- Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Кисро, Қайсар ва Нажошийга мактуб ёзмоқчи бўлдилар. Бас, У зотга:«Улар хатми (муҳри) бор мактубдан бошқани қабул қилмайдилар», дейилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалқаси кумушдан бўлган хотим – узук қилдирдилар. Кўзига «Муҳаммадун Расулуллоҳ»ни нақш қилдилар».Шарҳ: Ушбу ривоятдан биз узук деб номлаётган нарсанинг ҳақиқати ва ундан кўзланган асосий мақсад англаб олинади.Бунинг учун аввал бир оз луғавий баҳс юритмоғимиз лозим. Биз «узук» деб номлаётган нарса арабчада «хотим» деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси хатм қилувчи–муҳр босувчи деганидир. Чунки, «хатм» сўзи «муҳр» деганидир.Ҳозир биз ўрганаётган ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чет эллардаги баъзи давлат бошлиқларига юбормоқчи бўлган мактубларини тасдиқлаш учун муҳр босиш зарурати туғилиб қолганда узук қилдириб унинг кўзига ўзларининг муборак номларини ва Аллоҳнинг пайғамбари эканликларини нақш қилдирган эканлар. Шундан кейин У зот ўша узукни тақиб юрганлар ва бирор ҳужжатни муҳрлаш лозим бўлиб қолса, қўлларидан чиқариб туриб, у билан муҳрлаганлар.Эътибор берадиган бўлсак, ушбу ҳадиси шариф Исломнинг халқаро дипломатиясининг биринчи қадамлари қандоқ босилгани ҳақида ҳикоя қилаётганини кўрамиз. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Кисро, Қайсар ва Нажошийга мактуб ёзмоқчи бўлдилар».«Кисро» форс давлатининг подшоҳи. Ўша пайтда форс давлати дунёдаги икки катта империянинг бири эди. Форс подшоҳи Кисро деб аталар эди. Бу ҳозирда баъзи давлатларда давлат бошлиғини «президент» деб аталиши каби эди.Худди шунга ўхшаш:«Қайсар» Рум подшоҳининг лақаби эди.«Нажоший» Ҳабашистон подшоҳининг лақаби эди.Ислом давлати қарор топиб, артоф-жавонибдаги қабилалар Исломга киришни бошлаган даврда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур давлат бошлиқларига мактуб юбориб, уларни ва улар орқали барча фуқароларини ҳам Исломга чақирмоқчи бўлганлар. Ана ўша ишга қўл урила бошлаганда баъзи хабардор кишилар халқаро алоқалардаги подшоҳларга мактуб юборишда ҳисобга олиниши лозим бўлган қоидаларни эслатдилар.«Улар хатми (муҳри) бор мактубдан бошқани қабул қилмайдилар», дейилди».Араблар ўқиш-ёзишдан бехабар, бировга мактуб ёзиш хаёлига ҳам келмаган бир халқ эди. Шунинг учун, уларда бу борада бирор тажриба бўлиши ҳам қийин эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида зикр этилган подшоҳларга элчилар орқали мактуб юборишга қарор қилдилар. У зот уларни ҳам Аллоҳнинг динига чақириш бўйича ўз зиммаларидаги масъулиятни адо этмоқчи эдилар. Ана ўшанда ўзлари муомала қилмоқчи бўлган шахсларга таъкидли бўлиши учун элчиларга қўшиб мактуб ҳам юбормоқчи бўлдилар. Биладиган кишилар муҳрсиз мактубни подшоҳлар қабул қилмасликларини айтиб, бу ишнинг самарали чиқишига ўз ҳиссаларини қўшмоқчи бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўринли ва фойдали маслаҳатларидан тўғри фойдаландилар.«Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалқаси кумушдан бўлган хотим-узук қилдирдилар. Кўзига «Муҳаммадун Расулуллоҳ»ни нақш қилдилар».Аввалги ривоятда айтилганидек, мазкур узукка бир мисқолдан оз кумуш ишлатилди. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чет эл подшоҳларига мактуб юборганлари.2. Бошқа дин ва давлат вакиллари ила алоқа қилишда уларнинг урф-одатларини эътиборга олиш кераклиги.3. Мактуб, ёзув воситаси билан ҳам Исломга даъват қилиш зарурлиги.4. Халқаро алоқаларни олиб боришда халқаро қоидаларга амал қилиш жоизлиги.5. Ёзилган ҳужжатни муҳр ила тасдиқлаш кераклиги.6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужжатларни тасдиқлаш учун тутган муҳрлари узукда бўлгани.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кумушдан узук тутдилар ва унга «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб нақш қилдилар. Ва одамларга:«Мен кумушдан узук тутдим ва унга «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб нақш қилдим. Бирор киши унинг нақшига ўхшаш нақш қилмасин», дедилар».