Боин талоқ нима?

СаволларМавзу: Оила ва ТурмушБоин талоқ нима?
madina сўради 4 хафта аввал

Ассалому алайкум! Узр сўрайман устозлар, боин талоқ дегани нима ва қандай ҳолларда қайси сўзни айтиш билан боин талоқ тушади?

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 4 хафта аввал

Ва алайкум ассалом!

БОИН ТАЛОҚ

Боин (очиқ-ойдин) талоқ фақат талоққа ишлатилиб, ундан бошқага ишлатилмайдиган, «Сен талоқ бўлувчисан», «Талоқ қилингансан», «Сени талоқ қилдим» каби лафзлар билан бўлганидир. Бу каби лафзларни талоқдан бошқа маънога мутлақо буриб бўлмайди. Бундай лафзлар ишлатилганда ниятга ҳожат ҳам қолмайди. Бу билан бир ражъий талоқ тушади. Бирор нарсани ният қилганми-қилмаганми, бирдан кўпними ёки боин талоқни ният қилганми, бари бир талоқ тушади.
Бундай талоқнинг ражъий бўлиши Аллоҳ таолонинг “Бақара” сурасидаги «Талоқ икки мартадир, сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш» оятидан олинган. Талоқдан кейин ушлаб қолиш мумкин бўлса, у талоқ ражъий бўлади, яъни янгидан никоҳ қилмасдан қайта ярашиб олса, бўлаверади.
Очиқ-ойдин талоқда икки ёки уч талоқнинг нияти ўтмаслигига биз юқорида баён этган Ибн Умарнинг хотинини талоқ қилгани ҳақидаги ҳадис далил бўлади. Зеро, ўша ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умарни ражъат қилишга тўғридан-тўғри амр этдилар. У кишининг ниятини сўраб ҳам ўтирмадилар.
Талоқни аёлнинг бутунига ёки «бошинг», «бўйнинг», «руҳинг», «юзинг», «фаржинг» каби бутунликни ифода қиладиган нарсаларга ёхуд «ярминг»га ўхшаш катта бўлакка изофа қилса, тўғри бўлади. Яъни, «сен талоқсан» деса, талоқни аёлнинг бутунига изофа қилган бўлади. «Бошинг талоқ», «бўйнинг талоқ», «руҳинг талоқ», «юзинг талоқ», «фаржинг талоқ» каби ибораларда бутунликни ифода қиладиган нарсаларга изофа қилган бўлади. Бу икки ҳолатда ҳам талоқ тушади.
«Ярим», «учдан бир», «чорак», «юздан биринг» каби ибораларни ишлатганда ҳам талоқ тушади. Чунки аёл киши талоққа нисбатан жузларга бўлинмайди. Қўлга, оёққа, орқага ва қоринга изофа қилиб бўлмайди. Ушбу ибораларни ишлатиб, «қўлинг», «оёғинг», «орқанг» ёки «қорнинг талоқ» деса, талоқ тушмайди.
Талоқнинг баъзиси ҳам талоқдир. Яъни, «яримта», «учдан бир», «чорак талоқ қўйдим», деганда бир талоқ тушади. Чунки бўлинмайдиган нарсанинг баъзисини зикр қилиш ҳаммасини зикр қилиш билан баробардир. «Иккига икки»да икки талоқ тушади. Бунда «билан»ни ният қилган бўлса, у ҳам ўтади. Яъни, «сени иккига икки талоқ қўйдим» деса, кўпайтиришни ният қилган бўлса ҳам, бўлишни ният қилган бўлса ҳам, икки талоқ тушади. Бунда «икки билан икки талоқ қўйдим» деган ниятни қилган бўлса ҳам ўтади ва хотин уч талоқ бўлади.
Масалан, «сен бирдан иккигача талоқсан» деса, бир талоқ тушади. «Сен бирдан учгача талоқсан» деганда икки талоқ тушади. «Сен Маккада талоқсан»да дарҳол тушади. «Маккага кирганингда талоқсан»да боғланиб қолади. Биринчи ҳолатда дарҳол талоқ тушиши талоқни маконга боғлаб бўлмаслигидандир. Шунинг учун Маккани зикр қилишига қарамай, ўзи қаерда бўлишидан қатъи назар, дарҳол талоқ тушади. Иккинчи ҳолатда талоқни маконга эмас, амалга боғлаб қўйилди. Шунинг учун амал бажарилса, яъни қачон Маккага кирса, ўшанда талоқ тушади. Мисол учун, бир киши ўз хотинига «Зайд келган куни сенинг ишинг ўз қўлингда» деса, бутун наҳорни ифода қилади. Чунки «кун» лафзига қўшилиб келган ибора чўзиладиган ишни ифода қилади.
Духул қилинмаган хотинга «сен уч талоқсан» деса, айтгани тушади. Уламолар жумҳури, жумладан, тўрт мазҳаб фуқаҳолари ҳам: «Бир лафз билан айтилган «уч талоқ» уч талоқ ҳисобланади. Бундай ҳолда эр-хотин ажрашади, қайта ярашиш имконига эга бўлмайдилар», дейишган. Баъзи саҳоба ва тобеъинлар, шунингдек, Ҳанбалий мазҳабининг баъзи уламолари: «Бир лафз билан қилинган «уч талоқ»да бир талоқ тушади», деганлар.
Далил ва ҳужжатларни солиштириб, тадқиқ қилган уламоларнинг кўпчилиги жумҳур ва тўрт мазҳабнинг қавли кучли эканига ишонч ҳосил қилганлар. Жумҳур, жумладан, ҳанафий мазҳаби бир лафз билан айтилган уч талоқ учта тушишига кўплаб далилларни келтирган. Буларни мисол тариқасида қисқача баён қиламиз.
