш билан машғул бўлиб қолиб, аср намозини вақтида ўқий олмадилар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ҳадису шарифни айтганлар ва аср намозини қазо қилиб, шом ва хуфтоннинг ўртасида намози ўқиб олганлар.Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 1. Аср намози ас-солатул вусто эканлиги.2. Аср намозининг аҳамияти.3. Уруш туфайли аср намозини ўқий олмаса, шомдан кейин хуфтондан олдин ўқиб олиш кераклиги.4. Намозхонни намоздан машғул қилган одамнинг уйига ҳам, қабрига ҳам олов тўлиши.Одамларни намоз ўқишдан тўсилишига сабаб бўлиш шу қадар катта гуноҳ. Аҳзоблар уруш туфайли мусулмонларни намоздан тўсганлари учун шунчалар қаттиқ дуои бадга қолдилар. Демак, аср намозига алоҳида эътибор бермоқ лозим. Бировни намоздан қолмайлик. Намоздан тўсувчиларга яхши насиҳат қилайлик.

Топ рейтинг www.uz Openstat