Иккисини бешовлари ривоят қилганлар.Шарҳ: Чунки бошқалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларидаги нақшни ўз узукларига нақш қилдириб олсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳрларининг эътибори қолмас эди. Ҳозирги кунимизнинг тушунчаси билан айтадиган бўлсак, ҳамма ўз раҳбарининг муҳрига ўхшаш муҳр қилдириб олган бўлар эди. Демак, ҳар киши ўзига хос муҳрга эга бўлиши учун ҳар ким узугига ўзига хос, бошқаларникига ўхшамайдиган алоҳида нақш қилдириши керак бўлади.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам узукларнинг нақши уч сатр: Муҳаммадун — бир сатр, Расулу — бир сатр ва Аллоҳи — бир сатр эди».Термизий ва Бухорий ривоят қилганлар.Шарҳ: Ушбу ривоятда келган маълумотга қўшимча қиладиган бўлсак, ўша сўзлар нақш қилинган узукнинг кўз қисми думалоқ ҳам бўлган экан.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари кумушдан бўлиб, унинг кўзи ҳам шундоқ эди».Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларига узук тақдилар. Унинг кўзи ҳабаший эди. У зот унинг кўзини кафтларига қаратиб олар эдилар».Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.Шарҳ: Бу ривоятда аввалги васфи келган узукдан бошқа узук ҳақида сўз кетмоқда. Чунки, аввалги узукнинг кўзи ҳам кумушдан эди. Бунинг кўзи эса, ҳабаший — Ҳабашистонга мансуб тошдан эканлиги таъкидланмоқда.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари мана бунда бўлар эди», деб чап қўлининг синчалоғига ишора қилди».Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.Аввал келган ривоятда ўнг қўлларига таққанлари айтилган эди. Бу ривоятда чап қўлларининг синчалоқларига таққанлари айтилишидан бир ундоқ, бир мундоқ таққанлари тушунилади. Яъни, узукни ўнг қўлга тақса ҳам, чап қўлга тақса ҳам бўлаверар экан.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон халога кирсалар узукларини ечиб қўяр эдилар».Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилгани халога кирган пайтларида қўлларидаги узукларини ечиб, ўзлари билан бирга бўлган саҳобалардан бирларига бериб қўяр эдилар. Чунки, аввал ўрганиб ўтганимиздек, узук кўзига улуғ сўзлар ёзилган эди. Ўша сўзлар ҳурматидан узук билан қазои ҳожат қиладиган жойга кириб бўлмас эди. Ушбу ривоятга амал қилароқ барча мўмин-мусулмонлар ҳам халога кирадиган пайтларида узук ва шунга ўхшаш Аллоҳнинг исми жалоли ва Қуръони Карим оятлари бор нарсаларни ташқарида, пок ва муҳтарам жойда қолдириб, яхшилаб таҳорат қилиб бўлганларидан кейин қайта олмоқлари лозим.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кумушдан узук қилиб олдилар. У ул зотнинг қўлларида бўлди. Сўнгра Абу Бакрнинг қўлида, Умарнинг қўлида ва Усмоннинг қўлида то Арис қудуғига тушиб кетгунча бўлди».Учовлари ва Насаий ривоят қилган.Шарҳ: Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари Ислом давлати муҳри сифатида хизмат қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳаёт бўлганларида уни қўлларига тақиб юриб керакли ҳужжатларини у билан муҳрлаб турганлар. У зот Рафиқи Аълога риҳлат қилганларидан кейин эса халифалари Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўтган. Мазкур муборак узукни у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом давлатига бошлиқ бўлганлари учун қўлларига тақиб юрганлар. Худди шу ҳолат иккинчи ва учинчи халифалар Ҳазрати Умар ибн Хаттоб билан Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумода ҳам такрорланган. Фақат Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу у узукни Қубо яқинидаги Арис номли боғдаги қудуққа қўлларидан тушириб юборганлар. Бу ҳодисадан кейин Ҳазрати Усмон бошлиқ саҳобалар уч кун давомида узукни қудуқдан топишга уринганлар. Охири қудуқнинг ҳамма сувини тортиб чиқариб, қуритиб ҳам топа олмаганлар. Уламо аҳлининг таъкидлашларича, шу ҳодисадан кейин ишлар орқага кетиши, фитналар бошланган.