Ассалому алайкум, фазилатли Шайх ҳазратлари.
Барча нуқсонлардан саломат, Салом сифатли Зот сизга тинчлик, хотиржамлик ва роҳатни бардавом қилиб берсин!
Ҳазрат, Ислом.уз. сайтидан «Уяли алоқа фиқҳи» номли мақолани ўқидим. Таърифга тил ожиз! Ўта аҳамиятли масалаларда Қуръон ва ҳадис билан сўз юритилган. Ҳазрат, биз мухлисларингизга қилаётган бу улкан ҳадяларингиз учун бениҳоя миннатдормиз! Сизга ташаккурлар изҳор этамиз!
Ҳазрат, илтимос, имкони бўлса, шу мақолани китобча шаклида ёки «Зикр аҳлидан сўранг» саҳифаларида чоп эттирсангиз, бизни янада бахтиёр этган бўлар эдингиз. Бу биз учун ажойиб бир қўлланма бўлар эди.
Беодоблик қилган бўлсам ҳамда саволимда хато ва камчиликлар бўлса, узр.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
- Ва алайкум ассалом!
Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!
Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!
Аммо баъд:
Бизнинг динимизда одоб ва ахлоққа алоҳида
эътибор берилгани барчага маълум. Мусулмон уммати ўзининг олийжаноб одоби ва ахлоқи ила барчага манзур бўлгани ҳам маълум.
Аммо минг афсуслар бўлсинким, бу борадаги ишлар орқага қолаётгани ҳам барчага маълум. Албатта, ушбу ўта аҳамиятли ишни қайтадан йўлга қўйиш бўйича ҳаракатлар ҳам бўлиб турибди. Биз чиқарган китобларнинг барчаси одоб ва ахлоқ масаласига тегишли бўлса ҳам, алоҳида шу мавзунинг ўзига бағишлаб бир неча асарларни чоп этиш бахтига муяссар бўлдик. «Руҳий тарбия», «Одоблар хазинаси», «Одоб» китоби, «Яхшилик ва ахлоқ» китоби, «Яхшилик ва силаи раҳм» китоби ва бошқалар шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, бугунги кунга келиб аввалги китобларимизда зикр этилмаган, одоб ва ахлоққа бевосита боғлиқ бўлган муаммолар пайдо бўлиб, кенг тарқалиб кетди. Телефон, уяли алоқа ва транспорт воситаларидан, телевизор, видео ва компьютерлардан, интернет ва бошқа ахборот технологияларидан фойдаланиш шулар жумласидандир. Бу нарсаларнинг ҳам ўзига яраша одоби борлиги кўпчиликнинг ёдига ҳам келмаяпти. Пиёда юрганда одобга риоя қилган одамларимиз автоуловда юрганда беодоблик қилишмоқда. Жонли суҳбатда одобли бўладиган одамлар телефон ёки интернет билан алоқа қилганда ўта беҳаёлик намуналарини кўрсатмоқдалар ва ҳоказо.
Албатта, бу ҳолат уламоларимизни қаттиқ ташвишга солди. Маслаҳатлашиб, кишиларимизга ижтимоий муомалаларда одоб ва ахлоқни қандай йўлга қўйиш бўйича бир оз бўлса-да маълумотлар тақдим этишга қарор қилдик.
Бу борада сидқидилдан хизмат қилишга ҳиммат камарини биринчилардан бўлиб маҳкам боғлаганлардан бири муҳтарам Ҳусайн қори Яҳё Абдулмажийдхон бўлдилар. У киши маслаҳат ва илтимосларга биноан «Уяли алоқа фиқҳи» номли рисолани тезда ёзиб битирдилар. Ушбу рисола зудлик билан Ислом.Уз интернет саҳифасига қўйилди. Кишиларимиз бу ажойиб рисолани катта қизиқиш билан ўргандилар. Кейин уни рус тилига таржима қилиб, русча сайтимизга ҳам қўйдик. Мана энди кўпчиликнинг талабига биноан «Зикр аҳлидан сўранг» силсиласида ҳам нашр этишга қарор қилдик. Аллоҳ бу ишни барчамизга фойдали қилсин! Ўқиганларга ажру савобни кўпайтириб берсин! Муаллифга ажр ва савоб бериш билан бирга, илмларига ривож берсин! Кўплаб фойдали нарсаларни битиб, халқимизга шарафли хизматда бардавом бўлишни насиб этсин! Омин!
Эҳтиром ила
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
УЯЛИ АЛОҚА ФИҚҲИ
УЯЛИ АЛОҚА ВОСИТАЛАРИДАН
ФОЙДАЛАНИШ ОДОБЛАРИ
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
КИРИШ
Бандаларининг ҳожатларини енгиллаштирган, уларга ўз ҳаёт тарзларини осонлаштиришлари учун илм, ақл, илҳом ва имкониятларни берган ҳамда уларга ҳар бир ҳаётий ишларида ҳидоят, нур бўлгувчи Исломни ато қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Икки иш келганида енгилини танлаган, умматларига доимо осонликни ва хайриятни хоҳлаган, уларни ҳар бир ишда одоб-ахлоққа ўргатган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин!
Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари чексиз, чегарасиздир. Бу неъматларнинг ичида вужудга келишида инсоннинг ҳам зоҳиран иштироки борлари мавжуд. Ана шундай неъматлардан бири ҳозирги кунда кенг тарқалган, жуда ҳам қисқа фурсат ичида инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган уяли алоқаси воситаларидир.
Ҳар бир нарсада меъёр ва одоб бўлганидек, бу воситадан фойдаланишнинг ҳам ўзига яраша шаръий одоблари бор. Ҳар бир неъматнинг шукронаси вожиб бўлганидек, бу неъматнинг ҳам шукри лозимдир. Неъматнинг шукри эса берилган неъматни ўша неъматни берган Зот рози бўладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади.
«Уяли алоқа воситаси ўзи яқин йилларда пайдо бўлган бўлса, қандай қилиб унинг шаръий одоблари бўлсин?» деган савол туғилиши ҳам мумкин. Ҳа, тўғри, уяли телефоннинг пайдо бўлганига кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо Аллоҳ таолонинг сўнгги дини, барча замонлар ва маконларга жавоб берувчи, инсониятга икки дунё саодатини кафолатловчи, қиёматгача боқий қолгувчи дини – Исломда шундай одоб ва меъёрлар баён қилинганки, унинг асосида бундан яна ўн аср ўтиб, техника бундан кўра юз баробар тараққиёт этса ҳам, инсоният ривожланишнинг энг чўққисига етса ҳам, унинг ҳаётидаги ҳар бир масала Исломда ҳал қилинган бўлади, Ислом унга ўзининг одилона муносабатини ҳамда ҳақиқий ҳукмни ҳавола қилмай қолмайди.
Фойдали нарсаларнинг ўзига яраша зиён тарафи ҳам бўлганидек, уяли телефон воситасининг ҳам манфаатли ва зарарли томонлари бор. Агар уни манфаатли тарзда ишлатиб, зарарли тарафларидан сақланилмаса, неъматга нисбатан ношукрлик бўлади, киши ўзининг дунёси учун ҳам, охирати учун ҳам зиёнга ишлайди.
Аввалги исломий манбаларда «Телефон одоблари» деган боб ёки фасл бўлган эмас. Чунки у пайтда телефоннинг ўзи мавжуд бўлмаган. Аммо ҳозир Ислом уламолари асл исломий одоблар асосида бу янги пайдо бўлган воситанинг ҳукми ва унга тааллуқли одобларни ҳам баён қилиб бермоқдалар. Улар ўз сўзларида Исломнинг негиз қоидалари ва одобларига, унинг асл мақсадларига таянган ҳолларида, оят ва ҳадис асосида фатво бермоқдалар. Аллоҳ улардан рози бўлсин.
Камина бизнинг мусулмон халқимизга – тарихи Ислом билан гуркираган ўзбек халқига ҳам бу мавзуда баъзи маълумотларни тақдим қилиш эҳтиёжини сезиб юрар эдим. Шу аснода ана шу муаммога бағишланган баъзи илмий баҳс ва мақолаларни кўриб қолдим. Уларда мавзуга доир саволларга замонамизнинг кўзга кўринган уламолари тарафидан жавоблар берилган эди. Бинобарин, уларнинг баъзиларидан фойдаланган ҳолда бу борадаги муҳим масала ва одобларни баён қилишни мақсад қилдим.
Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман. Рисолада далил сифатида келтирилган барча хабарлар, ҳадислар саҳиҳ хабарлардир. Уларнинг асл манбалари, шунингдек, ояти карималарнинг қайси сура, қайси оятдан экани кўрсатилмаган. Бунинг боиси оддий ўқувчининг фикрини чалғитмасликдир. Шунингдек, рисоладан суҳбат шаклида тузилган савол-жавоблар ҳам ўрин олган.
Аллоҳ таоло бу камтарона амалнинг Ўзининг ризоси учун бўлишини, унинг ўзим ва ўзгалар учун манфаатли бўлишини насиб этсин.
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
16/05/1432 ҳ. – 20/04/2011. Тошкент.
УЯЛИ АЛОҚА ВОСИТАСИ ТАРИХИГА БИР НАЗАР
Уяли алоқа воситасини яратиш фикри биринчи бўлиб 1946 йили Америкадаги AT&T Bell Labs компаниясида туғилган эди. Ўшанда бу фирма радиоузаткич ёрдамида ишловчи дастлабки телефонни яратган эди. Лекин бу воситадан фойдаланиш жуда мураккаб бўлиб, қўнғироқ қилувчи аввал марказий станцияга уланиб, «Фалон рақамни улаб беринг», деб илтимос қилиши лозим эди. Бундан ташқари, бир вақтнинг ўзида ҳам тинглаб, ҳам гапиришнинг имкони йўқ, алоқа ҳозирги рацияларнинг услубида эди.
Кейинроқ мазкур корхона ҳар бир телефон учун алоҳида станция кашф этди. Аммо бу станциянинг оғирлиги 40 кг бўлиб, автоулови бор одам уни орқа ўриндиққа, гўшакни эса олд ўриндиққа қўйиб оларди.
40-йилларнинг охирига келиб, Швециядаги Телеваркет компанияси ўзининг икки ходимига оддий телефон жиҳозлари каби ишлайдиган, аммо кўтариб юрса бўладиган жиҳоз ўйлаб топишни топширади. Бу топшириқ кўп ўтмай, 1950 йилнинг 3 декабрида амалга ошади. Унга MTA (А мобил телефон тизими) деб ном берилади ва 1956 йили сотувга чиқарилади. Аммо автоуловга муҳтож бўлган ушбу жиҳоз ҳам 35 кг оғирликка эга эди.
1973 йилга келиб, Американинг Моторола компанияси ҳажми ва оғирлиги жиҳатидан анчагина ихчам жиҳоз яратишга муваффақ бўлди. Бу илк мобил телефон эди. Унга Dyna-Tac деб ном беришди. Бу жиҳознинг узунлиги 25, эни 15, қалинлиги 5 см, оғирлиги эса 1 кг бўлиб, унинг 12 та тугмачалари бор эди. Атиги 35 дақиқага етадиган электр қувватига эга бўлиши учун бу телефон 10 соат давомида озуқа олиши керак эди.
1983 йилга келиб, AMPS стандартидаги биринчи оммавий уяли телефон ишлаб чиқарилди. Бу билан ҳозирги авлод уяли алоқа тарихининг илк саҳифаси очилган эди.
Кейин эса бу майдон ниҳоятда кенгайиб, яшин тезлигида ривожланиб кетди. Ҳозирга келиб, 6,5 миллиарддан зиёд инсониятнинг 2 миллиарддан ортиғи уяли алоқа воситаларидан фойдаланмоқда.
Ватанимиз Ўзбекистон ҳудудида ҳам фаол аҳоли қисмининг деярли барчаси уяли алоқа воситаларидан фойдаланмоқда. Баъзи кишиларда иккитадан, баъзиларида эса учтадан қўл телефони бор. Шунинг учун ҳам аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлган бу азиз халқ, тарихи Ислом билан обод бўлган, Исломга амал қилиш орқали дунёга устоз бўлган бу буюк халқ мазкур мавзуга Ислом шариатининг муносабати қандай эканини билиши, ўқиб, ўрганиб, ихлос билан амал қилиши лозим ва лобуддир.
УЯЛИ АЛОҚА ВОСИТАЛАРИДАН
ФОЙДАЛАНИШ ОДОБЛАРИ
I. Жиҳозга, яъни уяли алоқа аппаратига тааллуқли одоблар.
II. Жамоатчиликка нисбатан одоблар.
III. Суҳбатдошга нисбатан одоблар.
IV. Мавзуга оид саволлар.
Мавзуга киришдан олдин Ислом шариатининг бирламчи, асосий мақсадларини эслаб ўтсак. Аллоҳ таолонинг сўнгги ҳамда мукаммал дини – Ислом шариатини теран ўрганган уламолар шариатнинг бош мақсадлари бешта эканини айтганлар. Яъни Ислом шариати ҳукмларининг ҳаммаси ана шу мақсадларга хизмат қилади. Улар қуйидагилардир:
1. Дин муҳофазаси;
2. Нафс, шахс муҳофазаси;
3. Ақл муҳофазаси;
4. Ирз (шаън, обрў, иффат) муҳофазаси;
5. Мол-пул муҳофазаси.
Қуйидаги одобларни ўрганган ҳар бир киши улар ҳам мазкур мақсадлар асосида жорий қилинганини англаб етади. Ҳар бир одобни мутолаа қилган чоғда мазкур шаръий мақсадларни бир бор хотирлаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Жиҳозга тааллуқли одоблар
1. Жиҳозни (телефон аппаратини) киши ўзининг эҳтиёжига ярашасини олиши керак. Чунки эҳтиёждан ташқари нарсага мол-пул сарф қилиш исрофдир. Исрофгарчилик эса ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот Аллоҳ исроф қилувчиларни суймас» (Аъроф сураси, 31-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Шунингдек, жамиятдаги ҳар қандай ҳожатсиз сарфланган нарса қайсидир муҳтожнинг муҳтож ҳолда қолиши, балки аҳволи яна ҳам танглашиши эвазига бўлишини унутманг.
2. Жиҳозни олишда уни яхшиликларга, дунё ва охират учун манфаатли нарсаларга, масалан, силаи раҳмни тиклаш, яқин кишиларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, уларга яхши сўз ва тилакларни тақдим этиш, ўз ҳожатингизни тезроқ битириш билан вақтни тежаш ёки жиҳознинг имкониятларидан фойдаланиб, Қуръони Карим тиловатларини, панд-насиҳатларни тинглаш, ибратли кўрсатувларни томоша қилиш, фойдали матнларни мутолаа қилиш каби хайрли йўлларда ишлатишни ният қилинг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллар ниятга боғлиқдир», деганлар. Зинҳор уни мақтаниш учун, ўзгаларга кўз-кўз қилиш, кимлардандир устун эканлигингизни кўрсатиш ёки шунчаки беҳуда ҳаваскорлик учун сотиб олманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки шуҳрат либосини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик либосини кийдиради». Бундан ҳам ёмони – уни гуноҳ учун, бировларнинг сирларини билиш, ношаръий нарсаларни эшитиш ёки кўриш, назар солиш ҳаром бўлган нарсаларни суратга олиш, номаҳрам шахслар билан суҳбатлашиш, кимгадир айғоқчилик қилиш, бекорчи суҳбатлар қуриш каби гуноҳ ва беҳуда амалларга ишлатишни кўзда тутманг. Зеро, у ҳолда юқоридаги ҳадиси шарифга биноан, ана шу жиҳозни сотиб олишингизнинг ўзи гуноҳга айланади.
3. Агар жиҳозингизда лафзи жалола ёки Мусҳаф, яъни Қуръони Карим матни мавжуд бўлса, ана ўша муқаддас нарсалар жиҳознинг ойнасида кўриниб турган ҳолатда қоғозда бўлганидек ҳукмда бўлади. Яъни телефон аппаратида Мусҳаф очиқ турган ҳолда уни бетаҳорат ушлаш, у билан нолойиқ жойларга кириш жоиз бўлмайди. У ойнадан ёпилгачгина жиҳозни бетаҳорат ушлаш мумкин. Аллоҳ таоло «Уни (Қуръонни) фақат покланганларгина ушлайди», деган (Воқиъа сураси, 79-оят).
4. Жиҳоз ойнасига лафзи жалола ёки Қуръон оятларини имкон қадар қўймаганингиз афзал. Чунки сиз у билан ҳожатхона, таҳоратхона ёки ҳаммом каби жойларга кириб қолишингиз мумкин.
