Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Маслаҳат бeринг

11:17 / 26.06.2016 | Nuriddin | 3243

Ассалому алайкум! Мeн дуо ўқиш маҳалида кўзларим юмилиб уйқу кeлади ва бошимда оғриқ сeзаман. Шу маҳалда худди вужудим eрдан кўтарилгандeк туйилади. Буни қандай изоҳлайсиз? Олдиндан раҳмат.



«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Инсон туғилганида у билан бирга бир шайтон ҳам туғилади ва у одам боласини умрининг охиригача ёмон ишларга ундаб ўтади. 

عن عبد الله بن مسعود قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم ما منكم من أحد إلا وقد وكل به قرينه من الجن قالوا وإياك يا رسول الله قال وإياي إلا أن الله أعانني عليه فأسلم فلا يأمرني إلا بخير 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Сизларнинг ҳар бирингизга жиндан бўлган бирга юурувчиси вакил қилинган. Бундай бўлмаган кишининг ўзи йўқ. Саҳобалар : “Сизга ҳамми эй Аллоҳнинг расули” дейишди. У зот : “Менга ҳам вакил қилинган, Лекин мен Аллоҳ ёрдам бериб, саломат қоламан. У мени фақат яхшиликка буюради” дедилар".
Муслим ривояти. 

عَنْ جَابِرٍ  رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم قَالَ: لَا تَلِجُوا عَلَى الْمُغِيبَاتِ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَجْرِي مِنْ أَحَدِكُمْ مَجْرَى الدَّمِ. قُلْنَا: وَمِنْكَ؟ قَالَ: وَمِنِّي وَلَكِنَّ اللهَ أَعَانَنِي عَلَيْهِ فَأَسْلَمُ 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Эри ғойиб аёллар олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қон томирингизда юради», дедилар. 
Биз у зотга: 
«Сизда ҳамми?» дедик.
«Менда ҳам. Лекин мен Аллоҳ ёрдам бериб, саломат қолганман», дедилар». (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).

Инсон таҳорат, ғусл, зикр ва тиловати Қуръондан йироқ бўлса, ўша вакил қилинган шайтоннинг инсонга бўлган яқинлиги ва таъсири зиёда бўлади. Охир оқибат буткул унинг таъсири остида қолади. Барча айтганларини қилиб, Аллоҳдан узоқлашади. Ҳатто рамазондек шайтонлар кишанбанд қилинган ойларда ҳам унинг таъсиридан чиқа олмайди. Бора-бора шайтоннинг васваса қилиб буюрадиган ишлари инсоннинг табиатига айланиб қолади. Дард, ёмон хулқ янгилигида ва инсоннинг ёшлигида кичик бир ниҳол каби бўлиб, ундан қутилиш ҳам осон бўлади. Уни даф қилишга инсонда қувват ҳам бўлади. Инсон униб улғайгач ёшлигида даф қила олмаса дарди ҳам, ёмон хулқлари ҳам бирга улғаяди ва ундан ажралмас ҳолатга келади. Инсон улардан ажралишни хоҳласада, бу жуда қийин кечади. Бу худди сурункали касалга айланиб қолади. Шунинг учун ёшлик вақтида шайтоннинг таъсири тўлиқ ўз таъсирига олмасдан аввал зикр ва тиловати Қуръонни кўпайтиришимиз керак. Аллоҳ таоло :

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ۝  مَلِكِ النَّاسِ۝  إِلَهِ النَّاسِ۝  مِن شَرِّ الْوَسْوَاسِ الْخَنَّاسِ۝ الَّذِي يُوَسْوِسُ فِي صُدُورِ النَّاسِ ۝ مِنَ الْجِنَّةِ وَ النَّاسِ۝

1. Айт: «Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман...
2. Одамлар Подшоҳидан...
3. Одамлар Илоҳидан.
4. Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг...
5. Одамларнинг кўксларига васваса соладиганнинг...
6. Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)».
«Наас» сураси ояти карималарининг маъноси таржималарини тушунарли бўлиши учун бирданига келтириб олганимиздан кейин, энди Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда якка-якка тафсир қилишга ўтайлик.
«Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман...»
Аллоҳ таолонинг Робб сифати ўзида кўп маънони мужассам қилгандир: Холиқ, Мураббий, Мудаббир... У Зот одамларни йўқдан бор қилиб яратган Холиқ, турли неъматлар ила неъматлантириб, ўстирган Мураббий ва доимо ишларни юритиб турувчи Мудаббирдир. Албатта, Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Робби бўлса ҳам, бу ерда одамларнинг хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир. Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни одамлар учун яратгандир. Уларга ақл, илм, китоб ва шариат бергандир. Уларга фаришталарни сажда қилдиргандир. Бинобарин, одамлар махлуқотларнинг афзалидирлар.
«Одамлар Подшоҳидан...»
Яъни «Одамларнинг Подшоҳидан, эгасидан паноҳ сўрайман».
Аллоҳ таоло ҳамма халойиқнинг Малики – Подшоҳи ва эгасидир. Аллоҳ таолонинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради. Демак, паноҳ тилаш фақатгина ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим.
«Одамлар Илоҳидан».
Яъни одамларнинг ибодатига сазовор ягона Зотдан паноҳ сўрайман.
Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор ягона илоҳ, маъбуд Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У Зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак.
Ушбу уч оят ҳақида аллома Исмоил ибн Касир қуйидагиларни ёзадилар: «Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан учтасидир: Робблик, Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Робби, эгаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди».
Энди эса келаси уч оятда мазкур сифатлар ила сифатланган Аллоҳ таолонинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади.
«Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг...»
Ушбу оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриниб турувчи»дан мурод шайтондир. Чунки инсон Роббини зикр қилиб турганда, шайтон қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди.
Ҳофиз Мусилий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, шайтон бурнини одам боласининг қалбига қўювчидир. Қачон у Роббини зикр қилса, шайтон беркинади. Қачон у Роббини унутса, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди», – дейилган.
«Одамларнинг кўксларига васваса соладиганнинг...»
Шайтоннинг васвасаси маълум ва машҳур. У инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргашиш, Аллоҳ таолога осий бўлишни чиройли қилиб кўрсатади.
«Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)».
Ушбу оят шайтон одамлардан ҳам, жинлардан ҳам бўлишига далилдир. Мўмин-мусулмон инсон доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб турмоғи лозим.
Жиндан бўлган вавасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни – ушбу сураларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарли.
Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннааси» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётардилар».
«Фалақ» ва «Наас» суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб, «муъаввизатайни» – «икки паноҳ тиловчи» деб номланадилар. Чунки икковлари ҳам «аъуузу» – «паноҳ тилайман» – сўзи ила бошланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки муъаввизатайни биргаликда зикр қилинган:
Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, қачон тоблари қочса, муъаввизатайнини ўқиб, дам солар эдилар. Ул зотнинг дардлари оғирлашганда, мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», – деганлар.
Имом Муслим ва имом Термизий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. «Қул аъуузу бироббил фалақи», «Қул аъуузу бироббиннааси», – дедилар.
Имом Абу Довуд ва имом Насаий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етаклаб борардим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» – дедилар ва «Қул аъуузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббиннааси»ни ўргатдилар».
Имом Абу Довуд ва имом Насаийлар яна Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жуҳфа ва Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъаввизатайни ила паноҳ сўрай бошладилар ва: «Эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи иккисичалик нарса ила паноҳ тиламаган», дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».(“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!


Топ рейтинг www.uz Openstat