Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, муҳтарам Шайх ҳазратлари.
Қачон ва қаерда эшитганман, эсимда йўқ, Муқаддас Каъбанинг устидаги ёпинчиқ (номи эсимда йўқ, айтиб ўтсангиз, яхши бўларди) қандайдир вақт оралиғида алмаштириб турилиши ва шу пайт Муқаддас Каъба ювилиши, бутун дунёдан мусулмон бандалар ушбу маросимда қатнашиш учун Маккага боришлари ва унда қатнашиш жуда улкан савоб эгаси бўлиш учун сабаб бўлиши ҳақида эшитган эдим.
Шу ҳақиқатми? Агар ҳақиқат бўлса, у тўғрида «Islom.uz» сайтида кенгроқ маълумот берсангиз. Раҳмат.
- Ва алайкум ассалом!
Каъбаи Муаззаманинг устига ёпиладиган қора мато арабларда «кисва» дейилади. Бизда «пўшиш», «ёпқич» сўзлари ишлатиб келинган.
Каъбага пўшиш жоҳилият давридан бошланган бўлиб, ўша даврда биринчи бўлиб Каъбаи Муаззамага пўшиш ёпган киши Яманнинг ҳокими Асъад Карб исмли киши бўлган.
Каъбаи Муаззамага биринчи бўлиб пўшиш ёпган аёл киши эса Аббос ибн Абдулмутталибнинг оналари Натийла бўлган.
Каъбага Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яманий матолардан, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳум эса «қиботий» деб аталган матодан тикилган пўшиш ёпганлар.
Ҳазрати Умар ҳар йили Каъбанинг пўшишини ҳожиларга тақсимлаб берар эдилар.
Муовия розияллоҳу анҳу эса Каъбага Ашуро куни дебождан, Рамазонда қиботийдан тикилган пўшиш ёпганлар. Шунингдек, халифалар Маъмун, Мутаваккил, Носир кабилар ҳам Каъбага пўшиш ёпганлар. Бу иш кейинчалик ҳам бошқа ҳукмдорлар тарафидан давом эттирилган.
Аббосийлар Каъбаи Муаззамага Мисрнинг Танийс шаҳрида тўқилган матодан пўшиш ёпганлар. Аббосийлардан кейин, ҳижрий 659 санада Яман подшоҳи Музаффар, ундан кейин Зоҳир Бийбарс ҳам Каъбаи Муаззамага пўшиш ёпганлар.
Ҳижрий саккизинчи асрда Солиҳ ибн Носир Муҳаммад ибн Қолавун Мисрдаги Бийсус номли қишлоқни бу иш учун вақф қилди.
Кейинроқ Мисрнинг амираси Шажаратуд Дур хоним кўп вақфлар қилди.
Султон Сулаймон ибн Султон Салимхон Мисрдаги бир неча қишлоқни ўша вақфга қўшди. Ана шу вақфлардан узоқ муддат Каъбанинг пўшиши учун маблағ олиниб турди.
Кейинроқ ҳижрий 1346 санада Маккаи Мукаррамада алоҳида Каъба пўшиши фабрикаси қурилди. Ҳозирги кунларда ана шу муассаса ҳар йили битта пўшиш тайёрламоқда.
Пўшишнинг матоси қора рангдаги соф ипакдан бўлиб, унга тилла суви юритилган кумуш иплар билан «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳи», «Жалла жалолуҳу», «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» ва «Субҳаналлоҳил азийм» иборалари нақш қилинган бўлади.
Ҳозирда Каъбаи Муаззамага бир дона пўшиш тайёрлаш учун 450 килограмм соф ипак ишлатилади. Ўша ипакдан тўқилган мато 658 квадрат метр бўлади.
Пўшиш учун тўқилган мато 48 парчадан иборат бўлиб, ҳар бир парчанинг узунлиги 14 метр, эни 95 сантиметрга тенг бўлади.
Каъбаи Муаззамага ёпиладиган пўшишнинг баландлиги 14 метр бўлиб, унинг бел қисмида 95 сантиметр қалинликда тилла иплар билан оятлар ёзилган камари бор. Камарнинг узунлиги 48 метр. У 48 та парчадан иборат. Камарнинг Каъбаи Муаззаманинг бурчакларига тўғри келадиган қисмига тўрт бурчакли шаклда Ихлос сураси ёзилган. Камарнинг пастидан унинг баландлигича тўртбурчак шаклда олтита ояти карима ёзилган. Ўша тўртбурчаклар орасидаги қандил шаклидаги бўлакларга «Йа Ҳаййу! Йа Қайюму!» «Йа Роҳман! Йа Роҳийм!» деб ёзилган.
Пўшишнинг таг қисми алоҳида мато билан қопланган. Пўшишнинг Каъбаи Муаззаманинг эшиги устига қилинган алоҳида безакли ва оятлар ёзилган қисми «Бурқуъ» деб аталади.
Авваллари Тарвия куни қизил ипакдан, 1-ражаб куни қиботий ва 27-Рамазон куни оқ ипакдан пўшиш ёпилар эди.
Каъбаи Муаззамага қора рангли пўшиш ёпиш ҳижрий олтинчи асрда аббосий халифа Носир Лидиниллоҳ томонидан йўлга қўйилган.
Каъбаи Муаззамани ювиш иши йилига бир неча марта бўлиши мумкин. Бу йилги бир ювиш ҳақида яқинда ахборот бердик. Топиб, ўқишингиз мумкин. «Буюк ювиш» деган маросим ҳам, унга бутун дунёдан одам чақириш ҳам йўқ, борган одам савоб олиши ҳам йўқ.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077