5. Жиҳознинг қўнғироқ товушларига Қуръон ояти, азон ёки Аллоҳнинг зикрларини қўйишдан сақланинг. Зеро, Қуръон уни ўқиб, уни бутун вужуд билан тинглаб, маъноларини тафаккур қилиб, кўрсатмаларига амал қилиниши учун Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган муқаддас Каломдир. Шундай экан, унга ўша мақсадга мувофиқ муносабатда бўлиш вожибдир. У мусиқа ёки қўнғироқ ўрнида ишлатилиши учун нозил қилинган эмас. Азон эса Исломнинг шиорларидан – нишонларидандир. У мусулмонларни ибодатга чорлаш учун жорий қилинган ибодатдир. Бошқа зикрлар ҳам шундай. Хусусан, агар ҳожатхона каби нопок жойларда эканингизда қўнғироқ келиб қолса, нақадар ножоиз иш қилганингизни яна бир бор ҳис қиласиз. Шунингдек, гўшакни кўтариш билан оят ёки калимани кесиб, унга нисбатан беодоблик қилишга тўғри келади. Ҳатто бунда маънони бузадиган ҳоллар ҳам бўлади. Масалан, «ла илааҳа…» дейилиши билан «иллаллоҳ»га қолдирмай, гўшак кўтарилса, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деган иймон калимаси «...ҳеч қандай илоҳ йўқ» иборасига айланиб қолади. Бинобарин, Ислом муқаддасотларини бундай енгил-елпи ўринларда ишлатиш уларга беписандлик билан қараш ҳисобланади. Ислом шиорларини енгил санаш жоиз эмас. Бу иш инсоннинг иймонига хатар солади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бу қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят).
Бошқа бир оятда шундай марҳамат қилади:
«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилувчиларгина... мўминлардир» (Анфол сураси, 2-оят).
6. Жиҳозга Исломда тинглаш ёки томоша қилиш ман қилинган нарсаларни жойлаштириш ҳаромдир. Жумладан, жиҳоз ичига аёлларнинг расмлари, назар солиш ҳаром бўлган суратларни, тинглаш ножоиз бўлган нарсаларни ўрнатишдан сақланинг. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этур ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эслатма олсангиз» (Наҳл сураси, 90-оят).
Мусулмон кишининг зоҳирда Аллоҳ рози бўладиган амалларни бажариб, махфий ҳолатда Аллоҳнинг ҳар бир нарсани кўриб турувчи, билиб турувчи Зот эканига иймони бўлмаган кишиларнинг ишини қилиши мунофиқликнинг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло айтади: «У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур» (Ғофир сураси, 19-оят).
Хусусан, агар ана шу ҳолда масжидга кирсангиз, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни Аллоҳнинг уйига олиб кирган бўласиз. Уни бошқалар кўрмаслиги мумкин, аммо Аллоҳ кўриб туради.
Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга риоя қилса, бу Робби ҳузурида унинг ўзи учун яхшидир» (Ҳаж сураси, 30-оят).
«Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бу қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Беҳаёлик жафодир, жафо дўзахдадир».
7. Жиҳозга имкон қадар оилавий суратларни киритманг. Чунки уларга ўзингиз хоҳламаган ҳолда ўзингиз истамаган назарларнинг тушиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Агар оилавий суратларни олсангиз ҳам, уларни алоҳида бўлимга қўйиб, «қулфли» ҳолда сақланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ҳамиятли, ғайратли бўлади», деганлар.
8. Ўзгага тегишли бўлган жиҳозни унинг рухсатисиз олманг, ундан бировга қўнғироқ ҳам қилманг, унинг ичидаги нарсаларни тажриба учун ҳам очиб кўрманг. Агар рухсат берган тақдирда ҳам, эгаси кирмасликни талаб қилган бўлимларига кирманг. Чунки бу билан ўзгаларнинг сирларига, яширилиши лозим бўлган нарсаларига тажовуз қилган бўласиз. Бу албатта, хиёнатдир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ хиёнаткор ва гуноҳкор бўлган кимсани хуш кўрмас» (Нисо сураси, 107-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ким бир мусулмон биродарининг яширин бўлиши лозим бўлган нарсаларини тафтиш қилса, Аллоҳ унинг яширин қолиши лозим бўлган нарсаларини тафтиш қилади. Аллоҳ кимнинг яширин қолиши лозим бўлган нарсларини тафтиш қилса, уни, агар уйининг ичида бўлса ҳам шарманда қилади».
9. Бировни ўзининг рухсатисиз суратга олманг, овозини ёзманг. Чунки бу жосусликдир, хиёнатдир. Агар ўша нарса бошқаларга ҳам тарқатилса, ундан-да улкан хиёнат, гуноҳи азим бўлиши муқаррар. Аллоҳ таоло «Жосуслик қилманг», деган (Ҳужурот сураси, 12-оят). Бу ишнинг машъум бир ҳаракат эканини ҳис қилиш учун ўзингизга бир назар солинг. Агар сиз расмга тушмоқчи бўлсангиз, нима қиласиз? Ўзингизни, усти-бошингизни тўғрилаб, имкониятингиз борича энг гўзал шаклга келиб, шундан сўнггина сураткашга сизни суратга олишига изн берасиз. Ҳолбуки, сиз ўзингиз учун, шунчаки бир эсдалик маъносида ёки қоғозларнинг орасида қолиб кетадиган бирор васиқа учун тушаётган бўласиз, шундай эмасми? Ўша суратни ўзингиздан бошқа биров кўрмаслиги ҳам мумкин. Энди ўзгалар ҳам сизга ўхшаган инсон эканини унутманг. Уларнинг ҳам ўзларига яраша хоҳишлари, истаклари ва талаблари бор. Уларга парво қилмаслик инсонга нисбатан тажовуздир. Ўзига раво кўрмаганни ўзгага раво кўриш мўмин кишига хос хусусият эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», деганлар.
10. Бир кишидан ўзининг изни билан сурати ёки овозини ёзиб олсангиз, мазкур маълумотни унинг рухсатисиз тарқатманг. Агар унинг бунга розилиги маълум бўлса, жоиз. Аллоҳ таоло: «Омонатларингизга хиёнат қилманглар», деган (Анфол сураси, 27-оят).
11. Агар бирор кишининг жиҳозида ношаръий нарсани кўриб қолсангиз, уни дарҳол ўчириб, йўқотиб юборинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса, тили билан, агар қодир бўлмаса, қалби билан. Бу иймоннинг энг заифидир. Ундан кейин ачитқининг уруғича ҳам иймон қолмайди».
12. Ношаръий, беҳаё нарсаларни тарқатишдан эҳтиёт бўлинг. Ўзгаларнинг ҳам бу разил ишни қилишига йўл қўйманг! Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар» (Нур сураси, 19-оят).
Шу билан бирга, сиздан кейин яна неча кишига тарқалса, ҳаммасининг гуноҳи миқдорича гуноҳ сизга ҳам ёзилиб боради. Аллоҳ сақласин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким бир залолатга чақирса, унга ўшанга эргашганларнинг гуноҳича гуноҳ бордир. Бу уларнинг гуноҳларидан бирор нарсани камайтирмайди».
13. Агар бирор биродарингизнинг жиҳозида унинг ўзига хос сирларидан ўзингиз истамаган ҳолда хабардор бўлиб қолсангиз ёки унда бирор ношаръий нарсани кўриб қолиб, ўчириб ташлаган бўлсангиз ҳам, буни ўзгага айта кўрманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг айбини яширади». Мовардий айтадилар: «Кишининг бировнинг сирини очиши ўзининг сирин очишидан хунукдир».
14. Фарзандингизга жиҳоз олиб беришга шошилманг. Унга ҳақиқатда ҳам зарур бўлсагина, унинг ушбу рисолада зикр қилинаётган шаръий одобларга қатъий риоя қилишига кўзингиз етсагина олиб беришингиз мумкин. Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган дўзахдан сақланг» деган (Таҳрим сураси, 6-оят).
Ушбу оятнинг тафсирида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Яъни уларга таълим-тарбия беринг ва одобларини гўзал қилинг», деганлар.
15. Жиҳозингизни бировларнинг уйларидаги ёки мактаб каби умумий маконлардаги электр қувватидан фойдаланган ҳолда «озиқлантирманг». Агар уйнинг эгаси, умумий жойларда эса ўша масканларнинг масъуллари ижозат берган бўлса, жоиз.
Аллоҳ таоло: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг», дейди (Бақара сураси, 188-оят).
