Ассалому алайкум! Мен Россияда ҳар турдаги сувенирларни ишлаб чиқариш заводида ишладим ва барча сирларини ўрганиб келиб, ўзимизда айнан шу турдаги сувенирларни ишлаб чиқаришни бошладим. Бунга кирадиган турлар барча турдаги ҳайвонлар, буржлар ва саёҳат масканлари учун катта ҳажмдагилари ҳам. Сувенирларни ясаш жараёни қўл меҳнати эмас, аксинча резина қолипларидан фойдаланган ҳолда ясалади. Саволим шуки буларни ясаш ва сотиш динимизда ҳаром ёки ҳалоллигини билдирсангиз жуда мамнун бўлардим. Бу саволни беришимдан максад, суратга олиш ва суратни чизишнинг ҳукми ўртасида фарқ борлиги бўлди. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Ҳалол эмас. Жазоси ҳам ўта оғирдир. Жонсиз нарсалар масалан шаҳар ёки бинолар ёки манзарали дарахтлар ясашингизда шаръан монеълик йўқ.
عَنْ عَوْنِ بْنِ أَبِي جُحَيْفَةَ قَالَ: رَأَيْتُ أَبِي اشْتَرَى عَبْدًا حَجَّامًا، فَسَأَلْتُهُ، فَقَالَ: نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ ثَمَنِ الْكَلْبِ، وَثَمَنِ الدَّمِ، وَنَهَى عَنِ الْوَاشِمَةِ وَالْمَوْشُومَةِ، وَآكِلِ الرِّبَا، وَمُوكِلِهِ، وَلَعَنَ الْمُصَوِّرَ
Авн ибн Абу Жуҳайфадан ривоят қилинади: «Отамнинг қон олувчи қул сотиб олганини кўрдим (Отам буюрди, қулнинг қон оладиган асбоблари синдирилди). Ундан сўраган эдим, у: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг пулидан ва қоннинг пулидан қайтарганлар. Вашм* қилиш ва вашм қилдиришдан, рибо ейишдан ва уни едиришдан қайтарганлар ҳамда сураткашни лаънатлаганлар», деди». Изоҳ: Ҳадисда итнинг савдоси ва бундан келадиган даромаддан қайтарилмоқда. Баъзи уламолар шунга кўра итнинг пули мутлақо ҳаром, дейишган. Аммо аксар уламолар, жумладан, ҳанафийлар овчи ва қўриқчи итлар каби керакли итларнинг савдоси жоиз, дейишган. Улар юқоридаги ҳадисга қуйидагича жавоб берадилар: «Исломнинг аввалида ит боқиш, қайси шаклда бўлмасин, ҳаром қилинган эди. Шунинг учун унинг савдоси ҳам ҳаром эди. Кейин ов ва бошқа эҳтиёжлар юзасидан ит боқишга рухсат берилди. Бинобарин, унинг савдоси ҳам ҳалол қилинди». «Сураткаш» деганда ҳар қандай рассом эмас, жонзотнинг суратини қўл билан чизувчи ёки ҳайкал қилиб ясовчи назарда тутилган. * «Вашм» деб танага игна ёки бошқа восита билан расм ёки сўзни ўйиб, нақш солиш (татуировка) тушунилади.МУСАВВИРЛАРНИНГ ҚИЁМАТ КУНИ АЗОБЛАНИШИ ҲАҚИДА
عَنْ مُسْلِمٍ قَالَ: كُنَّا مَعَ مَسْرُوقٍ فِي دَارِ يَسَارِ بْنِ نُمَيْرٍ، فَرَأَى فِي صُفَّتِهِ تَمَاثِيلَ فَقَالَ: سَمِعْتُ عَبْدَ اللهِ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّ أَشَدَّ النَّاسِ عَذَابًا عِنْدَ اللهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ الْمُصَوِّرُونَ
Муслимдан ривоят қилинади: «Масруқ билан бирга Ясор ибн Нумайрнинг уйида эдик. (Масруқ Ясорнинг) бостирмасидаги суратларни кўриб, деди: «Абдуллоҳнинг шундай деганини эшитдим: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида энг қаттиқ азобда бўладиган одамлар мусаввирлардир», деяётганларини эшитганман».أَنَّ عَبْدَ اللهِ بْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَخْبَرَهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الَّذِينَ يَصْنَعُونَ هَذِهِ الصُّوَرَ يُعَذَّبُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ يُقَالُ لَهُمْ أَحْيُوا مَا خَلَقْتُمْ
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо хабар қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳайкалларни ясайдиганлар қиёмат куни азобланадилар. Уларга: «Яратган нарсаларингизга жон киритинг!» дейилади», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Валлоҳу аълам!