Ассалому алайкум! Рамазонда шайтонлар занжирбанд қилинади дeйилади. Аммо мен қалбимда васвасани хис қилаяпман. Бу нимадан?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга улкан башорат бериб:
وَلَسَوْفَ يُعْطِيكَ رَبُّكَ فَتَرْضَى
5. Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва рози бўлурсан.(“Зуҳо” сураси). деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам токи умматлари жаннатга кирмагунларича ва барча пайғамбарларнинг умматларидан мақомлари юқори бўлмагунича рози бўлмасликлари Аллоҳга маълум эди. Аллоҳ таоло у зотни рози бўлишлари учун рамазон ойини ва ундаги минг ойдан афзал бўлган қадр кечасини ато қилди. Бандаларим улкан савоб ва мағфират энг юқори даражаларга эришсин – деб, рамазон ойини бу умматга тухфа қилди. Бандаларнинг ибодатига ҳалал бермаслиги учун шайтонларни занжирбанд қилди. Бир бор адо қилинган нафлни фарз даражасида, бир бор адо қилинган фарзни эса, рамазондан бошқа ойлардаги етмишта фарзни адо қилганнинг даражасида қилди. Бу ойдаги бир кунлик рўзани, бошқа ойларда умр бўйи тутиладиган нафл рўзанинг даражасидан юқори қилди. Рўзадорнинг қорнини тўйдириш эвазига ичганидан кейин токи жаннатга киргунича чанқамайдиган “ҳавзи кавсар”нинг сувидан ичиришини ваъда қилди. Астойдил тавба қилган инсон одамларни ҳаққлари зиммасида бўлмаса, онадан янги туғилгандаги мақомга етишишини ваъда қилди. Шайтонлар занжирбанд қлинганида ҳам нафсни исён қилиши, уни тарбияга жуда муҳтожлигининг аломатидир. Аллоҳ таоло “Юсуф” сурасида марҳамат қилиб: “Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир” деган. Ин шаа Аллоҳ рўза улкан тарбия ойидир.
Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 183-оятида марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
183. Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз.
Ушбу оятнинг тафсирида Устозимиз раҳимаҳуллоҳ қуйидагиларни келтирадилар : «Шоядки, тақво қилсангиз», – деб, рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилиб қўймоқда. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахснинг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза ҳавойи нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани «тақво» деб номланувчи икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади. Бу ояти каримада рўза фарз қилинганлигининг хабари келди.(“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!