16. Жиҳозингизга «олтин рақамлар» сотиб олишга ортиқча пулни исроф қилманг. Ундан кўра ўша пулни дунё ва охиратингиз учун фойдалироқ нарсага сарфланг. Шунингдек, бунда ҳам машҳурлик, мақтанчоқликка бориб қолишдан сақланинг. Аммо баъзи ташкилотларда ёки айрим кишилар учун уларнинг ишлатишларига ўшандоқ сараланган рақамлар сотиб олишлари зарур бўлса, бунга эҳтиёж сезилса, жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банда қиёмат куни тўрт нарса ҳақида: умри ҳақида – уни нимага сарф қилгани, илми ҳақида – нимага амал қилгани, мол-дунёси ҳақида – уни қай йўл билан топиб, нимага сарфлагани, жисми ҳақида – уни нима учун фидо этгани ҳақида сўралмасидан туриб, оёғи ўрнидан жилмайди».
17. Айрим мутахассисларнинг айтишларича, уяли телефонларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири бор. Шу боис ундан фақат зарурат юзасидангина фойдаланиш мумкин. Мусулмон киши уни керагидан ортиқча ишлатиб, ўзининг соғлиғига путур етказиши жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло: «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг!» деган (Бақара сураси, 195-оят).
ЖАМОАТЧИЛИККА НИСБАТАН ОДОБЛАР
1. Масжидларга, дарслар, илмий мажлис ва суҳбатларга, умуман, ҳар қандай ҳурматли кишиларнинг олдига кирганда жиҳозни овозсиз қилиб олиш ёки бутунлай ўчириб қўйишни унутманг. Чунки қўнғироқ овози масжидларда намозхонларнинг ибодатига путур етишига, намознинг асоси бўлган хушуъ-хузуъ барбод бўлишига сабаб бўлади, мажлисларда сўзловчига ҳам, тингловчига ҳам халақит беради, уларни илмдан чалғитади. Натижада илмдан манфаат олиш йўқолади ёки камаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни масжидга чиқдилар. Саҳобаи киромлардан баъзилари баланд овоз билан қироат қилаётган эдилар. Шунда уларни бундан қайтариб: «Бир-бирингизга озор берманг», дедилар. Қуръон қироати устида шу гап айтилганидан кейин, бошқасини ўзингиз тушуниб олаверинг. Агар бир обрўли, мансабдор шахснинг олдига кирсангиз, эҳтиёткорликка қай даражада риоя қилишингиз ўзингизга маълум. Энди оламлар Роббининг ҳузурига ёки У Зотнинг зикри бўладиган жойларга киришда қай ҳолатда бўлиш лозимлиги ўзингизнинг иймон-эътқодингизга ҳавола. Имом Ҳусайннинг ўғиллари – Зайнулобидийн Али ибн Ҳусайн раҳимаҳуллоҳ қачон намозга чиқмоқчи бўлсалар, ранглари сарғайиб, ўзгариб кетар, намозга турганларида қаттиқ титроқ ва изтиробга тушиб қолар эдилар. У кишидан нега бундай бўлиши ҳақида сўралганида, у зот «Кимнинг ҳузурида турмоқчи эканимни биласизларми?!» деган эдилар.
2. Масжидларда, дарсларда, илмий мажлисларда, балки ҳар қандай суҳбатдош олдида жиҳозни ўйнаб ёки қўлда айлантириб ўтиришдан сақланинг. Чунки бу беписандлик, беодоблик аломатидир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Менинг учун энг ардоқли шахс суҳбатдошимдир. Унинг юзига пашша қўнса ҳам, менга озор беради», деганлар.
3. Масжидларда юқоридаги одобга танбеҳ сифатида деворий эълонлар ҳам учраб туради. Аммо шунда ҳам баъзи бир кишилар унутиб, жиҳозга бепарво бўладилар. Ана шундай ҳолларда агар жамоатдаги кишининг жиҳози сизни безовта қилиб юборса, дарҳол унга қаттиқ тегманг, ғазаб қилманг. Чунки инсон унутишдан холи эмас. Хусусан, ёшлари катта кишилар бу маънода узрли ҳисобланадилар. Шундай ҳолатларда сиздан бу одамга нисбатан мулойимлик билан муомала қилиш талаб қилинади. Бундай ҳолатларда сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишингиз кифоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган пайтларида бир бадавий киши кириб, масжид ичида бавл қилишни бошлади. Саҳобалар дарҳол уни тутиб, олиб чиқиб ташламоқчи бўлдилар. Аммо ҳалимларнинг устози Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўйинглар, ҳожатини чиқариб олсин», дедилар. У ўз ҳожатидан фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бу жой мусулмонларнинг ибодат маскани, муқаддас макон эканини уқтириб, бу ишни такрорламасликни таъкидлаб, яхши муомала билан чиқариб юбордилар. Натижада ҳалиги бадавий масжид аҳли сафидан жой олди.
4. Жиҳозингизга қўнғироқ учун чалинганда атрофингиздаги солиҳ кишиларга малоллик келтирадиган овозларни ўрнатманг. Бу уларнинг қалбларига озор бериши мумкин. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бир мусиқа товушини эшитдилар. Дарҳол қулоқларини беркитиб олдилар. Бир оз туриб, ёнларидаги ҳамроҳлари Нофеъ раҳимаҳуллоҳга: «Овоз тиндими?» дедилар. У буни тасдиқлагач, қўлларини қулоқларидан олдилар ва: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргалигимда худди шундай қилганларини кўрганман», дедилар. Шу билан бирга, инсонларнинг жиҳозларидаги қўнғироқ товушлари ҳам уларнинг ақлли кишиларнинг наздидаги табиатлари ва ахлоқларини баҳолайди.
5. Суҳбат ва мажлисларда имкон қадар жиҳозга мурожаат этманг. Бировга қўнғироқ ҳам қилманг, қўнғироқларни қабул ҳам қилманг. Агар зарурат бўлган тақдирда ҳам, суҳбатдагилардан узр сўраган ҳолда, имкон бўлса, ташқарига чиқиб гаплашинг. Ташқарига чиқиш учун ҳам ёнингиздаги мажлисдошларингиздан рухсат сўранг. Аммо аралаш суҳбат ўринларида, бемалол жойларда бўлса, бу бошқа гап.
6. Қуръони Карим қироат қилинаётган пайтда тиловатни тинглашдан ўзга нарса жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Қуръон тиловат қилинганда, уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз» (Аъроф сураси, 204-оят).
7. Суҳбатлашишда овозингизни керагидан ортиқ кўтарманг. Хусусан, кишилар орасида бўлганда бу одобга қаттиқ риоя қилиш лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир» (Луқмон сураси, 19-оят).
Ҳадиси шарифда келишича, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Тавротда: «Бозорларда бақир-чақир қилгувчи эмас...» дея таърифлаган.
8. Жиҳознинг ташқи товуш мосламасини (яъни динамикни) заруратсиз ишга солманг. Чунки бу нарса ўзгаларга халақит беради, озор етказади. Қолаверса, уларга керак бўлмаган маълумотларни тақдим қилиб, вақт ва имкониятларининг беҳудага сарф қилинишига сабаб бўласиз. Балки, ўзгалар эшитиши маъқул бўлмаган нарсаларни уларга эшиттириб қўйишингиз, бу эса охир оқибат, ўзингизнинг ёки суҳбатдошингизнинг хижолатга, кўнгилсиз ҳолга тушишига, ораларингизда фитна пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу кўп марта тажрибадан ўтган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Қулоқ, кўз ва дил – ана ўшаларнинг барчаси сўралажак нарсалардир» (Исро сураси, 36-оят).
9. Жиҳоз орқали кечадиган суҳбатни имкон қадар тезроқ тамомлашга ҳаракат қилинг. Акс ҳолда мажлисдошингизга озор бериб қўясиз. Аллоҳ таоло бизлар яхшилик қилишимиз лозим бўлган кишиларни санар экан, «ёндаги соҳибга (яхшилик қилинг)», дея амр этган. «Ёндаги соҳиб» деганда ҳамсафар, ҳамроҳ, ҳамкасб, мажлисдош, суҳбатдош ва ҳоказолар тушунилади.
