Ассалому алайкум! Мен компьютер хизматида ишлайман (шахсий). Битта мижозим бор, яъни китоб ёзувчи муаллиф. Ҳар сафар китоблари ёзиб бўлингандан кейин охирига ёрдам берганларни исм-фамилиясини ёзиб қўядилар (яъни меникини ҳам). Баъзида шариатимизга зид гаплар ёзиладиган бўлса, масалан “Хизр назар қилган”, “Жаннатий одам” гаплар бўлса бундай сўзларни ёзмайман деб ушбу сайтнинг савол-жавоб бўлимидан жавоб топиб бераман. Жавоб топиб берганимдан кейин ёздирмайдилар ва амал қиладилар. Ушбу мижозим бир куни бошқа шеър ёзувчи муаллифнинг шеърлар ва ҳикматлар тўпламини олиб келдилар. Ҳикматлар орасида “Дўстинг учун ароқ ич” деган жойи бор экан. Айнан ўша жойини ёзмасдан чиқариб бердим. Хатоларини тузатиб келгандан кейин қарасам яна “Дўстинг учун ароқ ич” деб тузатиб қўйибди, бошқа хатоларини тўғрилаб ушбу сўзларни ёзмасдан флешкасига кўчириб бердим. Маълум муддатдан сўнг китоб чиқибди, қизиқиб ёзмаган жойимга нима ёзган экан деб қарасам қайсидир компьютер хонада “Дўстинг учун ароқ ич” деган сўзларни ёзиб китоб ҳолатида чиқарибди, орқасига менинг исм-фамилиямни ҳам ёзиб қўйишибди. Мен ўзимнинг мижозимга “Бориб айтинг менинг исм-фамилиямни олиб ташласин, ёки ушбу сўзлар ўрнига ҳикматли сўз ёзсин, мен “Дўстинг учун ароқ ич” деган жойини ёзмаганман” десам хоп дедилар. Лекин китоб кўп нусхада чиққан, барибир ушбу сўзларин ўчиришмайди. Ҳозирда ушбу китоб жуда кўп мижозлар қўлида юрган. Ушбу ҳолат бўйича “Дўстинг учун ароқ ич” деган жойига амал қилишса мен гуноҳга ёрдам берган бўлиб қолмайманми? Жавобларингиз учун олдиндан катта раҳмат!
– Ва алайкум ассалом! Сиз ундай инсонларга ёрдам берманг. “Дўстинг учун ароқ ич” дейиш бу гуноҳга буюриш ҳисобланади. Бу фахшни тарқатиш ҳисобланади. Қанча қанча табиати бузуқ инсонлар Умар Ҳайём ёзмаган шеърларни у кишини ёзган деб туҳмат қилади ва ўзларига далил қилишади. Валлоҳу аълам!