Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ноумид шайтон

11:40 / 04.03.2017 | Ramziddin qizi | 9160

Ассалому алайкум! Бир танишим «ноумид шайтон» дeган гапни айтди. Бу гапнинг ростлигига далил борми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Аллоҳнинг азобидан омонда бўлиш, яъни “мен ҳар қандай амал қилсам ҳам Аллоҳнинг азобига дучор бўлмайман” деган хаёлда бўлиш, шунингдек инсон гуноҳларни қилиб, тирик бўлатуриб Аллоҳнинг мағфиратидан ноумид бўлиш кишининг Ислом миллатидан чиқишига сабаб бўлади. Ҳақ иккисининг ўртасидадир” деганлар. Аллоҳ таоло "Зумар" сурасида марҳамат қилади :

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ۝

53. (Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига исроф қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». 

Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» – деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан. Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор. Аввало, Аллоҳ таоло: 

«Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим», – деб, бандаларига Ўз нисбатини бермоқда. Аслида, «исроф» деб мол-дунёни ортиқча сарфлашга айтилади. Шунингдек, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларининг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишларини айтмоқда. 

«…Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!» Унинг раҳмати жуда кенгдир. 

«Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар». Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки, 

«Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». Тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради. Муфассирларимиз, аввал айтиб ўтилганидек, ушбу ояти каримани Аллоҳнинг Китобидаги энг умидли оят, деб таъкидлайдилар ва, шу билан бирга, бу умид гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқтирадилар. Яъни «Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради» деган умид билан била туриб, гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. Бу оятда Аллоҳнинг қонун-қоидаларини билмасдан аввал гуноҳ қилиб юрганлар мағфиратдан умид узмасликлари кераклиги айтиляпти. “Рум” сурасида :

وَإِذَا أَذَقْنَا النَّاسَ رَحْمَةً فَرِحُوا بِهَا وَإِن تُصِبْهُمْ سَيِّئَةٌ بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ إِذَا هُمْ يَقْنَطُونَ۝

36. Ва қачон одамларга раҳматни тоттирсак, ундан шод бўлурлар. Агар уларга ўз қўллари тақдим қилган нарса туфайли ёмонлик етса, дарҳол умидсизликка тушурлар. 

Бу ҳам субутсиз инсонларнинг ҳолатларидан бир кўринишдир. Аллоҳ таолога иймон воситасида мустаҳкам боғланмаган одамларда бундай ҳолатнинг бўлиши турган гап. 

«Ва қачон одамларга раҳматни тоттирсак, ундан шод бўлурлар». Ўзларига Аллоҳ томонидан бир яхшилик етса, ўта қувониб, ҳовлиқиб кетадилар. Бурунлари осмонга кўтарилиб, босар-тусарларини билмай қоладилар. Бундай яхши ҳолат ўзлари учун синов эканини ўйламайдилар. Шукр айтадими ёки ношукрлик қиладими – шуни синаш учун берилган бўлиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Балки манманликка, риёкорликка ва мақтанишга ўтадилар. Худди шу одамларнинг ўзи: 

«Агар уларга ўз қўллари тақдим қилган нарса туфайли ёмонлик етса, дарҳол умидсизликка тушурлар». 

Улар, аввало, ўзларига етган ёмонлик «ўз қўллари тақдим қилган нарса», яъни гуноҳ туфайли келганини англаб етмайдилар. Уни ўзларига нисбатан ўта адолатсизлик сифатида қабул қилиб, ортиқча маҳзун бўлиб, дод-вой соладилар. Бу мусибат ўзларига бир насиҳат, танбеҳ ёки гуноҳларига каффорот бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Шунингдек, бу ҳам синов бўлиши мумкинлиги уларнинг хаёлларига ҳам келмайди. Бутунлай умидсизликка тушмасдан, сабр қилиб, чин ихлос билан Аллоҳга ёлворсалар, мушкуллари кушод бўлиши мумкинлигини эсламайдилар. Бундай одамларнинг калтафаҳмлиги, узоқни кўра олмаслиги собит ақийда соҳиби эмасликларини билдиради. Бўлмаса:

 أَوَلَمْ يَرَوْا أَنَّ اللَّهَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاء وَيَقْدِرُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ۝

37. Улар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсага ризқни кенг ёки тор қилишини билмасларми? Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят(белги)лар бордир. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat