Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ғийбат

09:13 / 06.09.2016 | Бексултон | 3445

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, Ислом динида ғийбат оғир гуноҳлардан саналади. Буни жуда яхши биламан. Мен Устозимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф(раҳимаҳуллоҳ)нинг маърузаларини эшитганман. Лекин шунака вазятлар бўладики, укамни ғийбат қилиб қўяман. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! ҒИЙБАТНИНГ САБАБЛАРИ ВА УНИ ДАВОЛАШ Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп, улардан баъзисини эсга оламиз: 1. Аччиғини тўкиб солиш. Бир одам бошқасининг аччиғини чиқарган бўлса, аччиғи чиққан уни ғийбат қилиш ила ундан ўч олишга ҳаракат қилади. 2. Тенгдошлар ва ҳамсуҳбатларга шерик бўлиш, уларнинг гапини қўллаб-қувватлаш. Таниш-билиш ёки улфатлар бировнинг ғийбатини қилаётган бўлса, ёқиш ва яхши кўриниш ниятида уларга қўшилади. Буни ўзича одамгарчилик деб ўйлайди. Аслида гуноҳга шерик бўлган бўлади. 3. Ўз обрўсини кўтариш учун бировни айблаш. Мисол учун, «Фалончи жоҳил, фаҳми йўқ», деб, ўзини илмли ва ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади. 4. Ҳасад. Одамлар бир кишини мақтаётганлари учун ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб, обрўсини тўкиш пайидан бўлади. 5. Ўйин-кулги ва ҳазил. Одамларни кулдириш ва даврани қизитиш мақсадида бошқаларнинг камчилиги ва айбини айтиб, ғийбат қилинади. Баъзилар бу ишни ўзига касб қилиб олган ҳам бўлади. ҒИЙБАТНИНГ ДАВОСИ Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак. Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин. Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айб – ғийбатчилик ила ифлосламасин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин. Ғийбатга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабни йўқ қилиш ила бўлади. ҒИЙБАТНИНГ КАФФОРОТИ Ғийбатчи бир йўла икки ҳаққа нисбатан жиноят қилади: 1. Аллоҳ таолонинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилди. Бунинг каффороти тавба қилиш билан бўлади. 2. Банданинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Агар ғийбат банданинг ўзига етган бўлса, ғийбатчи унинг олдига бориб, кечирим сўраши ва надоматини билдириши лозим бўлади. Уламолар: «Унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак», деганлар. Агар гап ғийбат қилинган одамга етмаган бўлса, тавба қилган ғийбатчи унинг ҳаққига истиғфор айтади. Тўққизинчи офат – чақимчилик. Чақимчилик араб тилида «намийма» дейилиб, луғатда бир нарсани зоҳир қилишни билдиради. Уламолар чақимчиликни қуйидагича таърифлаганлар: Имом Нававий: «Чақимчилик бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказишдир», деган. Чақимчилик Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қораланган ёмон хислатлардан биридир. Аллоҳ таоло: وَلَا تُطِعْ كُلَّ حَلَّافٍ مَّهِينٍ۝  هَمَّازٍ مَّشَّاء بِنَمِيمٍ۝  مَنَّاعٍ لِّلْخَيْرِ مُعْتَدٍ أَثِيمٍ۝ «Итоат қилма ҳар бир қасамхўр, ҳақирга,.. айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига,.. яхшиликни ман қилувчи, тажовузкор, сергуноҳга» («Қалам» сураси, 10-12-оятлар). عَنْ هَمَّامٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ حُذَيْفَةَ، فَقِيلَ لَهُ: إِنَّ رَجُلًا يَرْفَعُ الْحَدِيثَ إِلَى عُثْمَانَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، فَقَالَ لَهُ حُذَيْفَةُ رَضِي اللهُ عَنْهُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: «لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَتَّاتٌ» Ҳаммам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳузайфа билан бирга эдик. Бас, унга: «Бир киши гапни Усмон розияллоҳу анҳуга олиб бориб туради», дейилди. Шунда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу унга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман», деди». Бу ҳадиси шарифда чақимчилик нақадар оғир гуноҳ экани баён қилинмоқда. Уламоларимиз: «Чақимчиликни ҳалол санаган одам жаннатга кирмайди», деганлар. عَنْ عَبْدِ اللهِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ مُحَمَّدًا صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ مَا الْعَضْهُ؟ هِيَ النَّمِيمَةُ الْقَالَةُ بَيْنَ النَّاسِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Парчалаш нималигини сизга айтиб берайми? Одамлар орасида «деди-деди»лаб чақимчилик қилишдир», дедилар». Муслим ривоят қилган. Ҳа, чақимчилик сўйилган ҳайвоннинг аъзолари парчалаб бўлингани каби, жамият аъзоларини парчалаб, бир-биридан ажратиб ташлайди. Чақимчилик тарқалган жамиятда бирлик, ҳамкорлик қолмайди. Бу эса ҳар қандай жамият учун ўта хатарлидир. Ҳасан Басрий: «Ким сенга чақимчилик қилса, сенинг ҳақингда ҳам чақимчилик қилади», деган. Имом Заҳабий: «Чақимчилик гуноҳи кабирадир», деган. Унинг ҳаромлигига мусулмонлар ижмоъ қилишган. Чақимчилик қилишнинг сабаблари: 1. Гапи нақл қилинаётган шахсга ёмонлик етказиш нияти. 2. Гап айтилаётган одамга яхши кўриниш. 3. Ўзини ўзи хурсанд қилиш ва бошқалар. Чақимчиликнинг зарарлари: 1. Чақимчилик дўзахга олиб борувчи йўлдир. 2. Чақимчилик улфатлар орасида адоват оловини ёқади. 3. Чақимчилик озор, зарар, алам, хусумат ва нафратдир. 4. Чақимчиликнинг охири войдир. 5. Чақимчилик яхшиликларни кетказади. 6. Чақимчилик пасткашлик, қўрқоқлик, заифлик, макр, ялтоқлик ва мунофиқликдир. (“Руҳий тарбия” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat