Ассалому алайкум! Мен энди Қуръон ёдлашни ўрганмоқдаман. Қуръонда сажда оятлари бор экан, шу оятлар қайси сураларда келганини айтиб берсангизлар. Ёдлаш вақтида сажда ояти келиб қолганда қандай йўл тутаман. Жавоб учун раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло сизнинг зеҳнингизни зиёда қилиб, Қуръон ҳофизи шарафи ила ризқлантирсин.
У(тиловат сажда) қуйидаги ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган кишига ёки эшитган кишига вожиб бўлади.
1. Аъроф сурасининг охиридаги 206-оят.
2. Раъд сурасидаги 15-оят.
3. Наҳл сурасидаги 49-оят.
4. «Бану Исроил» (Исро) сурасидаги 109-оят.
5. Марям сурасидаги 58-оят.
6. Ҳаж сурасидаги биринчи сажда ояти, яъни 18-оят (бу сурадаги иккинчи сажда ояти, яъни 77-оят ҳанафий мазҳабига кўра вожиб эмас).
7. Фурқон сурасидаги 60-оят.
8. Намл сурасидаги 26-оят.
9. Сажда сурасидаги 15-оят.
10. Сод сурасидаги 24-оят.
11. Фуссилат сурасидаги 37-оят.
12. Нажм сурасидаги 62-оят.
13. Иншиқоқ сурасидаги 21-оят.
14. Алақ сурасидаги 19-оят.
Агар бир мажлисда ёки намозда сажда оятини бир неча бор такрор қилса, бир сажда кифоя қилади.
Сажда оятини тиловат қилувчи уни масжидда, кичик уйнинг ичида, юриб бораётган улов ёки кеманинг устида ёки намоздан олдин қилган қироатни ўша ерда намозда такрор қилса, бир сажда кифоя қилади. Чунки бу ҳолатларнинг барчасида макон битта ҳисобланади ва тиловатлар бир-бирига киришиб кетади.
Бунда такрорни қилиб бўлиб сажда қилса ҳам, саждани қилиб олиб, кейин такрор қилса ҳам, барибир. Тиловат қилувчи ёдлаш учун, таълим учун, эътибор ёки фаҳмлаш учун такрор қилади. Буларнинг ҳар бирида сажда қиладиган бўлса, қийинчилик туғилади ва ўшандан қочиб, такрорни тарк қилиш хавфи туғилади. Аллоҳ таоло эса динда қийинчиликни раво кўрмайди. У Зот Ўз Китобида: «Ва сизга бу динда ҳеч қандай танглик қилмади», деган (Ҳаж сураси, 78-оят). Яна бошқа бир оятда: «Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва қийинликни ирода қилмайди», деган (Бақара сураси, 185-оят).
Тингловчида ўзининг мажлиси эътиборга олинади.
Сажда оятини тингловчига тиловат саждасининг вожиб бўлиши унинг мажлиси эътиборидан бўлади.
Тиловат қилувчи бир неча жойда тиловат қилган бўлса ҳам, тингловчи бир жойда эшитган бўлса, бир марта тиловат саждаси қилади.
Агар тиловат қилувчи бир жойда ўтириб тиловат қилса ва тингловчи жойини алмаштириб турган бўлса, алмашгани ададича сажда қилади.
Кийим тўқишдаги юриш ва бир шохдан бошқа шохга ўтиш жойни ўзгартиришдир.
«Кийим тўқишдаги юриш» деганда аввалги вақтдаги қўл билан ўрмак ўрнатиб мато тўқиш, яъни маълум масофага қозиқ қоқилиб, йигирилган ипни ўша қозиқлар орасидаги масофага бориб-келиб тўқиш англанади. Демак, ўрмакнинг бир тарафида турганда сажда оятини ўқиса ёки эшитса, бир тиловат саждаси, нариги тарафга борганда эшитса, яна бир тиловат саждаси вожиб бўлган.
Шунингдек, дарахт устидаги одам шохдан шохга ўтса ҳам жойи ўзгарган ҳисобланади. Унга ҳам неча марта шохдан шохга ўтса, шунча тиловат саждаси вожиб бўлади.
Саҳрода ва йўлда уч қадам юрилса, бир мажлисдан иккинчи мажлисга ўтган бўлади ва тиловат саждаси қилиш вожиб бўлади.
Агар бир нечта сажда оятини тиловат қилса, бир мажлисда бўлса ҳам, ўша оятларнинг ададича сажда қилади.
Сажда оятининг ўзини тарк қилиш макруҳдир.
Намоздами ёки намоздан ташқаридами, тиловат қилаётганда сажда оятининг ўзини қолдириб, ундан кейинги оятга ўтиб кетиш макруҳдир. Бунда саждадан, Аллоҳ таолонинг тоатидан юз ўгириш содир бўлган бўлади.
Акси макруҳ эмас.
Сажда оятининг ёлғиз ўзини тиловат қилиш макруҳ эмас. Бунда саждага қизиқиш бор.
Унга бошқасини қўшиш мандубдир.
Бир оятни бошқа оятдан афзал кўришга ўхшаб қолмаслиги учун сажда оятига бир-икки оятни қўшиб тиловат қилиш яхши бўлади.
Сажда оятини қироат қилиб туриб, охиридаги сажда маъносидаги сўзни тиловат қилмаса, сажда қилмайди. Агар сажда маъносидаги сўзнинг ўзини тиловат қилса ҳам, сажда қилмайди.
Уни тингловчидан махфий қилиш яхшидир.
Чунки у тиловат саждасига тайёр бўлмаса, қийналиб қолади. Мисол учун, таҳорати бўлмаслиги мумкин.
Қироати махфий бўлган намозда имомнинг сажда оятини тиловат қилиши макруҳ. Бунда муқтадийларга шубҳа тушади. Нима учун сажда қилганларини билмай қоладилар.
Жума ва ийд намозларида сажда оятини тиловат қилиш ҳам макруҳ.
Агар имом минбарда сажда оятини тиловат қилса, минбарда туриб ёки ундан тушиб тиловат саждасини қилади. Тингловчилар ҳам тиловат саждасини қиладилар.
Тиловат саждасини аввал ўриндан туриб, кейин қилган афзал. Сажда оятини тиловат қилган одам саждадан бош кўтармагунича, тингловчи бошини кўтармайди. (“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам.