- Ва алайкум ассалом! Оилада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жорий қилиш керак.
Замонамизнинг етук машойихларидан Аҳмад Зулфиқор Нақшбандий (Аллоҳ у кишини умрларини зиёда қилсин) ўзларининг оилани мустаҳкамлаш борасида қилган маърузаларида : “Эр аёлига бир кунда беш бор “хабар” жўнатиб турсин. У бўса бўлиши мумкин, бирор ишини тақдирлаш бўлиши мумкин, эркалатиб бошини ёки қўлини силаш бўлиши мумкин, эркалатиб аёл учун ёқимли бўлган бирор “хоним” ёки “маликам” каби чиройли сўз бўлиши мумкин, ишда бўладиган бўлса SMS бўлиши мумкин” деганлар. Аслида бундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.
ЎЗАРО БУЮК МУҲАББАТ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўрталаридаги ўзаро муҳаббат ажойиб бир ҳолатда эди. Ўша пайтни васф қилган китоблардаги ривоятларни ўқир эканмиз, бу нафис ҳолатдан завқланмай, иложимиз йўқ.
Охирги замон пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг маҳбуба завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ораларидаги ўзаро муҳаббат кенг маънодаги муҳаббат бўлиб, уни атрофлича мулоҳаза қилиш ва ундан ўрнак олиш лозим.
Албатта, бу маъноларни тўлиқ англашимиз учун ривоятларга мурожаат қиламиз.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِنِّي لَأَعْلَمُ إِذَا كُنْتِ عَنِّي رَاضِيَةً وَإِذَا كُنْتِ عَلَيَّ غَضْبَى، فَقُلْتُ: وَمِنْ أَيْنَ تَعْرِفُ ذَلِكَ؟ قَالَ: أَمَّا إِذَا كُنْتِ عَنِّي رَاضِيَةً فَإِنَّكِ تَقُولِينَ لَا وَرَبِّ مُحَمَّدٍ، وَإِذَا كُنْتِ غَضْبَى قُلْتِ لَا وَرَبِّ إِبْرَاهِيمَ، قُلْتُ: أَجَلْ، وَاللهِ يَا رَسُولَ اللهِ مَا أَهْجُرُ إِلَّا اسْمَكَ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Албатта, сен мендан қачон рози бўлсанг ҳам биламан. Мендан қачон аччиқланган бўлсанг ҳам биламан», дедилар.
«Уни қаердан биласиз?» дедим.
«Қачон мендан рози бўлсанг, «Муҳаммаднинг Робби ила қасамки, ундай эмас!» дейсан. Қачон аччиқланган бўлсанг, «Иброҳимнинг Робби ила қасамки, ундай эмас!» дейсан», дедилар.
«Тўғри! Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, исмингиздан бошқани ҳижрон этмайман», дедим».
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда икки тарафнинг бир-бирларига нозик қарашлари ва илтифотлари очиқ баён этилмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг гапларидаги бир оғиз сўзнинг ўзгаришидан у кишининг руҳиятидаги куллий ўзгаришни англаганлар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бўлсалар ўзларидаги ана шу ўзгаришни жуда нозиклик билан юзага чиқарганлар. «Исмингиздан бошқани ҳижрон этмайман» деганлари «фақат исмингизни айтмайман, холос» деганларидир.
Икки тараф бир бўлганда эса бир-бирларига очиқ айтганлар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўз навбатларида, яъни ўзларига ажратилган вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажрашни ҳеч истамас эдилар. Агар бирор сабабга кўра у зотдан ажраб қолсалар, излашга тушар эдилар.
Имом Муслим, Термизий, Насаий ва Абу Довудлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўринда йўқотиб қўйдим. Изласам, қўлим оёқларининг остига тегди. У зот саждагоҳда эканлар, икки оёқлари тик турган экан. Ўзлари бўлса:
«Аллоҳумма! Аъузу биризока мин сахатика ва бимуъофотика мин уқубатика, аъузу бика минка, лаа уҳсий саноъан алайка. Анта кама аснайта ала нафсика (Аллоҳим! Розилигинг ила ғазабингдан, офиятинг ила уқубатингдан паноҳ тилайман. Сен(инг Раҳматинг) ила Сен(инг уқубатинг)дан паноҳ тилайман. Сенга Сен Ўзингга сано айтганингдек сано айта олмайман)», дер эдилар».
Бу ривоятда ухлаб ётган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо кўзларини уйқудан очганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жойларида йўқликларини сезиб, излашга тушганлари баён этилмоқда.