10. Агар жиҳоз орқали суҳбатлашаётганингизда олдингизга ҳурматли, сиз учун уни эъзоз қилиш лозим бўлган шахс келиб қолса, имкон бўлса, суҳбатдошингизга узр айтиб, суҳбатнинг давомини кейинга қўйиб, ҳалиги инсонга юзланишингиз зарур. Имом Бағавий: «Одамларнинг ҳурматлисини икром қилиш, инсонларни ўзлари муносиб бўлган ўринга қўйиш суннатдандир», деганлар. Яъни одамларга уларнинг қадрларига яраша муносабатда бўлиш лозимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир ҳақ соҳибига ўз ҳаққини адо эт», деганлар. Ҳақ моддий ёки маънавий бўлиши мумкин. Бу тавсия кўпроқ аёлларга тегишлидир. Ҳар доим, жумладан, суҳбат асносида ҳам хонадон раҳбари, хусусан жуфти ҳалоллари уйга кириб келса, унга пешвоз чиқиш, унинг ҳурматини жойига қўйиш эрга нисбатан одоб, унинг ҳақларидан ҳисобланади. Улуғ тобеъий Саъийд ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳнинг қизлари: «Биз эрларимизга нисбатан худди сизлар подшоҳларингизга нисбатан қиладиган муносабатда бўлар эдик», дер эди.
СУҲБАТДОШГА НИСБАТАН ОДОБЛАР
1. Бировга қўнғироқ қилишдан, хат ёзишдан олдин рақамни аниқлаб олиш лозим. Шунингдек, синаш учун айрим рақамларга териб, ўйнаш жоиз эмас.
2. Суҳбатдошингизга қўнғироқ қилишдан олдин ушбу дақиқа унинг истироҳат ёки банд пайти эмаслигини аниқлаб олинг. Хусусан, масжидлардаги намоз вақтида мусулмон кишига қўнғироқ қилиш жоиз эмас. Айниқса аҳли илмлар, ҳурматли кишилар, катта ёшдаги одамларга нисбатан бу маънода эҳтиёткор бўлиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким катталаримизни иззат-ҳурмат қилмаса, кичикларимизга раҳм қилмаса, уламоларимизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас», деганлар.
3. Агар бир марта қўнғироқ қилганингизда жавоб берилмаса, орадан бир оз муддат ўтказмасдан туриб қўнғироқни қайтарманг. Бу худди бировнинг дарвозасини қоқиб чақириш ҳукмига киради. Уламоларимиз: «Мусулмон киши бировни уйидан чақирганда ўша одам эшитадиган тарзда бир марта чақирсин, жавоб қилмаса, бир оз кутиб, кейин қайта чақирсин. Чунки уй эгаси таҳорат қилаётган ёки намоз ўқиётган ёки бошқа бир зарурий ҳолатда бўлиши мумкин», дейдилар. Унга кетма-кет қўнғироқ қилавериш дарвозасини тўхтамай тарақлатиш билан баробардир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари тирноқ билан қоқилар эди».
4. Агар орадан озгина-озгинадан вақт ўтказиб уч марта қўнғироқ қилганингизда ҳам жавоб бўлмаса, энди қўнғироқ қилишни тўхтатинг. Акс ҳолда биродарингизни безовта қилган, унга азият берган бўласиз. Сиз-ку, уйингизда ўтириб, бир тугмани босиш билан ўртоғингизни чақиряпсиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарининг олдига қадам босиб, йўл юриб бориб, эшиги олдида туриб чақирган кишига ҳам: «Агар бирортангиз уч марта изн сўраса-ю, изн берилмаса, ортига қайтсин», деганлар. «Ҳатто ўша кишининг уй соҳибидан аччиқланишга ҳаққи йўқ», дейдилар уламоларимиз.
5. Суҳбатдошингиз гўшакни кўтарса, биринчи бўлиб салом беринг. «Ҳа-а! Қалайсан?», «Эй фалончи!» дея бошламанг. Жобир розияллоҳу анҳу: «Салом каломдан олдиндир», деганлар. Салом Исломий салом, яъни энг камида «Ассаламу алайкум» бўлсин. Агар кўпроқ ажр олмоқчи бўлсангиз, «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ» денг, янада кўпроқ савоб олайин десангиз, «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ», дейишингиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, «Ассаламу алайкум», деб салом берди. У зот унга алик олдилар. У ўтиргач: «Ўнта», дедилар. Яна бир киши келиб, «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ», дея салом берди. Унга ҳам алик олдилар. Сўнг у ўтиргач: «Йигирмата», дедилар. Кейин яна бир киши келиб, «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ», деди. Унга ҳам алик қайтардилар. У ўтиргач, «Ўттизта», деб қўйдилар. Яъни биринчиси ўнта ҳасанага, савобга эга бўлган бўлса, кейингилар йигирмата, ўттизтага эга бўлганларига ишора қилдилар.
6. Агар сиз қўнғироқ қилаётган шахс сизни танимаса, аввало ўзингизни таништиринг. «Бу мен», «Танимаяпсизми?» деб гапни чўзманг, суҳбатдошингизни хижолатга қўйманг. Қолаверса, киши ўзини «Бу мен», дея таништириши одобдан эмас. Балки кўпинча кибрга далолат қилади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан киришга изн сўрадим. У зот: «Ким бу?», дедилар. Мен эса: «Мен», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ёқтирмагандек: «Ме-е-ен, ме-е-ен», дедилар».
7. Сизга қўнғироқ келганда гўшакни кўтарар экансиз, «Ҳа-а!», «Ким бу?» деган сўзлар билан эмас, балки «Лаббай» ёки шу каби гўзал иборалар билан жавоб беринг. Иложи бўлса, бу жавоб саломдан иборат бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси мусулмончилик яхши?» деб сўралганида у зот: «Таом беришинг ва таниган-танимаганингга салом беришинг», дея жавоб берганлар.
8. Агар суҳбатдошингиз салом бермаса, сиз унга салом беринг. У бу ишни бир неча бор такрорласа ҳам, сиз суннатни татбиқ қилишдан тўхтаманг, бу билан унга ҳам суннатни ўргатишга ҳаракат қилган бўласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз, ўзаро муҳаббатлашмагунингизча мўмин бўлмассиз. Сизларга агар қилсангиз, ўзаро муҳаббатлашадиганингиз нарсани айтайми? Ораларингизда «салом»ни ёйинг».
9. Агар суҳбатдошингиз савобга шошиб, сиздан олдин салом берса, унга алик қайтаришни унутманг. Зеро, салом бериш суннат, жавоб қайтариш эса вожибдир. Аликни ҳеч бўлмаганда саломга яраша қайтариш вожиб. Агар зиёда қилиб қайтарсангиз, янада афзал. Масалан, «Ассаламу алайкум», деган кишига «Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳ», деб қайтариш мумкин. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир» (Нисо сураси, 86-оят).
10. Суҳбатда овозни жиҳознинг овоз қабул қилиш мосламасига етадиган даражада ишлатиш кифоя. Негаки, аслида бу воситалар бақириб ҳам овозни етказиб бўлмайдиган масофадаги кишига паст овоз билан сўзни етказиш мақсадида ўйлаб топилгандир. Агар суҳбатдошингиз тушунишга қийналсагина, овозни ўшанга яраша кўтаришингиз мумкин. Шайх Ҳарроний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким бировга овозини кўтарса, ҳар қандай ақлли киши унинг ўша шахсга эҳтироми йўқ эканини билади». Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир» (Луқмон сураси, 19-оят). Ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Агар овозни кўтариш яхшилик бўлганида, Аллоҳ буни эшакда яратмас эди».
11. Агар узунроқ гапни бошламоқчи бўлсангиз, суҳбатдошингиздан изн сўранг. Чунки унинг бунга шароити бўлмаслиги мумкин. Сўзингизни бўла олмай, машаққатга тушиб қолмасин.
12. Суҳбатдошингиз сўзлаётган пайтда уни тинглашга эътибор қилинг. Гапини бўлманг. Чунки бу одобдан эмас. Қолаверса, унинг фикрини тўла эшитмай туриб айтган гапларингиз нотўғри ёки кераксиз бўлиб чиқиши ёки унинг ўзи айтмоқчи бўлган баъзи гапларини айта олмай, мақсад ҳосил бўлмай қолиши мумкин. Ибн Муқаффаъ айтадилар: «Чиройли гапиришни ўрганганингдек, чиройли тинглашни ҳам ўрган. Сўзловчига ўз сўзини якунлагунича имкон бериш чиройли тинглаш жумласидандир». Ато ибн Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Киши менга бир ҳадис айтади. Мен уни худди аввал эшитмагандек, жим тинглайман. Ҳолбуки, мен ўша гапни у туғилишидан олдин эшитган бўламан». Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу: «Сўзлашдан кўра тинглашга ўч бўл», деганлар. Аллоҳ таоло тилни биттадан, қулоқни иккитадан яратгани ҳам бежиз эмас. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Бир бандаларимга хушхабар берки,... ...улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашарлар» (Зумар сураси, 17-18-оятлар).
