Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ота-онага насиҳат қилиш мумкинми?

06:41 / 10.10.2015 | Шахобиддин | 4554

Ассаламу алайкум! Устозлар фарзанд ўз ота-онасига дину диенат ва ҳаёт ҳақида насиҳат қилса бўладими? Қобил қори аканинг бир марузасида эштишимча Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қарата хўжайнимизни ўзимиз туғамиз деганларида. Саҳобалар эй Аллоҳнинг расули хўжайнимизни туғишмиз қандай бўлади деганларида. Ўзинг туғиб ўстирган боланг ота ундоқмас, она бундоқмас дейди, фарзандинг йули билан юрадиган пайт келади бу ҳам қиёматнинг аломати деган эканлар. Бу ҳолатлар ҳозирги кунда ҳам бўлиб турган ишлардан. Бу ҳолатларга фикрингиз?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Агар ота-она нотўғри йўлда бўлсалар, тўғри йўлга чақиришга энг ҳақлилари ўшалар бўладилар. Аллоҳ таоло “Шуаро” сураси 214-217-оятларида :
Ва яқин қариндош-уруғларингни огоҳлантир.
Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб:
«Ё сабоҳоҳ! – деб бақирдилар. Одамлар у кишининг ҳузурларига тўпландилар. Кимдир ўзи келди, кимдир одамини юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: – Эй Бану Абдулмуттолиб! Эй Бану Феҳр! Эй Бану Луъай! Айтинглар-чи, агар мен сизга «Тоғнинг ортида отлиқлар сизларни ғорат қилишга шай бўлиб турибди», десам, ишонасизларми?! – дедилар. Улар:
– Ҳа, ишонамиз! – дедилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Албатта, мен сизларга шиддатли азобдан олдин келган огоҳлантирувчиман, – дедилар.
Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил бўлган оятга мувофиқ, яқин қариндошларини огоҳлантира бошладилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат бу билан кифояланиб қолмай, ўзларига энг яқин бўлган шахсларни ҳам огоҳлантирдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
«Ушбу оят нозил бўлганидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларни ҳам умумий, ҳам хусусий равишда даъват қилдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй қурайшликлар, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринглар! Эй Бану Каъб жамоаси, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Фотима Муҳаммад қизи, ўзингни дўзах ўтидан қутқар! Аллоҳга қасамки, мен сизлардан Аллоҳнинг бирор нарсасини қайтаришга молик эмасман», дедилар».

215. Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат.
Яъни «Улар билан юмшоқ муомалада бўл, уларга меҳрибонлик кўрсат, тавозуъли бўл». Дарҳақиқат, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларга шундай муомалада бўлганлар.

216. Бас, агар улар сенга исён қилсалар: «Мен сиз қилаётган амалларга алоқадор эмасман», – дегин.
Огоҳлантирилганларидан кейин одамлар иккига бўлинади. Баъзилари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиб, эргашадилар, уларга аввалги оят тақозоси ила қанотларини пастлатадилар. Баъзилари эса бўйин эгмай, исён қиладилар. Ушбу оят тақозоси ила улардан безорликларини, улар билан алоқалари йўқлигини айтадилар.

217. Ва ўта иззатли, ўта раҳмли Зотга таваккул қил…
Ҳаммадан ғолиб, устун ва бандаларига меҳрибон бўлган Аллоҳ таолога суян.
 Яна “Таҳрим” сураси 6-оятида :
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашга буюрмоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг».
Мазкур дўзах оловидан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Охират оташ-олови бу дунёнинг оловидан фарқ қилади. Унинг ёқилғиси одамлардан ва тошдан иборат бўлади. Яъни бу дунёда иймонга келмай, гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсунмай, осий ўтган бандаларнинг жасади ўша ўтга ёқилғи бўлади. Фақат инсон танасининг ўзи куйса, унча қизимай қолмасин, деб тош ҳам қўшимча ёқилғи қилинади. Эҳтимол, ушбу оятлар нозил бўлган даврда тошнинг ёқилғи бўлиши кишиларнинг тасаввурига келмагандир. Аммо тошкўмир чиққандан кейин тош қанчалик юқори иссиқлик берувчи ёқилғи экани ҳаммага маълум бўлди.
Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони – унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир.("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу иймон келтирган пайтларида унинг онаси иймон келтирмаган эди. Онаси у кишига қаттиқ теккан пайтлари ҳам бўлар эди. Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига келиб, онасининг ҳидоятга келишини сўраб дуо қилишларини сўрадилар. Дуо туфайли оналари иймонга келдилар. Бизнинг ҳам биринчи ишимиз уларнинг ҳақларига дуолари ижобат бўладиган инсонлардан дуо олиш. Иккинчиси инсон табиати ўзидан паст ёки тенг бўлган кишига итоат қилмайди. Шунинг учун уламолар “гапи ўтадиган даражада обрў талаб қилиш жоиз” деганлар. Ота-онага ҳам фарзанд ўзи ҳикмат ила динни етказганидан кейин улар қабул қилмасалар, улар эргашадиган, гапини оладиган кишилар орқали етказишга ҳаракат қилиш керак. Кўп оилаларда хонадонга тақволи, пархезкор, илмига амал қиладиган келинлар келганидан кейин оила ўзгаргани кузатилган. Учинчиси уларнинг ҳидоятларидан ноумид бўлмаслик керак. Абу Бакр Сиддиқ биринчилардан бўлиб иймонга келган инсонлардан ҳисобланадилар. Оталари Абу Қуҳофа эса Макка фатҳ қилинган йили яъни ҳижратнинг саккизинчи йилида иймон келтирган. Қарийиб ўғлидан йигирма йил кейин.
У ҳадисда келган фарзанддан мурод динни ҳикмат ила тушунтирувчи фарзандлар эмас. Дину диёнатдан узоқ бўлган, ота-онанинг ҳақларини танимаган, эҳтиромини билмайдиган ва уларга қул ва чўрилар каби муомала қилиб, “пахан” ва “мамаша” деб мурожаат қиладиган фарзандлардир.  Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat