Ассалому алайкум! Мен Қуран .уз сайтида Қурони кариймни ўқиб тугатиш 30 ёки 40 кундан ошиб кетса макрух эканлиги хақида ўқидим бу хаммага тегишлими агар 30 кунда тугата олмайдиганлар болса уларнинг ўқиганлари қабул эмасми масалан мен хам 30 кунда тугата олмайман демак ўқимаслигим керакми
– Ва алайкум ассалом! Имом Термизий ўзининг «Сунан»ида қуйидагиларни ёзади:
«Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кундан камда Қуръонни ўқиб чиққан киши ҳеч нима англамабди», дедилар».
Яна Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қуръонни қирқ кунда ўқиб чиқ», деган эканлар.
Исҳоқ ибн Иброҳим айтади: «Ушбу ҳадисга кўра, кишига Қуръонни ўқиб чиқмаган ҳолида қирқ кун ўтказишини раво кўрмаймиз».
Баъзи аҳли илмлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисга асосланиб, «Қуръонни уч кундан камда ўқиб чиқмайди», деган бўлса, баъзилари бунга рухсат берган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, у бир ракъат витрда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқар экан. Саъид ибн Жубайрнинг ҳам Каъбада бир ракъатда Қуръонни ўқиб чиққани ривоят қилинган. Бироқ, илм аҳлига қироатда тартил суюклироқдир».
Имом Термизийнинг ривоятига кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан биринчи бўлиб қирқ кунда хатм қилиш тавсия этилгани айтилган бўлса да, кўпчилик ривоятларда, жумладан, «Саҳиҳи Бухорий»да ҳам тавсия бир ойда хатм қилишдан бошлангани ривоят қилинган. Шу боис қадимдан кўпчилик бир ойда бир хатм қилишга одатланган. Қуръони Каримнинг ўттиз жузга тақсимланишига ҳам саҳобалар ва улардан кейинги тобеъинлар ўртасида ҳар ойда хатм қилиш кенг ёйилгани асосий сабаб бўлган. Яъни уларнинг кунлик вазифаларидан келиб чиқиб, Қуръони Карим 30 порага бўлинган.
Бироқ, бу дегани ундан кўп муддатда хатм қилса, инобатга ўтмайди, дегани эмас. Балки, 30 ёки 40 кун ўтиб ҳам хатмиси етмаслиги кароҳиятли иш деганидир. Бу ҳам бир ижтиҳодий қарашлардан эканини ҳам ҳисобга олиш даркор. Валлоҳу аълам!