1. Қуръони Каримда талоқ ҳақида келган оятларда бир лафз билан айтилган уч талоқнинг учта тушишига ишора бор.
2. Уваймир Ажалоний хотини билан мулоъана қилганидан кейин уч талоқ қўйган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу ишини инкор қилмаганлар.
3. Мусулмон уммати бир лафз билан айтилган уч талоқ учта тушишига қадимдан ижмоъ қилиб келган.
4. Катта саҳобалардан кўпчилиги ўзларига шу масалада савол тушганда уч талоқ тушиши ҳақида фатво беришган.
5. Қиёс қилинадиган бўлса, талоқ ҳам мулк ҳисобланада ва унинг эгаси хоҳлаганича тасарруф қилади.
Шундай бўлса ҳам, кейинги пайтларда бу масалада заиф қавлга амал қилишга ўтган томонлар бор. Бу ишни маъқуллаганлар: «Зарурат юзасидан, расмий равишда заиф қавл қабул қилинса, ўшанга амал қилинса, бўлаверади», дейишади.
Атф (боғловчи) билан айтганда биринчиси билан аёлга бир боин талоқ тушган бўлади. Яъни, эр ўзи духул қилмаган хотинига: «сен талоқсан ва талоқсан ва талоқсан» деса ёки «талоқ, талоқ, талоқ» деса, биринчи талоқни айтиши билан боин талоқ тушиб қолади-да, кейинги талоқлар беҳуда гапга айланади. Агар таълиқ (талоқни бирор нарсага боғлиқ) қилиб, шартни олдин айтган бўлса ҳам, худди шундай бўлади. Яъни, эр ўзи духул қилмаган хотинига: «агар фалончининг уйига кирсанг, сен талоқсан ва талоқсан ва талоқсан» деса ёки «талоқ, талоқ, талоқ» деса, биринчи талоқни айтиши билан боин талоқ тушиб қолади-да, кейинги талоқлар беҳуда гапга айланади.
Агар шартни кейин айтган бўлса, ҳаммаси тушади. Яъни, эр ўзи духул қилмаган хотинига: «сен талоқсан ва талоқсан ва талоқсан, агар фалончининг уйига кирсанг», деса ёки «талоқ, талоқ, талоқ» деса, уч талоқ тушади. «Сен биттадан олдин битта ёки ундан кейин битта талоқсан» деса, яқинлик қилинмаган аёлга битта, яқинлик қилинган аёлга иккита талоқ тушади. Чунки жинсий яқинлик қилинмай туриб, талоқ қилинган аёлга тушган талоқ боин бўлади. Боин талоқдан кейин талоқ тушиш имкони йўқолади. Шунинг учун аввалгиси тушгани билан кейингиси тушмайди.
Аммо жинсий яқинлик қилинган аёлга тушган талоқ ражъий бўлади ва ражъий талоқ қилинган аёлни яна талоқ қилиш имкони бўлади. Шунинг учун шарҳ қилинаётган жумладаги каби ибораларда унга икки талоқ тушади. «Ундан олдин битта», «кейин», «у билан бирга» ва «бирга»лардан икки талоқ тушади.
Бу ҳолатларда аёл духул қилинганми, қилинмаганми, фарқи йўқ бўлади. Агар киши ўзининг духул қилинган ёки қилинмаган хотинига: «сен бир талоқсан, ундан олдин битта», «сен бир талоқсан, кейин битта», «сен бир талоқсан, у билан бирга битта», «сен талоқсан, бир талоқ билан бирга» деган гапларни айтса, хотинига икки талоқ тушган бўлади. Араб тилида ушбу таркиблар билан айтилган сўзлар икки талоқ тушиши маъносидан бошқа маънони англатмайди.
Агар бармоқлари билан ишора қилса, ёзилганлари эътиборга олинади. Бармоқларининг орти билан ишора қилса, юмилганлари эътиборга олинади. Агар талоқ қилган эр унинг ададига қўлининг панжалари билан ишора қилса, кафтининг ич тарафини хотинга қаратган бўлса, ёзилган бармоқлар адади эътиборга олинади. Мабодо қозига: «Мен ишора қилганимда юмилган бармоқлар ададини ният қилган эдим», деса, сўзи қабул қилинмайди. Талоқ қилган эр унинг ададига қўлининг панжалари билан ишора қилганда кафтининг ташқи тарафини хотинга қаратган бўлса, юмилган бармоқлар адади эътиборга олинади. Мабодо қозининг олдида: «Мен ишора қилганимда ёзилган бармоқлар ададини ният қилган эдим», деса, сўзи қабул қилинмайди.
Агар талоқни шиддат, узунлик ёки кенглик билан васф қилса ёхуд уни шуларга далолат қилувчи нарсаларга ўхшатса, учни ният қилган бўлса – ўша, бўлмаса, бир боин талоқ тушади. Агар эр хотинига: «Сени шиддатли, қаттиқ, энг катта, энг узун, энг кенг талоқ қўйдим» деса, ёки «Тоғдек, минг талоқ, қум талоқ қўйдим» каби лафзларни айтса, унинг нияти сўралади. Агар: «Уч талоқни ният қилган эдим», деса, уч талоқ тушади. Икки талоқ ёки бир талоқни ният қилган бўлса, бир талоқ тушади. Бу ҳолатда икки талоқ тушиши мумкин эмас. Валлоҳу аълам!