Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Башоратларга муносабат

10:06 / 09.11.2016 | Akmal Abdullayev | 3570

Ассалому алайкум! Динимизда фол кўриш, башоратларга ишониш ҳаром. Лeкин Миср ҳукмдори Фиравнга бир гуруҳ сeҳргарлар Мусо алайҳиссаломнинг башоратини бeрганлар ва бу башорат тўғри чиққан. Шу муносабат билан бир савол туғилади баъзида башоратлар ҳам тўғри чиқадими ёки бўлмаса бу иш Аллоҳнинг иродаси билан бўлганми? Жавобинггиз учун олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Жин” сурасида марҳамат қилади :

وَأَنَّا ظَنَنَّا أَن لَّن تَقُولَ الْإِنسُ وَالْجِنُّ عَلَى اللَّهِ كَذِبًا۝

5. Ва албатта, биз инс ҳам, жин ҳам Аллоҳга нисбатан ёлғон гапирмас, деб ўйлардик. Яъни жинлар Аллоҳ таолонинг улуғлигини, поклигини, ҳамма нарсага қодирлигини ва бошқа сифатларини билганликларидан, Аллоҳга нисбатан ҳеч ким ёлғон гапиришга журъат этмайди, деган фикрда юришар экан. Лекин Қуръони Каримни эшитганларидан сўнг, эътиқодлари бузуқ эканини ўзлари фаҳмлаб етдилар.

وَأَنَّهُ كَانَ رِجَالٌ مِّنَ الْإِنسِ يَعُوذُونَ بِرِجَالٍ مِّنَ الْجِنِّ فَزَادُوهُمْ رَهَقًا۝

6. Ва албатта, инсдан баъзи кишилар жинларнинг баъзи кишиларидан паноҳ сўрардилар. Бас, бу(инсон)лар у(жин)ларнинг ёмонлигини зиёда қилдилар. Ҳақиқатан, Исломдан олдин кишилар жинлар олдида ўзларини хору зор тутардилар. Бирор одам маълум жойда тунамоқчи ёки турмоқчи бўлса, баланд овоз билан: «Эй бу жойнинг азиз жини! Мен сенинг ибодатингдагилар ёмонлигидан паноҳингни тилайман!» – деб нидо қиларди. Шу билан бирга, ўша ердаги жинларнинг бошлиғи мени ўз ҳимоясига олади, деб бузуқ эътиқод қиларди. Қуръони Карим жинларнинг ботил эътиқодларини баён қилишда давом этади:

وَأَنَّهُمْ ظَنُّوا كَمَا ظَنَنتُمْ أَن لَّن يَبْعَثَ اللَّهُ أَحَدًا۝

7. Ва албатта, у(жин)лар худди сизлар гумон қилганингиздек, Аллоҳ бирор кишини ўлганидан сўнг тирилтирмас, деб гумон қилардилар. Бу ва бундан аввалги оятлар куфр ва жоҳилиятнинг энг катта одатларидан иккитасини баён қилди. У ҳам бўлса, Аллоҳдан ўзгадан паноҳ сўраш ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмаслик. Қуйидаги оятларда Қуръони Карим жинлар ғайб ишларини билмасликларини, фолбин, мунажжим, сеҳргарларнинг «Жинлар ёрдамида ғайбни биламиз», деб қиладиган даъволари ёлғон ва бўхтондан иборатлигини баён қилади ва шу билан мусулмонларни турли хурофот ва ваҳималардан четлатади.

وَأَنَّا لَمَسْنَا السَّمَاء فَوَجَدْنَاهَا مُلِئَتْ حَرَسًا شَدِيدًا وَشُهُبًا۝

8. Ва албатта, биз осмон(га етиш)ни талаб қилдик. Бас, уни кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда кўрдик. Яъни жинлар осмонга аввалгидек ғайб хабарларини ўғриликча эшитиш, кишилар тақдирини билиш учун кўтарилганларида тамоман бошқа ҳолатга дуч келганликларини айтмоқдалар. Чунки жинлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлгунларича осмонга чиқиб, ўз ҳожатларини раво қилиб қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлагач, осмонни кучли фаришталар қўриқлашга ўтдилар ва жинларни турли жойлардан учқунлар билан қувиб, ҳайдадилар. Оятда жинларнинг ана шу ҳолатларига ишора қилинмоқда. Бу оятнинг иккинчи бир жиҳати шундаки, у жинлар бизнинг ер куррамиздан ташқарида ҳам ҳаёт кечириш хусусиятига эга эканига далилдир.

وَأَنَّا كُنَّا نَقْعُدُ مِنْهَا مَقَاعِدَ لِلسَّمْعِ فَمَن يَسْتَمِعِ الْآنَ يَجِدْ لَهُ شِهَابًا رَّصَدًا۝ وَأَنَّا لَا نَدْرِي أَشَرٌّ أُرِيدَ بِمَن فِي الْأَرْضِ أَمْ أَرَادَ بِهِمْ رَبُّهُمْ رَشَدًا۝

9. Ва албатта, биз у(осмон)да тинглашга қулай жойларга жойлашиб олар эдик. Энди эса ким қулоқ солса, ўзини пойлаб турган учқунга дучор бўладир. 10. Ва албатта, биз ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилиндими ёки Робблари уларга рушдни ирода қилдими, билмасмиз. Бу оятда жинлар ғайбни, кишилар тақдирини билмасликларини ўзлари эътироф этмоқдалар.

وَأَنَّا مِنَّا الصَّالِحُونَ وَمِنَّا دُونَ ذَلِكَ كُنَّا طَرَائِقَ قِدَدًا۝

11. Ва албатта, биздан солиҳлар ҳам ва бошқалар ҳам бор. Турли гуруҳлар бўлган эдик. Яъни жинлар турли фирқаларга, динларга бўлинган экан. Уларнинг ичида иймонли, солиҳлари ҳам бор, иймонсиз, кофирлари ҳам бор экан. Бу ҳақиқатни Қуръони Каримни эшитишлари билан дарҳол тушуниб етдилар. Қуръон тарозиси билан ўлчаб, ким солиҳу ким адашганлигини англаб етдилар. Ажабланарлиси шуки, жинлар бу ҳақиқатни жуда ҳам қисқа вақтда англаб етганларига қарамай, инсонларнинг кўплари ҳозиргача ҳақ йўл қолиб, ноҳақ йўлдан бормоқдалар. Оқибати нима бўлишини эса ҳеч ким ўйламайди. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat