«Зикр Аҳлидан сўранг» сайти масъуллари саволларга жавоб бериш-бермаслик, шунингдек, берилган саволларга жавоб бериш ваколатини учинчи шахсларга топшириш масаласини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
«Зикр Аҳлидан сўранг» сайти масъуллари, шунингдек, сайт муҳаррирлари жавоб берилмаган саволларни нима сабабдан инкор қилингани ҳақида маълумот бериш мажбуриятига эга эмасдирлар.
«Зикр Аҳлидан сўранг» сайти масъуллари, сиз юборган саволлардаги имловий хатоларни тўғрилаш, шунингдек, саволни бошқа ўқувчиларга ҳам тушунарли бўлиши учун, ундаги умумий маънони ўзгартирмаган ҳолда, таҳрир қилиш ҳуқуқига эгадир.
«Зикр Аҳлидан сўранг» сайти масъуллари берилган саволларнинг бўлимларини ўзгартириш, вақти-вақти билан сайтда жавобсиз қолган ва фойдадан йироқ бўлган саволларни сайт маълумотлар базасидан ўчириб туриш ҳуқуқига эга.
Савол бериш қоидалари
Саволингизга аввал жавоб берилмаганига амин бўлинг! Саволингизга жавобни аввало қўл остингиздаги мўътабар диний адабиётлардан қидириб кўринг. Топа олмасангиз, «қидирув хизматидан» излаб кўринг. Такрорий берилган саволларга жавоб берилмайди.
Саволингизни гўзал услубда беринг. Бунинг учун савол матнини ёзишдан аввал уни зеҳнингизда шакллантириб олингиз. Ўзингизни олимнинг ёнларида юзма-юз ўтириб, бевосита ўзларига савол бераётгандай ҳис қилингиз. Саволни иложи борича имловий хатолардан холи қилиб ёзингиз. Зеро, берилган саволни нафақат ўзингиз, балки бошқалар ҳам ўқиб манфаатланишлари мумкинлигини ёдда тутингиз. Шунингдек, ҳеч ким кўрмайди, билмайди, деб, беҳаё, бемаъни, ҳамда мантиқсиз саволларни ёзмангиз. Ўнг тарафингизда савобларингизни, чап тарафингизда эса, гуноҳларингизни ёзиб турувчи «котибфаришталар» борлигини унутмангиз.
Тушунарли савол берингиз. Саволингиз дунё ва охиратга фойда келтирадиган, имкон қадар тушунарли, қисқа ва лўнда, шунингдек узун салом-аликлардан, ҳамду сано ва ташаккурлардан холи бўлсин. Шунда ўзингизнинг ҳам, ўзгаларнинг ҳам, энг асосийси, «Зикр Аҳлидан сўранг»сайти масъулларининг ҳам қимматли вақтларини тежаган бўласиз.
Ҳар сафар фақат битта савол берингиз. Саволларингиз бир нечта бўлса, янги мавзу очиб, алоҳида савол берингиз. Биттадан ортиқ берилган саволларга жавоб берилмайди. Саволингизга жавоб берилмаса, худди шу мавзуда бошқа савол бермангиз.
Жавобга қаноат қилинг. Берилган жавобга далил, исбот, ҳужжат сўралмайди! Жавоб берувчи ҳужжат келтиришни лойиқ топса, буни жавобга киритади. Шунингдек ушбу сайт, фитнага сабаб бўлувчи саволлар, қарши фикр ва мулуҳазалар, бирор шахс ҳақида маълумот оладиган, тортишув ва низолар жойи эмас. Балки, бу сайт одамларнинг манфаатлари ва фиқҳий билимлари учун хизмат қиладиган бўлимдир.
Қуйидаги мавзудаги саволларга жавоб берилмайди:
«Зикр Аҳлидан сўранг» сайти масъулларининг шахсан ўзларига оид, сизни дунё ва охиратингизга фойда ёки зарари бўлмаган саволлар. (Масалан, сиз нечта ҳадис ёд олгансиз, сизни кимлигингизни билсам бўладими ва ҳоказо)
Умумий мавзудаги саволлар. (Банк фаолияти борасида шариатимизда нима дейилади? )
Саволга жавоб берилмаганининг сабабини сўраш.
«Фалон олимнинг гапига нима дейсиз» ёки «Фалон домла ёки имомнинг гапига нима дейсиз» кабилар.
Фатво сўровчи ушбу одобларга риоя қилмоғи лозимдир:
Фатво берувчи олим, ундан савол сўраган кишига нисбатан устоз мақомида бўлади. Шунинг учун фатво сўраган одам, олим билан бўладиган муомалада одобли бўлмоғи, у кишини илми учун улуғламоғи ва эҳтиром қилмоғи лозим.
Ғам-ғуссада бўлган, аччиқланиб ёки қалби машғул бўлиб турган олимдан фатво сўраш одобдан эмас.
Олимдан савол сўраганда берилган жавобнинг далили сўралмайди. Сўраш жуда лозим бўлса, бошқа мажлисда ёки фатвони қабул қилиб олгандан сўнг бир оз ўтиб сўраш жоиз.
Фатво сўровчи учун қуйидагилар макруҳдир:
Кўп савол сўраш.
Динда фойдаси йўқ нарсаларни сўраш.
Воқеъликда йўқ нарсани сўраш.
Қийин масалаларни сўраш.
Таъаббудий масалаларнинг ҳикматини сўраш (Бомдод намози нима учун икки ракъат, нега намозда икки марта сажда қилинади, кабилар).
Саволда ҳаддан ташқари чуқур кетиш.
Бошқалардан устун келиш учун қайсарлик ила сўраш.
Бир олимга савол бериб, жавоб олгач, бошқа олимдан яна ўша саволни сўраш.
Енгил фатво берадиган одамни излаб топиб, сўраш. Агар илмда ва адолатда бир хил олимлар кўп бўлсалар, сўровчи ўзи истаган олимга мурожаат қилиши мумкин. Аммо баъзи уламолар «Бундай ҳолатда уларнинг энг афзалидан сўраган маъқул», деганлар. Ҳар бир оқил мусулмон инсон юқоридаги тўққиз банддан иборат фатво бериш одобларидан ўзига тегишли дарс ва хулосаларини чиқариб олиши лозим ва лобуддир.