Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “шундай тоифа инсонлар бўладики улар умрини ибодатда ўтказади ва жаннатга бир қадам қолганда тақдири ўзиб кeтади ва дўзахийларни ишларини қилиб, жаҳаннамга тушади. Яна шундай инсонлар бўладики, бутун умр дўзахийларни ишини қилиб юради. Жаҳаннамга тушушига бир қадам қолганда бир яхши ишни қиладида, жаннатга киради” дeган эканлар. Шу ҳадиснинг мазмунини тушунтириб бeрсангизлар.
Ва алайкум ассалом! Ундай инсонлар ибодатни холис Аллоҳ учун қилмаганлардир. Чунки Аллоҳ таоло “Каҳф” сурасида марҳамат қилади :
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلًا
30. Албатта, Биз иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларнинг, яхши амал қилганларнинг ажрини зое қилмасмиз.
“Аъроф” сурасида :
وَالَّذِينَ يُمَسَّكُونَ بِالْكِتَابِ وَأَقَامُواْ الصَّلاَةَ إِنَّا لاَ نُضِيعُ أَجْرَ الْمُصْلِحِينَ
170. Китобни маҳкам тутганлар ва намозни тўкис адо этганлар бўлса, албатта, Биз ислоҳ қилувчиларнинг ажр¬ларини зое қилмасмиз.
“Тавба” сурасида :
إِنَّ اللّهَ لاَ يُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ
120....Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас. Шунинг учун биз ҳар бир қилаётган амалимизни холис Аллоҳ учун қилишимиз ва амал қилишдан аввал бир оз тўхтаб, амалимиз холис Аллоҳ учун бўлаётгани ёки бўлмаётганини яхшилаб ажратиб олишимиз керак. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг қуйидаги
“Каҳф” сураси ояти остига тушиб қолиши мумкин.
قُلْ هَلْ نُنَبِّئُكُمْ بِالْأَخْسَرِينَ أَعْمَالًا
103. Сен: «Сизга амаллари юзасидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайми?
الَّذِينَ ضَلَّ سَعْيُهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَهُمْ يَحْسَبُونَ أَنَّهُمْ يُحْسِنُونَ صُنْعًا
104. Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъй-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», – дегин. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Аллоҳ таоло Ўзи паноҳ берсин. Валлоҳу аълам!