Ассалому алайкум! Лайлат ул кадр кечаси ўтказиш қоидалари хакида маълумот беринг илтимос ва яна бир саволим телеграмдаги ботни қандай излаш мумкин ва қандай савол бериб жавоб олиш мумкин?
Ва алайкум ассалом! 1). Қадр кечасида ўқиладиган намознинг махсус тартиби йўқ. Рамазоннинг ҳамма кечаси каби ибодатлар билан машғул бўлиш ва бедор бўлиш тавсия қилинади. Қазо намозлари бор кишилар қазоларини ўқиши афзал. "Ҳадис ва Ҳаёт" китобида бу кечани ўтказиш ҳақида қуйидагича келади:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيُّ لَيْلَةٍ لَيْلَةُ الْقَدْرِ مَا أَقُولُ فِيهَا؟ قَالَ: قُولِي اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар Лайлатул қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима дейман?» дедим. «Аллоҳим! Албатта Сен афв қилувчи ва карамлисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин», дегин», дедилар». Шарҳ: Албатта, Лайлатул қадр кечаси дуонинг қабул бўлиши энг қулай фурсатлардан бири эканини ҳамма яхши билади. Бу саволни бошқача қилиб, «Дуо энг қабул бўладиган вақтда қайси дуони қилай?» десак ҳам бўлади. «Афв» сўзи луғатда тарк қилиш, ўчириш ва йўқ қилиш маъноларини ифода этади. Уламолар афвни қуйидагича таърифлайдилар: Муновий: «Афв бир нарсани тановул қилишни қасд этиш ва гуноҳни ўтиб юборишдир», деганлар. Кафавий: «Афв қудрати етиб туриб, зарар етказмасликдир. Ким уқубат беришга ҳақдор бўла туриб, уни тарк қилса, афв қилган бўлади», деганлар. 2). Телеграммдаги каналимиз “@Savollar_kanal”. Лекин у каналдан ҳам ботдан ҳам савол ёзиш хизмати йўқ. Саволни фақат шу сайтдан ёки фейсбукдаги саҳифамиздан ёзишингиз мумкин. Валлоҳу аълам!