- Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини мишқослар билан ўлдирган одам олиб келинди. Бас, у зот унга жаноза ўқимадилар».Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.«Мишқос» – кенг тиғли, пичоққа ўхшаш нарса. Ўзини-ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган иш. Ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини-ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса, алоҳида жазолар бўлади.Имом Бухорий Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташида ўша билан азобланади», деганлар.Имом Бухорий Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзини ўлдирди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқолоқлик қилди. Мен унга жаннатни ҳаром қилдим», деди», деганлар.Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзини-ўзи бўғган дўзахда ҳам ўзини бўғиб туради. Ўзига-ўзи пичоқ урган дўзахда ҳам пичоқ уриб туради», деганлар. Демак ўзини-ўзи ўлдирган одам дўзахга тушишида шубҳа йўқ.Одамларга ўрнак бўлиши учун бу дунёда ҳам унга ўзгача муносабатда бўлинади. Умар ибн Абдул Азиз, Авзоий ва Имом Аҳмаднинг мазҳаблари бўйича ўзини-ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқилмайди.Уламолар боғий – Ислом давлатига қарши чиқ¬¬қанлар ва фосиқларга ҳам шу ўзини-ўзи ўл¬дир¬ганнинг муросаси қилинади, дейдилар. Токи, бош¬¬қалар ҳам буларнинг қилмишини қилмасинлар.Қолган уч имомлар эса, ўзини-ўзи ўлдирганга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жаноза ўқимаганлар-у, аммо бошқаларга ўқишни амр қилганлар. Шунинг учун таниқли бўлмаган оддий одамлар ўқиб қўйса бўлаверади, дейдилар.