Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Назр рўзадан савоб бўладими

07:45 / 02.06.2020 | dad | 1501

Ассалому алайкум! Назр қилинган рўза савоб умидида тутиладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Албатта. Чунки Аллоҳ таоло "Моида" сурасида марҳамат қилади: 

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَوْفُواْ بِالْعُقُودِ أُحِلَّتْ لَكُم بَهِيمَةُ الأَنْعَامِ إِلاَّ مَا يُتْلَى عَلَيْكُمْ غَيْرَ مُحِلِّي الصَّيْدِ وَأَنتُمْ حُرُمٌ إِنَّ اللّهَ يَحْكُمُ مَا يُرِيدُ۝ 

1. Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг! Сизга кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди, эҳромдалик вақтингизда овни ҳалол санамаган ҳолингизда. Албатта, Аллоҳ ирода қилганини ҳукм қиладир.
Ояти каримадаги «аҳдномалар» сўзидан икки томон ўзаро келишиб тузадиган ва имзолаб, тасдиқлайдиган ҳозирги урфдаги аҳдномаларни тушунмаслик керак. Бу ерда кенг маънодаги аҳдномалар назарда тутилган. Аввало, бу аҳдномалар инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. Бу иймон аҳдномаси дейилади ва унга Аллоҳнинг ягона илоҳлигини, Робблигини ва Ҳокимлигини эътироф этиш, Унга банда бўлиш, итоат қилиш ва таслим бўлиш киради. Бу аҳдномани Аллоҳ таоло биринчи инсон Одам Атодан бошлаб ола бошлаган. Яна аҳднома Одам Атонинг зурриётидан ҳам олингандир.
Бундай умумий аҳдномаларга инсоннинг ўзига ўзи қилган шахсий аҳдлари ҳам, жумладан, назр атаганми, бирор ишни Аллоҳ йўлида қилишга аҳд этганми ёки бошқа аҳдларими, ҳаммаси киради.
Шунингдек, инсоннинг хоҳ дўст бўлсин, хоҳ душман бўлсин – бошқа шахслар билан, турли жамоа ҳамда гуруҳлар билан тузган аҳдномалари ҳам, савдо-сотиқ, қарз, вакиллик, кафиллик каби ишлар ҳам ушбу тушунча остига киради.
Албатта, бошқа давлатлар ва халқлар билан тузилган шартномалар ҳам ушбу оятда зикр этилган аҳдномаларга киради. Аллоҳ таоло мўмин бандаларига хитоб этиб, барча аҳдларига вафо қилишни буюрмоқда. Зотан, аҳдга вафо Исломдаги энг улкан хислатлардандир. Шунингдек, аҳдга бевафолик катта гуноҳдир.
Аллоҳга берилган иймон аҳдида ҳалол ва ҳаромнинг ҳукмини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидан олиш шарти ҳам мавжуд. Ўша аҳдга мувофиқ, нима ҳалолу нима ҳаромлигини Аллоҳ таоло Ўзи белгиламоқда.
«Сизга кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди...»
Биз «чорва ҳайвонлари» деб таржима қилган сўз Қуръони Карим матнида «Анъом» деб келган. Бу сўз араб тилида туя, қорамол ва қўй-эчкиларга нисбатан ишлатилади. Бунда хонакилари ҳам, ёввойилари ҳам баробардир. Демак, мазкур ҳайвонлар аслида ҳалол, аммо баъзи мустасно ҳолларда ҳаром бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳоллар оз бўлгани учун улар алоҳида кўрсатилмоқда. Ўша истисно ҳоллардан биринчиси
«...эҳромдалик вақтингизда овни ҳалол санамаган ҳолингизда» жумласида баён этилгандир.
Маълумки, ҳаж ёки умра ниятида эҳромга кириш бу дунёнинг ишларини ҳаром қилиб, бутун борлиғи билан Аллоҳга ажралиб чиқишни билдиради. Ҳожи ёки умрачи ўзига ҳатто одатдаги кийимларини ҳам ҳаром қилиб, ният ила Масжидул Ҳаром томон йўл олган шахсдир. Шунинг учун у барча жонли нарсаларга озор беришдан қўлини тиймоғи лозим. Бу кўрсатма табиатни муҳофаза қилишнинг ўзига хос дарси ҳамдир. Эҳромдаги одам ҳеч қандай ҳайвонни ов қилмайди, чўчитмайди, овчига кўрсатиб бермайди, дарахтлар ва ўсимликларни кесмайди, синдирмайди. Шу йўл билан у бу вақтинчалик дарсда ҳаёт мазмунини, ҳамма тирик жониворга ҳаёт берган Аллоҳ таолога алоқадорлигини англаб етади. Ўзи ўрганиб қолган моғорли фикр ва одатлардан юқори кўтарилиб, руҳий чўққиларга чиқади.
Оятнинг сўнгида мазкур аҳдномаларнинг энг зўрларидан бири эсга олинади:
«Албатта, Аллоҳ ирода қилганини ҳукм қиладир».
Унинг иродасининг чеки йўқ. У мутлақ иродали Зот. Нимани хоҳласа, шуни ҳукм қилади. Унинг ҳукми ҳамма ёқда жорий бўлиши лозим. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat