Ассалому алайкум! Касал бўлган кишига кўпчилик «сан Аллоҳни суйган бандаси экансан, чунки Аллоҳ суйган бандасига дард бериб синайди» дейишади. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғри фикр?
Ва алайкум ассалом! Тўғри фикр.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا يَزَالُ الْبَلَاءُ بِالْمُؤْمِنِ وَالْمُؤْمِنَةِ فِي نَفْسِهِ وَوَلَدِهِ وَمَالِهِ حَتَّى يَلْقَى اللهَ وَمَا عَلَيْهِ خَطِيئَةٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ва мўминага жонида, боласида ва молида бало етиши бардавом бўлади. Токи у Роббига рўпара бўлганда бирор гуноҳи қолмасин», дедилар». Шарҳ: Турли балоларнинг етиши мўминларнинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлар экан. Албатта, ўша бало етганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми, дея розилик ила қабул қилиб олиш ва сабр қилиш шарти ила. Мўмин ўзига, боласига ва молига етган мусибатларни сабр ила қарши олиб, Аллоҳ таолонинг савобини кўпроқ касб қилишга уриниш ила зоҳидлик даражасига етишади.وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَثَلُ الْمُؤْمِنِ كَمَثَلِ الزَّرْعِ لَا تَزَالُ الرِّيحُ تُمِيْلُهُ وَلَا يَزَالُ الْمُؤْمِنُ يُصِيبُهُ البَلَاءٌ، وَمَثَلُ الْكَافِرِ كَمَثَلِ شَجَرَةِ الْأَرْزِ لَا تَهْتَزُّ حَتَّى تَسْتَحْصِدَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мисоли майсага ўхшайди. Уни шамол доимо у ёқ-бу ёққа эгиб туради. Мўминга доимо бало етиб туради. Кофир худди арз (кедр) дарахтига ўхшайди, то (шамол) томиридан қўпормагунча қимирламайди», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Мўмин бандага бу дунёда турли кўнгилсиз ҳолатлар ориз бўлиб туриши ҳам Аллоҳ таолонинг унга нисбатан яхшилиги бўлиши мумкин. Агар Аллоҳ таоло истаса, уни ҳам кофирни тек қўйиб туриб, бирдан томиридан қўпоргани каби қўпориши мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло бу дунёдаги етадиган мусибатлар орқали мўминга бир неча фойдаларни ирода қилган. Уларнинг нималар эканини келгуси ҳадиси шарифларда ўрганамиз.عَنْ مُصْعَبِ بْنِ سَعْدٍ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ النَّاسِ أَشَدُّ بَلَاءً؟ قَالَ: الْأَنْبِيَاءُ ثُمَّ الْأَمْثَلُ فَالْأَمْثَلُ، فَيُبْتَلَى الرَّجُلُ عَلَى حَسَبِ دِينِهِ، فَإِنْ كَانَ دِينُهُ صُلْبًا اشْتَدَّ بَلَاؤُهُ، وَإِنْ كَانَ فِي دِينِهِ رِقَّةٌ ابْتُلِيَ عَلَى حَسَبِ دِينِهِ، فَمَا يَبْرَحُ الْبَلَاءُ بِالْعَبْدِ حَتَّى يَتْرُكَهُ يَمْشِي عَلَى الْأَرْضِ مَا عَلَيْهِ خَطِيئَةٌ
Мусъаб ибн Саъддан, у отаси розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси одамларнинг балога учраши шиддатлироқ?» дедим. «Анбиёлар, сўнгра (мартабада) улардан кейингилар ва улардан кейингилар. Киши динига қараб балога гирифтор қилинади. Агар дини маҳкам бўлса, бало ҳам шиддатли бўлади. Агар динида сустлик бўлса, динига қараб балога дучор қилинади. Банда ер юзида гуноҳсиз ҳолатда юрадиган бўлгунича бало у билан бардавом бўлади», дедилар». Шарҳ: Бундан балолар гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши билан бирга, анбиёлар каби бегуноҳ зотларнинг даражалари янада юқори бўлиши учун ҳам хизмат қилиши келиб чиқади. Демак, диндор ва тақводор кишиларнинг баъзи бир бало-офатларга дучор бўлишларини ҳам худди шу маънода англаш керак. Инчунин, зоҳидлик ишқида юрган солиҳ бандаларга бало-офатлар етиши ҳам бежиз эмаслигини билиб қўйиш лозим.عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: مَا رَأَيْتُ الْوَجَعَ عَلَى أَحَدٍ أَشَدَّ مِنْهُ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра оғирроқ бемор бўлган бирор кишини кўрмадим». Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссалом энг афзал банда бўлганлари учун энг шиддатли балоларга дучор бўлганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бемор бўлишлари ҳақидаги ривоятларни диққат билан ўрганган ҳар бир киши бу ҳақиқатни тўла англаб етади.عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَرَادَ اللهُ بِعَبْدِهِ الْخَيْرَ عَجَّلَ لَهُ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا، وَإِذَا أَرَادَ اللهُ بِعَبْدِهِ الشَّرَّ أَمْسَكَ عَنْهُ بِذَنْبِهِ حَتَّى يُوَافِيَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Аллоҳ Ўз бандасига яхшиликни ирода қилса, унга бу дунёда уқубатни тезлатади. Қачон Аллоҳ Ўз бандасига ёмонликни ирода қилса, унга қиёмат куни тўлиқ азоб бериш учун гуноҳига яраша жазо бермай туради», дедилар». Шарҳ: Демак, мўмин банда бу дунёда ўзига етадиган балоларга қиёматга қолмай, ёруғ дунёнинг ўзида гуноҳлари учун олаётган жазо сифатида ҳам қараши керак бўлади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин бандага кўрсатган меҳридир.وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ عِظَمَ الْجَزَاءِ مَعَ عِظَمِ الْبَلَاءِ، وَإِنَّ اللهَ تَعَالَى إِذَا أَحَبَّ قَوْمًا ابْتَلَاهُمْ، فَمَنْ رَضِيَ فَلَهُ الرِّضَا وَمَنْ سَخِطَ فَلَهُ السُّخْطُ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қачон бир қавмни яхши кўрса, бало ила синаб кўради. Ким рози бўлса, унга розилик бўлади. Ким ғазаб қилса, унга ғазаб бўлади», дедилар». Шарҳ: Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, сабр қилган бандадан Аллоҳ таоло рози бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмай, ўзига етган балодан ғазабланса, ўша бандага Аллоҳ таолонинг ғазаби бўлади. Шунинг учун мўмин банда ўзига етган ҳар бир кўнгилсизликни Аллоҳ таоло томонидан синов деб билиб, сабр қилса, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлса, албатта, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!