13. Заруратдан ташқари сўз гапирманг. Бу одоб аёлларга кўпроқ тегишли. Аслида бошқа пайтларда ҳам кўп гапириш мўмин кишига хос хусусият эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг мусулмончилигининг гўзаллиги ўзи учун фойдали бўлмаган нарсани тарк қилишидир»,деганлар. Аммо телефон воситасидаги суҳбатларда бу нарса яна ҳам ашаддийроқ бўлади. Чунки бунда ҳам ўзининг вақтини, ҳам ўзганинг вақтини, ҳам ўзининг пулини, ҳам ўзганинг пулини исроф қилиш бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Алабатта, Аллоҳ сизларга қийлу-қол(деди-деди)ни, молни зое қилишни ва кўп сўрашни кариҳ кўрди», деганлар.
«Қийлу-қол» дегани «Фалончи ундоқ деди», «Пистончи бундоқ дебди» каби дунёю охиратга фойдасиз гап-сўзлардир. Муҳаммад ибн Ажлон раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Гап тўрт қисмдир: Аллоҳни зикр қилишинг, Қуръонни қироат қилишинг, илмдан сўралган нарсага жавоб беришинг, дунёинг учун керакли нарса ҳақида гапиришинг». Дунё ва охират учун фойдали бўлмаган ҳар қандай нарса бир фойдали нарсани йўқотиш ҳисобига амалга ошишини унутманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзинг учун манфаат берадиган нарсага ҳарис бўл», деганлар.
Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилган кишигина мустасно. Ким буни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта унга буюк ажр берурмиз» (Нисо сураси, 114-оят).
Мусулмон киши учун қуйидаги оятни ёдда тутиши кифоя: «Бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозир борлар» (Қоф сураси, 18-оят).
14. Номаҳрам шахс билан гаплашишдан имкон қадар эҳтиёт бўлинг. Мажбур бўлиб қолганингизда ҳам зарурат миқдорича сўзлашсангиз, жоиз. Эркак киши агар бир биродарини сўраб, қўнғироқ қилса-ю, гўшакни аёл киши кўтариб, сўраган кишисининг йўқлигини айтса, иложи бўлса, айтадиган гапни тезроқ айтиб, сўзни тамомлаши лозим. «Қаерда эдилар?», «Қачон келадилар?», «Нима деб кетдилар?», «Мени танидингизми?», «Мен фалониман» каби сўзлар билан суҳбатни чўзмаслиги вожибдир. Балки, гапини ҳам айтмасдан, кейинроқ, эркак кишининг ўзи уйда бўладиган пайтни мўлжаллаб қўнғироқ қилиши керак. Акс ҳолда ҳар иккисининг, хусусан, эркакнинг қалбига фитна кириши, шайтонга дарвоза очилиши турган гап. Аёл киши ҳам гўшакни олганида, қўнғироқ эркак киши томонидан бўлса, имкон қадар камроқ сўз айтишга уриниши лозим. Иложи борича овозидаги нафосатни изҳор қилмаслиги, синиқ, тўмтоқроқ тарзда гапириши вожибдир. Ўшанда ҳам фақат зарурат миқдорича сўз айтиши мумкин. «Сиз кимсиз?», «Нима гапингиз бор эди?» каби ортиқча саволлар билан суҳбатни чўзиши яхши эмас. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари – азвожи мутоҳҳарот оналаримизга, улар мўминларнинг оналари бўлганлари ҳолда шундай хитоб қилган: «Майин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган тама қилиб юрмасин. Ва маъруф гапни гапиринглар» (Аҳзоб сураси, 32-оят).
15. Сўзлашиш асносида асло бирор нарсани кавшаниб турманг. Бу, албатта, беодоблик, суҳбатдошга нисбатан беҳурматликдир. Қолаверса, бу иш суҳбатдошингизнинг кўнглига оғир ботиши, асабига тегиб, озор бериши аниқ.
16. Овозингизни сохталаштириб ёки ёлғон хатлар ёзиб, биродарингизни мазах қилманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни хўрламайди, уни камситмайди»,дедилар ва кўксларига ишора қилиб: «Тақво мана бу ерда! Тақво мана бу ерда! Тақво мана бу ерда!» деб уч марта айтдилар. Яна: «Кишига ёмонлик сифатида мусулмон биродарини камситиши кифоя қилади. Мусулмоннинг мусулмонга қони, моли ва иззат-обрўси ҳаромдир», дедилар. Хусусан, эракак кишининг ўз овозини аёлчалиш қилиб, аёл кишининг ўз овозини эркаксифат қилиб гапириши мутлақо жоиз эмас. Бунда юқоридаги гуноҳга қўшимча сифатида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатларига ҳам қолиш бор. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатган эркакларни, ўзини эркакларга ўхшатган аёлларни лаънатлаганлар. «Лаънатланган», дегани Аллоҳнинг раҳматидан қувилган, маҳрум этилган, деганидир.
17. Суҳбат якунига етганда суҳбатдошингиз билан яхши тилаклар айтиб хайрлашинг. Суҳбатни салом билан бошлагандек, салом билан тугатинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биринчи салом иккинчисидан (савобда аҳамияти) кам эмас», деганлар.
18. Чақирув овози (гудок) учун қандай товушларни ўрнатаётганингизга ҳам жиддий эътибор қилинг.
19. Бир киши сизга ўзига тегишли рақамни берса, сиз унинг мазкур рақамни ҳаммага ҳам бермаслигини сезсангиз, унинг изнисиз бу рақамни ўзгаларга берманг. Чунки бу ҳам омонатга хиёнатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши бировга бир гапни айтса-ю, ўнгу чапга аланглаб қараса, ўша омонатдир», деганлар.
20. Чиқимдан қочиб, биродарингизнинг телефонига рақамингизни бирров чиқариб қўйиб, унинг қайтаришини кутманг. Агар ўша биродарингиз ўзи шуни таклиф қилган бўлса, жоиз. Чунки инсоннинг ўз ҳожати учун ўзини аяб, ўзгани ҳаражга солиши бахилликнинг энг хунук кўринишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким иффатни (ҳаромдан, ўзгаларнинг нарсаларидан ўзини тийишни) истаса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ уни беҳожат қилади», деганлар.
21. Агар бир инсондан сизга қўнғироқ бўлган пайтда унга жавоб бера олмаган бўлсангиз, имкон топган заҳоти унга жавоб қайтариб қўйинг. Чунки у бирор ҳожат билан қўнғироқ қилган ёки бирор мушкулга тушган бўлиши мумкин. Акс ҳолда сизни чақириб, хитоб қилган кишига терс ўгирилиб олган билан баробар бўласиз. Инсонларнинг ҳожатларига, мушкулотларига бепарво қараш уларга нисбатан беписандликдир. Бу эса ўзини мусулмон деб билган шахс учун жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни таслим қилиб бермайди. Ким бир биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатида бўлади. Ким бир мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ ундан қиёмат ташвишларидан бирини аритади», деганлар.
22. Баъзан сизга бир нотаниш шахс қўнғироқ қилади ва у биринчи бўлиб сизга: «Сиз кимсиз?», «Бу кимнинг рақами?» дея савол бера бошлайди. Бу, албатта, қабиҳ беодобликдир. Шунда сиз «Мен фалончиман», «Рақам писмадончиники», деган жавобларни бериб, ўзингизни қийнаманг. Сиз бунга масъул эмассиз. Балки мурожаат қилувчининг ўзининг ким эканини сўрашга сиз ҳақлисиз. Сиз унга: «Сизга ким керак?» дейишингиз, агар у бошқа одамни қидираётган бўлса, унга «Сиз адашдингиз» деган жавобни айтиш билан кифояланишингиз мумкин. Уламолар: «Ҳар бир сўралган нарсага жавоб бераверадиган киши мажнундир», дейдилар.
