Ассалому алайкум! Мен аёлим билан жанжаллашиб қолганимда уни қўрқитиш мақсадида “талоғингни беришимни хохлаяпсанми берайми” деган сўзларни бир неча бор ишлатганман. Шу талоққа ўтадими?
– Ва алайкум ассалом! “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
لِمَا رَوَى عَبْدُ الرَّزَّاقِ فِي مُصَنَّفِهِ عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ إِذَا مَلَّكَهَا أَمْرَهَا، فَتَفَرَّقَا قَبْلَ أَنْ يَنْقَضِي شَيْءٌ، فَلَا أَمْرَ لَهَا
Абдурраззоқ ўзининг «Мусаннаф» номли китобида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда:
«Қачон аёлга ўз ишини топширганда, бир нарса бўлишидан олдин жойларидан туриб кетсалар, аёлнинг ихтиёри қолмайди», дейилган.
Бунга ўхшаш ривоятлар Жобир ибн Абдуллоҳ, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон ва бошқалардан ҳам ривоят қилинган.
Илло, «ҳар хоҳлаганингда», «вақтики, хоҳлаганингда» ва «қачонки хоҳлаганингда», деса, «агар хоҳласанг»га хилоф ўлароқ.
Яъни аёлнинг ихтиёри мажлисга боғлиқ бўлмайди, чунки бу лафзлар вақт учун умумийдир. Буларда «Ўзингни қай вақт хоҳласанг, талоқ қилавер» деган маъно бор. «Агар хоҳласанг»да эса умумий вақтга далолат қилмагани учун, аёлнинг талоқ қилиш ихтиёри хабар унга етгандаги мажлисига боғлиқ бўлади.
Ва эр тафвийздан қайтмайди.
Яъни талоқ қилиш хаққини хотинининг ихтиёрига бериб қўйган эр ўша гапидан қайтиши мумкин эмас. Чунки тафвийз қасам билан баробар. Қасам бажарилиши шарт нарса бўлгани учун ундан қайтиб бўлмайди.
Агар аёлдан ўзгага тафвийз қилса, мажлисга боғлиқ бўлмайди ва қайтиши мумкин.
Яъни эр ўз хотинини талоқ қилишни хотиндан ўзга кишига топширган бўлса, мазкур шахс хоҳлаган пайтида талоқ қилаверади. Унинг талоқ қилиш ҳаққи бу ҳақдаги хабарни эшитганидаги мажлисда бўлиши шарт эмас. Мазкур мажлисдами ёки ундан кейинми, хоҳлаган вақтида талоқ қилса бўлаверади. Чунки бундай шахс вакил бўлиб қолади. Вакилнинг эса ўзи истаган вақтда амрни бажаришга ҳаққи бор.
Шунингдек, эр гапини қайтариб олса ҳам бўлади. Чунки бу ҳолатда у бировни ўз фойдаси учун иш қилишга вакил қилди. Ишни хоҳламай қолганида уни қилиш топшириқ берган одам учун зарар келтиради. Фойдани кўзлаган нарсада зарар кўриш эса мумкин эмас.
Мажлис туриш, кетиш, ўтган мавзуга оид бўлмаган гап ёки ишга киришиб кетиш билан ўзгаради.
Дейлик, эр ўзи билан ўтирган хотинига «Талоқ ихтиёрини ўзингга топширдим», деди. Шунда хотин ўша заҳоти «Мен ўзимни фалон талоқ қилдим», деса, ўша талоқ тушади. Аммо эрнинг гапидан кейин у индамай ўрнидан туриб кетса, талоқ қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Чунки унинг ўрнидан туриши билан мажлис ўзгарди.
Эр юриб кетаётган хотинини тўхтатиб, унга «Талоқ ихтиёрини ўзингга топширдим», деди. Шунда хотин ўша заҳоти «Мен ўзимни фалон талоқ қилдим», деса, ўша талоқ тушади. Аммо эрнинг гапидан кейин у индамай юриб кетса, талоқ қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Чунки унинг юриши билан мажлис ўзгарди.
Дейлик, эр ўзи билан ўтирган хотинига «Талоқ ихтиёрини ўзингга топширдим», деди. Шунда хотин ўша заҳоти «Мен ўзимни фалон талоқ қилдим», деса, ўша талоқ тушади. Аммо эрнинг гапидан кейин у индамай талоқдан бошқа мавзудаги гапни гапириб ёки ишни қилиб кетса, талоқ қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Чунки унинг талоқдан бошқа мавзудаги гапни гапириб ёки ишни қилиши билан мажлис ўзгарди.
Аёлнинг кемаси уйига ўхшайди. Уловининг юриши эса ўзининг юришига ўхшайди.
Кемада кетаётган аёлга эри унинг талоғини ўзига тафвийз қилгани ҳақида хабар етса, кема унинг учун уй ўрнида кўрилади. «Гапни эшитганингдан кейин кема юрди, энди сенинг мажлисинг ўзгарди ва талоқни ихтиёр қилиш ҳаққинг тугади», дейиш мумкин эмас. Чунки кема аёлнинг ихтиёрисиз юради. Агар талоқнинг тафвийзи ҳақидаги хабар аёлга у улов устида турганида етса ва улови юриб кетса, ўзи юриб кетгани билан баробар бўлади ва мажлис ўзгарган деб эътибор қилинади. Чунки улов унинг устидаги шахснинг қисташи билан юради.
Тафвийз нияти ила «Ихтиёр қил», деганда «Ихтиёр қилдим», деса, фақат бир боин талоқ тушади. Валлоҳу аълам!