وَعَنْهَا قَاَلَتْ: كَانَ نَبِيُّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْتَاكُ فَيُعْطِينِي السِّوَاكَ لِأَغْسِلَهُ فَأَبْدَأُ بِهِ فَأَسْتَاكُ ثُمَّ أَغْسِلُهُ وَأَدْفَعُهُ إلَيْهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Оналаримиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муомалаларига яраша муомала қилар эдилар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок қилар ва мисвокни ювишим учун менга берар эдилар. Мен дарҳол аввал ўзим мисвок қилар ва сўнгра уни ювиб, у зотга берар эдим».
Абу Довуд ривоят қилган.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббат ва ҳурматлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан мисвокни олиб, ўзлари мисвок қилгач, дарҳол уни ювиб қўйишлари шунга далилдир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
عن عائشة قالت : كنت أشرب وأنا حائض ، ثم أناوله النبي صلى الله عليه وسلم ، فيضع فاه على موضع في ، فيشرب وأتعرق العرق ، وأنا حائض ، ثم أناوله النبي صلى الله عليه وسلم فيضع فاه على موضع في . رواه مسلم
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Ҳоизалик пайтимда сув ичар сўнг уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатар эдим. У зот оғзим теккан жойга оғизларини қўйиб, ичар эдилар. Ҳоизалик пайтимда суякнинг гўштидан тишлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатар эдим. У зот оғзим теккан жойга оғизларини қўяр эдилар". Муслим ривоят.
Имом Аҳмад ва имом Абу Довудлар Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва «Ҳалиги билан биру бир», дедилар».
Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса у зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлган. Бу бадантарбия билан оилавий равишда шуғулланишдир. Афсус, кўпгина мусулмонлар бунга ўхшаш нарсалардан хабарсиздирлар.
حَدَّثَنِي عَمْرُو بْنُ الْعَاصِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعَثَهُ عَلَى جَيْشِ ذَاتِ السَّلَاسِلِ، فَأَتَيْتُهُ فَقُلْتُ: أَيُّ النَّاسِ أَحَبُّ إِلَيْكَ؟ قَالَ: «عَائِشَةُ». فَقُلْتُ: مِنَ الرِّجَالِ؟ فَقَالَ: «أَبُوهَا». قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «ثُمَّ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ». فَعَدَّ رِجَالًا
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-салосил қўшинига бош қилиб юбордилар. У зотнинг ҳузурларига келиб: «Одамларнинг қай бири сиз учун энг севимли?» дедим. «Оиша», дедилар. «Эркаклардан-чи?» дедим. «Унинг отаси», дедилар. «Кейин ким?» дедим. «Кейин Умар ибн Хаттоб», деб туриб, бир қанча кишиларни санадилар».
Зотус-салосил – «занжирли» дегани бўлиб, Мадинадан ўн кунлик масофада жойлашган, ўша даврдаги Шом ҳудудига қарашли қумлик жой номи. У Водил қуро билан Табук ўртасида жойлашган бўлиб, ҳозир Саудия Арабистони ҳудудига киради. Саккизинчи ҳижрий сананинг жумодил-охир ойида Зотус-салосилга сарийя юборилган ва у ўша жой номи билан аталиб қолган.
إِنَّ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا: يَا عَائِشَ، هَذَا جِبْرِيلُ يُقْرِئُكِ السَّلَامَ». فَقُلْتُ: وَعَلَيْهِ السَّلَامُ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ، تَرَى مَا لَا أَرَى. تُرِيدُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиш! Мана, Жаброил сенга салом айтмоқда», дедилар. Мен: «Унга ҳам салом ҳамда Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин! Мен кўрмайдиган нарсаларни кўра оласиз-а», дедим».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни назарда тутмоқда.
Изоҳ: Араб тилида исмни эркалаш маъносида қисқартириб айтиш кенг тарқалган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳони «Оиш» дейишлари ҳам шу қабилдан. (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
عن عائشة، أن رسول الله -صلى الله عليه وسلم- قبلها وهو صائم، وقال: " إن القبلة لا تنقض الوضوء، ولا تفطر الصائم "، وقال: " يا حميراء، إن في ديننا لسعة
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида Оиша розияллоҳу анҳодан бўса олиб : “Бўса таҳоратни синдирмайди, рўзани ҳам очмайди. Эй Ҳумайро динимиз жуда кенг” дедилар".
عن عروة عن عائشة أن النبي صلى الله عليه وسلم قبل بعض نسائه ثم خرج إلى الصلاة ولم يتوضأ قال قلت من هي إلا أنت قال فضحكت
Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Оиша розияллоҳу анҳо : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардан баъзиларидан бўса олдилар, сўнг таҳорат қилмай намозга чиқдилар” дедилар. Шунда мен “Ўша аёл сизсиз-а?” дедим. Оиша розияллоҳу анҳо кулиб қўйдилар". Валлоҳу аълам!