23. Сизга келган ҳар қандай хатни бошқаларга тарқатиш керак, дейилса, тарқатаверманг. Баъзан исломий иборалар аралашган мактуб келади. Унда: «Бу хатни шу кечанинг ўзида фалонча кишига тарқатишингиз керак. Шунда ундай бўлади, бундай бўлади. Агар қилмасангиз, бундай бўлади, ундай бўлади», деб ёзилган бўлади. Аллоҳнинг ҳузуридаги фалонча савобни сизга ўзларича ваъда қилишади. Аслида бу нарсаларнинг бари ёлғон бўлади. Бу сиз аъзо бўлган уяли алоқа ташкилотидан бошқага фойда келтирмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади», деганлар. Хусусан, Ислом номидан келган хабарнинг рост, тўғри эканини аниқламай туриб, уни ўзгага юборманг.
24. Кишиларга хат ёзишда ҳам одоб-ахлоқ, шариат чегараларига риоя қилинг. Уят, беҳуда, ношаръий гапларни ёзиб, гуноҳ орттирманг. Зеро, оғзаки нутқ билан ёзма нутқнинг ҳукми баробардир. Номаҳрам шахсларга заруратсиз хат ёзишнинг ҳукми ҳам шундай. Бу ҳозир кўпчилик мубтало бўлган офатдир. Аммо мусулмон киши кўпчиликка эмас, ҳаққа қараб иш кўради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Жамоат ҳаққа мувофиқ келган нарсадир, гарчи бир ўзинг бўлсанг ҳам», деганлар.
МАВЗУГА ДОИР САВОЛЛАР
1. Баъзи масжидларда телефон алоқаларини узиб қўювчи мосламалар ўрнатилган. Бу жоизми? Баъзилар, унинг зарари бор, дейишади.
Жавоб: Агар зарари жиддий бўлса, жоиз эмас. Аммо шариатда илмий ва тажриба йўли билан асосланмаган ҳолда айтилган тахминий гаплар билан иш кўриш мумкин эмас. Шу боис уламолар буни жоиз, деганлар.
2. Масжидларда жиҳозларни ўчириш ҳақида танбеҳ ёзиб, илиб қўйилади. Бу жоизми?
Жавоб: Албатта, жоиз. Чунки бу билан намозхонларнинг ибодатларида хушуъ-хузуънинг бузилмаслигига ҳаракат қилинади. Зеро, инсон унутишдан холи эмас. Ўзгаларни яхшиликка, одобга чорлаш ҳам ибодатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ўшани қилган кишининг ажридек савоб бор», деганлар.
3. Киши намоздалик чоғида жиҳоз қўнғироғи чалиниб қолса, уни ўчириши жоизми?
Жавоб: Аслида, юқоридаги одобларда таъкидланганидек, мусулмон киши Аллоҳнинг ҳузурида роз айтиш мақомида туриш учун шайланганида ўша мақомга лойиқ ҳолатга келиб олиши керак. Аммо инсонгарчилик, ожизлик юзасидан унутиб қўйган бўлса, кейин намозда эканида қўнғироқ чалиниб қолса, ибодатига давомий халал бермаслиги, атрофидаги намозхонларнинг ҳам хушуъларини бузмаслиги учун энг оз ҳаракат билан уни ўчириб қўйса, жоиз. Зеро, намозда шаръий узр бўлган ўринларда намоз амалларидан бошқа ҳаракатларни қилиш мумкин. Намозга халал берадиган нарсани бартараф этиш ҳам шулар жумласига киради.
4. Жиҳознинг аккумуляторини озиқлантиришда масжидларнинг электр қувватидан фойдаланиш мумкинми?
Жавоб: Масжид ва бошқа вақф қилинган жойларда вақф нима учун аталган бўлса, фақат ўша нарса учун ишлатилиши вожиб. Агар вақфда бирор шарт қўйилмаган бўлса, ўша ердаги одатга биноан тасарруф қилинади. Бинобарин, бундай жойларнинг нарсаларидан фойдаланишда эҳтиёт бўлиш даркор.
5. Масжидда эътикоф ўтирган киши учун уяли алоқа воситасидан фойдаланиш жоизми?
Жавоб: Аслида эътикофдан мақсад Аллоҳдан ўзгадан бир муддатга узилиш, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Шу боис амал мақсадга мувофиқ бўлиши даркор. Аммо зарур бўлса, бошқа кишиларга халақит бермаган ҳолда, зарурат миқдорича ишлатиш жоиз бўлади.
6. Баъзан киши ҳожатхонада эканида қўнғироқ келиб қолади. Шунда гаплашиш мумкинми?
Жавоб: Йўқ, албатта. Ҳожат асносида гапириш макруҳдир.
7. Жаноза ва баъзи ҳодисаларни эшитган киши ўзгаларга бу хабарни уяли алоқа воситасида мактуб юбориш орқали етказса бўладими? Мактуб орқали таъзия билдирса-чи?
Жавоб: Албатта бўлади. Бу савобли амал.
8. Мусулмон киши жиҳоз савдоси билан шуғулланиши жоизми? Ҳолбуки, кимлардир уни олиб, ҳалол бўлмаган тарзда ишлатиши мумкин-ку?
Жавоб: Бу савдо ҳам бошқа савдолар қатори, ҳалолдир. Нарсани сотиб олган кишининг иши сотганнинг савдосини ҳаром қилмайди. Бу худди узумфурушдан узумни олиб, кимдир уни сирка, кимдир бошқа ичимлик қилганига ўхшайди.
9. Мен бир уяли алоқа ташкилотидан ўзимнинг номимга бир сим карта олдим, дейлик. Аммо аслида уни бошқаси учун олганман ва уни ўша одам ишлатади ва пулини тўлаб юради. Бироқ ҳалиги шахс сим картани катта тушумга киргизиб қўйса, уни мен кўтараманми?
Жавоб: Албатта, сиз масъул бўласиз ва тўлайсиз. Бу ташкилотларнинг ҳақлари зое бўлмаслиги учундир. Чунки шартномада бу нарсани сиз зиммангизга олгансиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлар ўзаро шартлари асосидадирлар», деганлар. Аммо ҳалиги шахсдан маблағни ундириб олиш сизнинг ҳаққингиздир.
10. Кўпгина давлатларда, жумладан, бизнинг юртимизда ҳам автоулов ҳайдовчисига уяли алоқа воситасидан фойдаланиш тақиқланган. Унга амал қилиш керакми?
Жавоб: Албатта, имкон қадар амал қилиш керак. Рисоланинг аввалида Ислом шариатининг мақсадлари баён қилинган эди. Мазкур қоида ҳам ана ўша мақсадлардан баъзисига хизмат қилади. Яъни бу қонун инсоннинг жони ва молининг муҳофазаси учун жорий қилингандир. Британия мутахассисларининг маълумотларига кўра, ҳайдовчининг жиҳоздан фойдаланиши унинг бошқарув қувватини 50 фоизга камайтириб юборар экан. Бу ҳатто автоуловни маст ҳолатда бошқаргандан ҳам хатарли экан. Бинобарин, кўплаб автоҳалокатларга сабаб бўлмоқда экан. Қолаверса, шариатимизнинг умумий қоидаларидан бири шуки, Ислом ҳукмларига зид бўлмаган жамият қонунларига амал қилиш лозимдир. Чунки бунинг замирида жамиятнинг, умуммусулмонларнинг манфаати ётади.
11. Масалан, мен жиҳоз созлаш ишида ишлайман. Агар бирор жиҳознинг эгаси менга ўзининг жиҳозига шариатда рухсат этилмаган нарсани юклаб беришимни сўраса, мен унинг таклифини бажарсам, жоизми? Гуноҳи унинг ўзига бўладими?
Жавоб: Бу иш мутлақо жоиз бўлмайди. Гуноҳнинг амалга ошишига ҳисса қўшиш ўша ишни қилганнинг гуноҳини беради. Ҳатто ўшанга рози бўлиш ҳам. Аллоҳ таоло айтади:
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (Моида сураси, 2-оят).
Агар гуноҳдан қочиб, ўша таклифни рад қилсангиз, хотиржам бўлинг, Аллоҳ таоло ризқингизни бошқа тарафдан, ҳалол тарзда етказиб беришни ваъда қилади: «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
12. Ҳозирда айрим чет давлатларидан сотувга келаётган жиҳозларнинг ичида шариатга мувофиқ бўлмаган ҳар хил нарсалар, беҳаё суратлар ҳам бўлади. Ўша жиҳозларни сотиб олиш жоизми?
Жавоб: Агар ўша нарсаси учун сотиб олинса, жоиз эмас. Аммо бошқа мақсадда олинса ва ҳалигиндай нарсаларни кўриб чиқмай, ўчириб ташлаб, кейин ишлатилса, жоиз. Бироқ бу нарса қаттиқ эҳтиёткорликни талаб қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Назар (номаҳрамга ташланган нигоҳ) шайтоннинг ўқларидан биридир», деганлар.
13. Агар бир киши аёлига уяли алоқа воситасида хат (sms) орқали талоқ берса, талоқ тушадими?
Жавоб: Ҳа, талоқ тушади. Бундай нохуш ҳоллардан барчамизни Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Чунки хат ҳам овоз каби сўз ва мақсадни ифода этишнинг бир воситасидир. Бироқ масаланинг тафсили бор. Агар хат аёлга: «Эй Фалончи, сен талоқ қилиндинг», «Эй Фалончи, сен талоқсан, сени қўйдим» каби очиқ иборалар билан ёзилган бўлса, талоқ муқаррар тушади. Талоқни ният қиладими, қилмайдими, хат етиб борадими, етиб бормайдими, барибир. Агар фақат «Талоқ», «Қўйдим», «Кет» каби мақсади ноаниқ лафзлар билан ёзилган бўлса-ю, талоқни ният қилган бўлса, тушади. Аммо «Талоқни ният қилмаган эдим», деса, гапи ўтади, «талоқ тушди», дейилмайди. У ёғи Аллоҳ билан ўзининг орасига ҳавола қилинади. Агар «Хатим етиб борса», деган шарт қўйилган бўлса, хат етиб борса, талоқ тушади, акс ҳолда тушмайди. Бу масаланинг муфассал баёни фиқҳ китобларимизда ёзилган. Қўшимча маълумот учун уларга мурожаат қилиниши мумкин.
14. Агар бир киши бировнинг номидан унинг аёлига талоқ хати ёзса, талоқ тушадими?
Жавоб: Йўқ, ҳеч қачон бировнинг номидан унинг топшириғисиз айтилган сўз инобатга олинмайди ва ўша ёлғончи шахс оғир гуноҳи кабира қилган бўлади. Шунинг учун аёллар ҳам бу масалада эҳтиёт бўлишлари, дарҳол ҳукм чиқармасдан, суриштириб, аниқлаб, кейин иш кўришлари талаб қилинади.
15. Рисолада айтилган одобларга, бунча кўп нарсага риоя қилиш қийин-ку? Буни қандай уддалаш мумкин? «Дин осонликдир», дейилмаганми ахир?
Жавоб: Ҳа, албатта, Ислом осонликдир. Ислом қулайликдир. Ислом енгилликдир. Аммо бу ҳар ким ўз хоҳишини бажарсин, дегани эмас. Ислом ҳар бир шахс ҳамда бутун башарият бахт-саодати учун келгандир. Шунинг учун ҳам у ҳар бир шахснинг, ҳам бутун башариятнинг манфаатларини кўзлаган, унинг ҳозири ва келажаги, дунёси ва охирати учун саодатни кафолатлаган ҳолда ҳукм чиқаради. Исломнинг баъзи ҳукмлари кимгадир бир қараганда оғир туюлиши мумкин. Аммо унинг манфаатини, унинг осонлигини эртани кўрган киши тушунади. Европа халқларининг ҳозирга келиб Исломга юз тутаётганлари ана шунинг учундир. Масалан, кимгадир маст қилувчи ичимликнинг Исломда ҳаром қилингани оғир туюлиши мумкин. Аммо у бу ичимлик натижасида соғлиғини йўқотган пайтда, ундан ногирон болалар туғилган чоғда, аёлини талоқ қилган, балки талоқдан кейин ҳам оилавий муносабат қилиб қўйиб, беникоҳ фарзанд кўрган пайтда, кўча-кўйда ташландиқ ҳолда қолиб кетиб, одамларнинг орасида хору шарманда бўлганида Исломнинг нақадар осонлик эканини ҳис қилади. Номаҳрамдан назарни тийиш дастлаб қийин туюлиши мумкин. Аммо бунинг натижасида кишининг ўз жуфти ҳалолига муносабати ёмонлашган, натижада оилалар пароканда бўлган, болалар тирик етим бўлиб, тарбиясиз ҳаётда қолган, қариндош-қудалик душманликка айланган пайтда ёки аёлнинг иффати топталган, у бир мазасини тотиб кўриб, туфуриб ташланадиган сақич каби матоҳга айланган, валади зинолар дунёга келиб, жамият фасодга учраган, етимхоналар ота-онасиз гўдакларга тўлган пайтда, беш-ўн йиллик фожир ҳаёт ўтиб, аёлнинг чирой-чиммати кетиб, қариб-қартайган кампир бўлган, ҳайвондан ҳам хорроқ қаровсиз ҳолда қолган чоғда, ОИТС каби тузалмас касаллар жамиятни чиритган, солиҳ фарзандларсиз жамият камайиб, нураб борганида, аёлдан нафосат, латофат деган жозибадор фазилатлар кетган, эркакда эрлик қуввати ва ғурури сўниб битган чоғда, гулдек авайлаб ўстирган қизингизга биров тажовуз қилганида, ҳеч кимга ишонмаганингиз – жуфти ҳалолингизга ўзганинг кўзи, натижада кўнгли тушган пайтда Исломнинг «кўзингни номаҳрамдан тий», «эй аёл, ўзингни номаҳрам кўздан асра» деган фармони қанчалар улкан ҳақиқат эканини, нақадар енгиллик, нақадар олий ҳукм эканини, Ислом бутун башарият учун чексиз раҳмат эканини ҳис қиласиз. Энди ўша гуноҳларни қилган кишиларнинг охират азобида куяётганларини кўрганингизда Исломнинг қанчалар улуғ неъмат эканини қай даражада чуқур ҳис этишингизни ўзингиз тасаввур қилаверинг. Исломнинг барча ҳукмлари ҳам ана шундай. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда ҳикмат соҳибидир. У Зот айтади: «Инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз» (Қоф сураси, 16-оят).
ХОТИМА
«Китобда бирор нарсани ташлаб кетмадик», деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. «Дин насиҳатдир»,деган Расули Акрамга салоту саломлар бўлсин.
Мана, Аллоҳ таолонинг инояти билан уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш одоблари билан ҳам бир оз танишиб чиқдик. Бу кичик бир рисолада, албатта, барча одобларни қамраб олганмиз, деган даъводан йироқмиз. Аммо эслашга лойиқ нарса шуки, муқаддас динимиз Исломнинг бутун башарият учун раҳмат экани, дарҳақиқат, у сўнгги ҳақ дин экани, шак-шубҳасиз, у оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган таълимот экани, ҳамма замонлар ва маконларга лаёқатли, қиёматгача боқий қолишга муносиб ягона илоҳий дастур экани мана шу мўъжаз мақоламизнинг ўзидан ҳам яққол намоён бўлиб турибди.
Биз мусулмонлар бошқаларга ўхшаб ҳақни исташда, тўғри йўлни топишда довдираб юрмаймиз. Ёлғиз ақлимизга таяниб, билимимизга баҳо бериб, ҳар бир нарсани ўзимизча ҳал қилавермаймиз ҳам. Чунки бунда адашишимиз турган гап. Зеро, ҳар қандай етук ақл ўзи яшаган, униб-ўсган муҳитидан таъсирланиши ва ўша таъсирлар асосида шаклланиши муқаррар. Шунингдек, билим, тажриба, кўникмалар ва истак-хоҳишлар ҳам ҳар бир шахсда алоҳида – минг кишида минг хил бўлади. Бундай ақл, тажриба ва кўникма, истакларнинг ўзи билан ҳақиқатни топиш мумкин эмас. Чунки унда кимгадир тўғри бўлган нарса бошқа биров учун нотўғри, яна кимгадир ортиқча туюлиши аниқ.
Чин мусулмонлар эса ҳар бир ишларида Робблари тарафидан келган динга, оламни ҳам, инсонни ҳам йўқдан бор қилган Зотнинг таълимотларига эргашадилар. Бу уларнинг ақлларини озодликдан маҳрум этмайди, балки чархлайди, тўғри ишлашга ўргатади. Бунинг мисолини мана шу кичик бир рисолада кўриб ўтдик.
Барчаларимизга Аллоҳ таолонинг Ўзи тавфиқ берсин. Бу камтарона амални Ўзи қабул этсин. Уни ҳаммаларимиз учун дунёда баракали, охиратда манфаатли қилсин. Омин!
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
20/05/1432. – 21/04/2011.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077