Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Насроний аёл

09:05 / 04.09.2015 | Abdulloh Ibrahim | 4643

Ассалому алайкум! Қадрли Зикр аҳлидан сўранг ҳайъати, Аллоҳ қилаётган ишларингиз учун Ўзи билган ададда мукофотласин, сизларни яна безовта қилишга мажбур бўлдим. Кеча турк ижодкорлари томонидан суратга олинга "Ню Йоркнинг беш минораси" (Пять минаретов Нью Йорка) деб номланган филмини кўрдим. Филм бугунги кундаги исломий экстремизмга қарши суратга олинган экан. Филм бош қаҳрамони Қуръондан хабари бор, ислом динини яхши билган бир одам бўлади. Лекин унинг рафиқаси насоро бўлади ва улар бирга яшашади. Яъни аёл ўз динида эр ҳам ўз динида. У кишига икки турк йигити “ахир бундай яшаб бўлмайдику” деса, у киши бунга рухсат борлигини келтириб беради. Хуллас мана шу нарса мени ўйлантириб қўйди. Кейин излаш хизматидан излаб топдим. Ҳазратга (Аллоҳ раҳматига олсин) “насроний, Худони учта дейдиган аёлга уйланиш жоизми” деб савол берилганда, “жоиз” деган эканлар. Илтимос агар иложиси бўлса шу ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангизлар. Ёки қаердан тўлиқ маълумот олиш мумкин?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Моида” сураси 5-оятида марҳамат қилади: 

الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُواْ الْكِتَابَ حِلٌّ لَّكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلُّ لَّهُمْ وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الْمُؤْمِنَاتِ وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الَّذِينَ أُوتُواْ الْكِتَابَ مِن قَبْلِكُمْ إِذَا آتَيْتُمُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ مُحْصِنِينَ غَيْرَ مُسَافِحِينَ وَلاَ مُتَّخِذِي أَخْدَانٍ وَمَن يَكْفُرْ بِالإِيمَانِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ وَهُوَ فِي الآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ۝

Бугунги кунда сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Иффатлари сақланган мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган иффатлари сақланган аёллар ҳам, агар иффатингизни сақлаган, зинога бормаган ва ўйнаш тутмаган ҳолингизда маҳрларини берсангиз, (сизга ҳалолдир). Ким иймонни инкор қилса, унинг амали ҳабата бўлади ва у охиратда зиён кўрувчилардандир.
Бу ояти кариманинг аввалида:
«Бугунги кунда сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди», – деб юқорида зикр қилиб ўтилган олиймақом маъно яна бир бор таъкидланмоқда. Кейин эса ҳалол-ҳаром масаласида ғайридин миллатлар билан ҳам ўзига хос муомалалар, кенгчиликлар борлиги эслатилиб, бу ҳақда баъзи ҳукмлар баён қилинмоқда:
«Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир».
Ислом мусулмонларнинг номусулмонлар билан бирга тинч-омон яшашга рухсат берган. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Модомики, мусулмонлар жамиятда бошқа дин вакиллари билан биргаликда яшар эканлар, табиийки, ўртада турли шаклда яқин алоқалар бўлиши, ўзаро борди-келди қилишлари мумкин. Шундан келиб чиқиб, мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлиши ҳақида кетмоқда.
Баъзи кишилар «Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир», дейиш нима учун керак бўлди экан? Улар Қуръон ҳукмига амал қилишмайди-ку? Ҳалол-ҳаромнинг фарқига ҳам боришмайди-ку, дейишлари мумкин. Уламоларимиз бунга жавобан «Мазкур хитоб мўминларга қаратилган, сизлар ҳам уларга ўз таомингиздан берсангиз бўлаверади, деганидир», – дейдилар.
Бошқа дин вакилларига нисбатан Исломдаги бағрикенглик ушбу ҳукм билан чегараланиб қолмайди, балки яна ҳам чуқурроқ, яна ҳам нозикроқ масалада – никоҳ масаласида ҳам кўринади:
«Иффатлари сақланган мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган иффатлари сақланган аёллар ҳам, агар иффатингизни сақлаган, зинога бормаган ва ўйнаш тутмаган ҳолингизда маҳрларини берсангиз, (сизга ҳалолдир)».
Мусулмон эркак кишига иффати сақланган муслимага, иффатли бўлиб, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай, маҳрини бериб уйланиши шарт бўлганидек, аҳли китобдан бўлган иффати сақланган, покиза аёлларга уйланишида ҳам мазкур нарсалар шарт қилинди.
Аввал айтиб ўтганимиздек, бир жамиятда яшаётган икки диндаги шахс ўртасида уйланиш масаласи ҳам кўтарилиши мумкин. Шунинг эътиборидан Исломда мусулмон эркакнинг аҳли китоб аёлга уйланишига рухсат берилган. Бундай никоҳда хотин ўз истагига биноан, динини ушлаб қолиши мумкин. У ўз динининг кўрсатмаларига амал қилаверади. Ислом дини унинг ҳамма ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бундай бағрикенглик жамики инсониятнинг бахтига кафолат берувчи мукаммал дин бўлмиш Исломга хос, холос. Бу ҳукмнинг нақадар инсонпарвар эканини англаб етиш учун бошқа динларга бир назар солишнинг ўзи кифоя.
Масалан, насороларнинг динида католик мазҳабидаги эркак ҳатто православ мазҳабидаги аёлга уйлана олмайди. Шунингдек, протестант ёки моруний мазҳабидаги аёлга ҳам уйланолмайди.
Ушбу ўта аҳамиятли ҳукмларнинг сўнгида шиддатли таҳдид келяпти:
«Ким иймонни инкор қилса, унинг амали ҳабата бўлади ва у охиратда зиён кўрувчилардандир».
Мазкур ҳукмларга оғишмай амал қилиш иймондандир, бошқача қилиб айтганда, иймон белгисидир. Кимки ушбу ҳукмлардан юз ўгирса, иймонни инкор қилган, ундан юз ўгирган бўлади. Иймондан юз ўгирган, иймонни инкор қилган одамнинг эса аввал қилган ҳамма амаллари беҳуда кетади. Бу маъно Қуръон матнида «ҳабата» сўзи билан ифодаланган. Бирор ҳайвон заҳарли ўсимлик еб, қорни шишиб ўлса, «Ҳабата кетди», дейилади. Ботил амал ҳам заҳарли ўсимликка ўхшайди, уни қилган кимсага офат келтиради. Энг ёмони – охиратда у зиёнкорлардан бўлади.("Тафсири Ҳилол"). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat