Ассалому алайкум! Мен 6 ой олдин ўпка туберкулёзи билан касалландим. Эндигина 6 ойлик ДОТС программа бўйича дориларим тугади. Ўзим 43 кг ман. 2 та 1 ярим яшар қизларим бор. Рамазон рўзасини тутишликни жуда ҳоҳлаяпман. Лекин уйимдаги барча оила аъзоларим бунга қаттиқ қаршилик кўрсатишяпти. Ҳали тўлиқ тузалмаганимни, касалим қайталаниши мумкин эканлигини, кичик ёшдаги болаларим билан чарчашимми, рўза тутсам ўзимга зуғум қилган бўлишимни таъкидлашяпти. Рўза тутмасам бу узрли сабаб ҳисобланадими? Туберкулёз билан касалланганда рўза тутиш мумкин эмасми?
– Ва алайкум ассалом! Рўза тутиб кўринг, агар қодир бўлсангиз охиригача тутишингиз фарз. Агар заифлашиб, соғлиғингизга зарар етиши мумкин бўлган ҳолат пайдо бўлса очиб юборасиз. Бундай ҳолатда каффорот вожиб бўлмайди, фақат қазо тутиб берилади. Ҳар куни тутишга қодир бўлмасангиз оралатиб, яъни бир кун тутиб бир кун тутмасдан бўлса ҳам рамазон ойи рўзасини тутинг. Орада қолдирган кунларингизни қазосини рамазондан кейин ёки қишнинг қисқа кунларида бўлса ҳам тутиб бераверасиз. Агар йилнинг бирорта кунида ҳам рўза тутишга қодир бўлмайдиган даражага тушиб қолган бўлсангиз ва кейинчалик рўза тутишга қодир бўлишингиз умид қилинмаса, рамазон рўзаси учун фидя берсангиз бўлади. Фидя берганингиздан кейин Аллоҳ шифо бериб рўза тутишга қодир бўлиб қолсангиз қазоларини тутасиз. Валлоҳу аълам!