Ассалому алайкум! Мен ўзим чет элда ўқийман. Иккита ресторанда ишлаб ўқишимга пул орттиришга ҳаракат қиламан. Қуръон ҳамда намоз ўқишимга қарамасдан бир хатоликка йўл қўйдим. Ишчиларга танаффус вақтида овқатлардан танаввул қилишга рухсат берилади. Мен чўчқа гўшти истеъмол қилмасамда, товуқ ёки мол гўштини эҳтиётсизлик қилиб танаввул қилдим. Ҳозирда иш жойларимни иккаласида ҳам ҳалол сертификати йўқ эканлигини билиб қолдим. Илтимос менга айтинг, еганларим ҳаромми? Ҳаром бўлса, буни бадалини қандай тўлайман
– Ва алайкум ассалом! Ҳалол бўлгани аниқ бўлмаса ножоиз нарсани еган бўлади, тезда тавба қилиб уни ейишдан тийилиш шарт. Инсон еган нарсаларидан ташкил топади. Шунинг учун ҳам уч-уч ярим кило туғилган бола катта бўлганида 40-50 кило вазн олади. Ўша 40-50 кило гўшт уни еган таомидир. Агар ҳалол еган бўлса ҳалол гўшт, ҳаром еб ўстирган бўлса ҳаром гўшт. Чўчқа гўштини еб катта бўлган бола нима бўлишини тасаввур қилаверинг. Одамни ҳар хил ҳаракатга келтирадиган нарсалар ҳам ўша еган овқати ҳисобланади. Шунинг учун шариатимиз йиртқич ҳайвонларни ейишдан қайтарган. Аллоҳнинг раҳматини қаранки бундан ҳам қутилиш йўлини таълимини берган. Бундай инсонлар кўпроқ рўза тутадилар. Шунда ўша ҳаромлардан қутилади. Закот молни покловчиси бўлса рўза одам бадани ва руҳининг покловчисидир. Валлоҳу аълам!