Бундай сувни ишлатиш мумкин. Оқава сувларни тозалагандан кейин улар ила покланиш ҳақида Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ҳамд бўлсин! Ортидан Набий келмайдиган зот–саййидимиз ва Набиййимиз Муҳаммадга саловоту салом бўлсин! Аммо баъду: Робитатул Оламил Исломийнинг Ислом Фиқҳи Академияси кенгаши ўзининг Маккаи Мукаррамада, 13 Ражаб, ҳижрий 1409 йил, душанба кунидан то 20 ражаб, ҳижрий 1409 йил, якшанба кунигача (мелодий 1989 йил 19 февралдан мелодий 1989 йил 26 февралгача) бўлиб ўтган ўн биринчи мажлисида оқава сувларнинг тозалангандан кейинги ҳукми ҳақидаги саволни кўриб чиқди. У билан тоҳарат ва ғусл қилиб нопокликни кетказса бўладими? У билан нажосатни кетказса бўладими? Кимёвий йўллар билан тозалаш бўйича шуғулланувчи мусулмон, адолатли, содиқлик ва омонатдорликда ишончли мутахассислардан сўраб-суриштирилгандан кейин, мазкур сувдан нажосатни кетказиш тўрт босқичда: сизилтириб, ҳаводан ўтказиб, микробларни ўлдириб ва хлор билан зарарсизлантириб амалга оширилиши маълум бўлди. Шундай қилиб, сувнинг таъмида, рангида ва ҳидида нажосатнинг асари қолмайди. Кейин Академия қуйидаги қарорни қабул қилди: Агар оқава сувлар зикр қилинган ва унга ўхшаш йўллар билан тозаланса ҳамда таъмида ҳам, рангида ҳам, ҳидида ҳам нажосатнинг асари қолмаса, пок сувга айланади. У билан бетоҳаратликни ва нажосатни кетказиш жоиздир. Бунга асос, кўп сувга нажосат тушган бўлса, ўша нажосатнинг ундан кетиши ҳамда асари қолмаслиги ила у сув покланади, деган фиқҳий қоидадир. Саййидимиз Муҳаммадга, оила аъзоларига ва саҳобаларига саловоту саломлар бўлсин! Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин!