- Ҳукмнинг қисмлари Шаръий ҳукм, унинг таърифидан аён бўлишича икки қисмга: таклифий ҳукмга ва вазъий ҳукмга тақсимланади. Чунки, шариат соҳибининг мукаллаф бандаларнинг амалларига боғлиқ каломи талаб қилиш ва ихтиёрига қўйиш йўли билан ёки вазъ(бир нарсани сабаб қилиб қўйиш) йўли билан бўлади. Агар шариат соҳибининг каломи мукаллаф банданинг амалини талаб қилиш ёки ихтиёрига қўйиш асосида бўладиган бўлса, буни «таклифий ҳукм» дейилади. Агар шариат соҳибининг каломи мукаллафнинг амалига вазъ(бир нарсани сабаб қилиш) жиҳатидан боғлиқ бўлса, «вазъий ҳукм» дейилади.Таклифий ҳукмТаклифий ҳукм мукаллафдан бир ишни қилмоқни ёки ундан тийилмоқни ёхуд қилиш ва тийилишни унинг ихтиёрига қўйишни тақозо қилувчи нарсадир. Бир ишни қилиш талабига мисол: «Намоз ўқинглар» – бунда намоз ўқиш талаб қилиняпти. «Сизларга рўза тутиш фарз қилинди» – бу ерда рўза тутиш талаб қилиняпти. «Уларнинг молларидан закот ол» – бунда ҳам бир ишни бажариш талаб қилиняпти. «Одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтуллоҳни ҳаж қилиш бордир» – бунда ҳам ҳаж қилишни талаб этиляпти. «Ақдларга вафо қилинг» – бунда ҳам шартномага вафо қилишни талаб этиляпти. Бир ишдан тийилиш талабига мисол: «Аллоҳ ҳаром қилган жонларни қатл қилманг» – бу ерда одам ўлдиришдан тийилиш талаб қилиняпти. «Сизларга ўлимтик, қон ва чўчқанинг гўшти ҳаром қилинди» – бунда мазкур нарсаларни истеъмол қилишдан тийилиш талаб қилиняпти.«Бир қавм бошқа бир қавмни масхара қилмасин» – бунда бошқаларни масхара қилишдан тийилиш талаб қилиняпти. «Зинога яқинлаша кўрманг» – бунда зино қилишдан тийилиш талаб қилиняпти. Бир ишни қилиш-қилмасликни мукаллафнинг ихтиёрига қўйишни тақозо қиладиган ҳукмга мисол: Бу, таклифий ҳукмнинг учинчи тури бўлиб, унга қуйидагилар мисол бўла олади: Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:«Эҳромдан чиқиб ҳалол бўлсангиз, ов қилсангиз, майли» («Моида» сураси, 2-оят).Эҳромдан чиқиб ҳалол ҳолга кирсангиз, хоҳласангиз, ов қилинг, ихтиёр ўзингизда. Хоҳламаган одам ов қилмаса ҳам, ўз ихтиёрида.Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг» («Жумуъа» сураси, 10-оят).Жумъа куни Жумъа намозига боринг, азон айтилгач, савдо-сотиқ ҳаром бўлади. «Намоз тугагач, ер юзига тарқалинг» дегани «ҳамма тарқалиши шарт» дегани эмас, хоҳлаган тарқалади, хоҳламаган тарқалмайди. Чунки, бу ердаги ҳукм ихтиёрий. Мана шу навдаги ҳукмнинг «таклифий» деган ном билан аталишининг сабаби бу навдаги ҳукмда бандадан бир ишни қилмоқ ёки бошқа бир ишни тарк қилмоқ ёхуд иккови ўртасида ихтиёрли бўлмоқ таклиф қилинган.Мубоҳ нарсага ҳам «таклиф» дейиш ғолибиятни эътиборга олганда жоиз бўлади. Аллоҳ таоло мубоҳ қилган нарсаларни одамлар кўпроқ қилишади. Шунинг учун буни ҳам таклифга қўшиб қўйилган.Вазъий ҳукмБир нарсанинг вазъ қилиниши, яъни қўйилиши учун бошқа бир сабаб, шарт ёки монеъ келтирилишининг тақозо қилиниши «вазъий ҳукм» дейилади. Сабабнинг мисоли Аллоҳ таолонинг «Бақара» сурасидаги қуйидаги оятида намоён бўлган: «Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин!» (185-оят).Яъни, рўза тутишлик учун Рамазон ойида ҳозир бўлишлик сабаб қилинаяпти. Рамазон ойи кирмаса, рўза фарз бўлмайди. Ҳукмнинг собит бўлиши ана шу тарзда маълум бир сабабга боғлиқ эканлиги «вазъий ҳукм» дейилади. Аллоҳ таоло бундай деб буюради:«Қуёш оғишидан то кун қоронғисигача намозни тўкис адо қил» («Исро» сураси, 78-оят).Бу оятга биноан, Пешин намози қуёш қиёмдан оғгандан кейин фарз бўлади. Ана шу қиёмдан оғиш вақти кириши намознинг фарз бўлиши сабабидир. Мазкур вақт кирмаса, Пешин фарз бўлмайди. Бу нарсалар мукаллаф банданинг ихтиёрида эмас. Рамазон ойининг кириши, қуёшнинг оғиши Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўладиган нарсалар. Инсоннинг бу ерда дахли йўқ. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:«Эй, иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар», деган (6-оят).Бу оятда намоз ўқишни ирода қилиш тоҳаратнинг фарзлигига сабаб қилинаяпти. Аллоҳ таоло бундай деб буюради:«Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг қилмишига жазо ва Аллоҳдан иқобдир. Аллоҳ азийз ва ҳакиймдир» («Моида» сураси, 38-оят).Бу оятда ўғрилик ўғрининг қўли кесилишига сабаб қилинмоқда. Сабабга суннатдан мисол:Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн куни шундай дедилар:«Ким бировни қатл қилса, унинг салабини олади».Ибн Абу Шайба ривоят қилган.«Салаб» қатл қилинган кишидаги бор қурол, мол-мулк ва киссасидаги пули, арзигулик кийими ҳамда бошқа нарсаларидир. Урушда душманни ўлдирган одам унинг ёнида бор нарсаларни ўзига олишга ҳаққли. Уруш бўлмаса, урушда бировни ўлдирмаса, «салаб» деган ҳаққ ҳеч қаерда собит бўлмайди. Бу ҳадисда урушда душманни қатл қилиш унинг салабини олишга сабаб қилинмоқда.Бу мисолларда мукаллафнинг қудрати етадиган сабаб бор. Намозга туриб, уни ўқишни ирода қилиш, ўғрини ушлаб маҳкамага олиб келиш, салабни олиш маъносидаги ҳаракатлар. Буларнинг ҳаммаси инсонларнинг ҳаракати билан амалга ошади, яъни инсонларнинг имкониятига, амалига боғлиқ. Вазъий ҳукмга асос бўлган шартнинг мисоли Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасида баён этилган:«Одамлардан йўлини топганлари зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» («Оли Имрон» сураси, 97-оят). Яъни, фарздир. Бу ерда ҳаж ибодатининг вожиб бўлиши учун банданинг ҳам мол-мулк жиҳатидан, ҳам жисмоний жиҳатдан қудрати етадиган даражада бўлиши шарт қилиняпти. Демак, маълум мол-мулкка эга бўлиб, бой даражасига етмаган кишига ёки касал, бемор, юриши қийин одамга ҳам ҳаж фарз бўлмайди.