Ассалому алайкум! Хозирда Полша давлатидаман, бу жойлар зино ва фахшга тўлган, хозирги ахволимда кўз зиносидан тийилиш деяарли имконсиздек туйилиб кетяпди. Ёшим 19 да уйланмаганман, базида шу ахволимдан хафа бўлиб кетаман, айтинчи шу жойларга келишим мен учун жазоми ёкида Аллоҳни менга берган синовими? Жазо деганимни сабаби олдин бу ерга келишни роса орзу қилганман, бу ерда зино хавфи жуда кучли, базига кўз зиносини килсам калбимда хотиржамлик кетади, умуман хеч нарсадан умидсиздек бўлиб қоламан, кейин тавба қилиб истиғфор айтиб, Қуръон ўқиб насух тавбани ният қиламан. Шундай хам бўлади ўзим тавба қилдим, тавбам қабул бўлгандек хис қиламан. Афсуски кўчадаги ахволда яна гунох қилиб қўйяпман, қалбим махзун бўлиб қоляпти. Шунда ўйлайман тавба қилдим, лекин яна кўз зиносини қилдим, демак ўша гунохни қилдим, шунда олдинги гунохларим хам қўшилиб хисобланадими? Шундай холатимда нима қилишим керак? Сахобалар даврида хам шундай бўлганми яни кўз зиноси шунчалик даражага чиққанми? Бу ерда аёллар деярли кийимсиз. Машина хайдайман йўлга қарамасам иложи йўқ, барибир кўзим тушиб қоляпти, хаёл чалғияпти. Хуллас ахволимни тушиндиниз деб ўйлайман. 2-Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу, Али розияллоҳу анҳулар ўртасида кечган фитнали жангни ёритиб берган қайси китобни ўқишни маслахат берасиз?
– Ва алайкум ассалом! 1). Бу аҳволда юришингиз хатодир. Дарҳол уйланишнинг чорасини қилинг. Унга қадар рўзани лозим тутинг.
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ، مَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمُ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ، فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».
Бешовлари ривоят қилганлар.
2). Саҳобалар ўртасида бўлган шу каби ҳодисалар тафсилотига киришманг, уларнинг ўша воқеаларда тутган йўллари ўз ижтиҳодларига кўра бўлганлигини эътироф қилиш билан кифояланинг. Умар ибн Абдулазиз айтганлар: “У фитналардан Аллоҳ таоло бизнинг қиличларимизни сақлаган. Энди тилларимизни ҳам сақлайлик.” Валлоҳу аълам!