Ассалому алайкум! Менинг онам ёшлигимда вафот этган. Ёшлигимда дадам бошқа аёлга уйланди. У аёлни она деб қабул қилмаганман. Ёшлигимда қийнарди, урарди лекин мени катта қилди. Катта бўлганимда ҳам тухматлар қилган, чиқишмаганман. Хозир умуман гаплашмиман урушиб қолганман. Ёшим 26да. Дадам ароқ ичиб кўп у аёлга кет, сенга жавоб деган. Талоқ тушганми. У аёлни менда қанақа хақлари бор, туғган онамдай хурмат қилишим керакми. Талоқ тушса у аёл менга номахрам бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Отангиз бу сўзларни айтаётганда талоқни ният қилган бўлса тушади. У аёл сиз учун абадий маҳрамдир.
Ўгай онани ҳурмат қилиш, унга меҳрибон бўлиш, ҳол-аҳвол сўраш аслида отага меҳр кўрсатиш сирасидандир. Унинг ҳаққи отанинг тириклик даврига чегараланмаган, балки вафотидан сўнг ҳам унга қилинган яхшилик, ҳурмат-эътибор отага қилингандек бўлади. Зеро ўгай она отанинг суюкли инсонларидандир. Шундай экан, у фарзандларга нисбатан адолатсиз, бемеҳр, қаттиққўл бўлса ҳам унга ёмон муомалада бўлиш тўғри эмас. Балки, ширин сўз, афв ва ҳурмат билан жавоб қайтариш лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Фуссилат сурасининг 34-оятида қуйидагича марҳамат қилади: Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Яхши бўлган нарса ила даф қил. Қарабсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди қадрдон дўстдек бўлур.
Аллоҳнинг йўлига чақирувчи ўз сўзининг қадрини яхши билиши, сўзни ҳис этиши керак. Чунки
«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас».
Аллоҳ таолонинг йўлига чақирувчининг иши яхши иш, сўзи яхши сўз, унинг иши бошқаларнинг ишидан устун, унинг сўзи бошқаларнинг сўзидан устун. Шунинг учун ҳам
«Яхши бўлган нарса ила даф қил».
Ҳар қанча ёмон гап эшитиб, ҳар қанча ёмон муомала кўрсанг ҳам, фақат яхши нарса ила қайтар, эй Аллоҳнинг йўлига чақирувчи! Ҳеч қачон ёмонлик қилма! Ана ўшанда
«Қарабсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди қадрдон дўстдек бўлур».
Бу Исломга чорловчилар учун жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ҳар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган чорловчигина катта муваффақиятларга эришади. Аммо бу сифатга эришиш осон эмас.
Шу билан бирга шариат ўгай онани аслий она билан бир даражага қўймайди. Чунки онанинг фазли ўта юқори бўлиб, унга ҳатто ота ҳам баробар эмас. Валлоҳу аълам!